Тарвуз етиштириш агротехникаси

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар – Ўринбой, Манзур, Чиллаки F1, Крисби F1, Кримстар F1 ва ўрта-эртапишар – Сурхон тонги, Дилноз, Шарқ неъмати, кечпишар – Ҳайит қора, Қўзибой.

Уруғ танлаш. Экиладиган тарвуз уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Полизчиликда ерни экишга тайѐрлаш кейинги барча технологик чора-тадбирларни яхши наф беришини таъминловчи муҳим омилдир. Кузда ер 35-40 см чуқурликкача шудгор қилинади. Ерни шудгорлашдан олдидан минерал ва органик ўғитлар берилади. Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун ерга узун тишли хаскаш ѐрдамида ишлов берилади. Тарвуз эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта шудгорлашнинг ҳожати йўқ. Экинлар кечки муддатларда экилганда ерни қайта шудгорлаш зарур. Бунда тупроқни ағдармасдан туриб, 22 см чуқурликда юмшатиб чиқилади.

Экиш муддати ва схемаси. Полиз экинлари уруғининг униб чиқиши экиш муддатини тўғри белгилашга боғлиқ. Республикамизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларида қовун ва тарвузнинг эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача; жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10–20 апрелда, кечкилари эса 10–20 июнда экилади. Шимолий минтақаларда эртаги қовун ва тарвузни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20–30 майда экиш лозим.

Тарвуз кўчатларини ер ҳарорати 14-15 °С га етганда экишга киришилади. Қатор оралари 210-280 см бўлган кенг эгат олинади. Бундай эгатлар полиз экинлари палакларини яхши таралишига имкон беради. Уруғлар 3-6 см чуқурликка экилади. Майда уруғли тарвузларни экиш учун 1 сотихга 45–50 г, йирик уруғли тарвузларни экиш учун 55-60 г уруғ сарфланади.

Қатор оралари 210–280 см ли кенг эгат олинади. Бундай эгатлар полиз экинлари қатор ораларини ишлаш вақтида тўрт ғилдиракли тракторларни ишлатишга имкон беради. Экиш шакли тарвуз учун (270 + 90) : 2 х 70 см. Уруғлар 3-6 см чуқурликка экилади. Майда уруғлиларни экиш учун гектарига 4 кг, йирик уруғли тарвузларни экиш учун 5–6 кг уруғ сарфланади.

Парваришлаш. Агар уруғ нам тупроққа экилса ниҳоллар униб чиққунча суғориш талаб этилмайди. Тарвуз экинини асосий парваришлаш ишлари ўсимликларни ягоналаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади. Яганалаш икки босқичда – биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда, иккинчиси чопиқ вақтида ўтказилади.

Ниҳоллар ялпи униб чиққандан кейин қатор ораларини юмшатишга киришилади. Ниҳоллар униб чиққандан 20-25 кун ўтказиб, яъни уларда 2-3 та чинбарг пайдо бўлганидан кейин экин биринчи марта чопиқ қилинади, дастлабки сув берилади, озиқлантирилади. Иккинчи чопиқ биринчисидан 25-30 кундан кейин ўтказилади. Вегетация мобайнида қатор оралари 4-5 марта чопиқ қилинади.

Ўғитлаш. Тарвуз учун 1 сотих ерга соф ҳолда 0,750 г азотли, 0,750 г фосфорли ва 0,500 г калийли, органик ўғитлардан 300-400 кг солинади. Бўз тупроқли ерларда ўсув даврида экинни ҳар гал 1 сотихга 4-5 м3 меъѐрда 8-9 марта суғориш кифоя. Сизот суви юза жойлашган далаларда ўсимликлар бўз тупроқли ерларга қараганда камроқ (4-5 марта) суғорилади.

Суғориш. Тарвуз илдизлари жуда кучли ўсиб тупроқнинг 3, ҳатто 5 метр чуқурликдаги қатламигача таралади, диаметри эса 8–10 метрга боради. Шунинг учун ҳам тарвуз қурғоқчиликка ўта чидамлилиги билан бошқалардан ажралиб туради. Чунки уларда илдиз тукчаларнинг сўриш кучи юқори бўлиб, тупроқ унча нам бўлмаса ҳам мавжуд намдан фойдаланиш қобилиятига эга. Шу сабабли тарвуз сув буғлантирадиган барг шапалоғининг катталигига қарамай Марказий Осиѐнинг лалми ерларида бемалол ўсиб, яхши ҳосил бераверади. Қурғоқчиликка чидамлилиги жиҳатдан тарвуз биринчи ўринда туради.

Тарвуз қурғоқчиликка жуда чидамли бўлишига қарамай юртимиз шароитида суғориб парваришлаш керак. Бироқ ҳаддан ташқари сернам тупроқ тарвуз экинига салбий таъсир этади. Сернам тупроқда мевадаги қанд моддаси камаяди, пўсти қалинлашади, ҳар хил замбуруғ касалликларига, жумладан фузариоз-сўлиш касалига чалинади.

Бўз тупроқли ерларда ўсув даврида ҳар гал гектарига 400-500 м3 ҳисобидан 8-9 марта суғорилади. Сизот суви юза жойлашган далаларда эса бўз тупроқли ерларга қараганда камроқ, 4-5 марта суғорилади. Ўсув даврида тарвуз палагини сув билан бир текис таъминлаш ҳосилни ошириш гаровидир.

Майсалар кўрингандан кейин биринчи чопиққа қадар экинлар 1-2 марта суғорилади. Биринчи чопиқ тугаллангандан кейин экин 20-25 кунгача сувдан қантарилади. Бу даврда ўсимлик илдизини чуқурроқ таралишига зўр беради, чопиқда илдизи кесилган бегона ўтлар тезроқ қурийди ва ниҳоят палакнинг найчалаши-мева тугиши тезлашади. Навбатдаги сув иккинчи чопиқ олдидан берилади.

Шундан кейин тарвуз экини ҳосил тўплашга киришади ва уларнинг сувга талаби ошади. Бинобарин, бу даврда ҳар 10-12 кунда суғориб туриш керак. Тарвуз пиша бошлаши билан сув камроқ берилади. Ҳосил етилганда суғориш тўхтатилади, акс ҳолда қанд моддаси камайиб узоқ сақлашга ярамай қолади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Уруғни экишга тайѐрлаш олдидан бир сутка давомида сувда ивитилади. Экинга касалликлардан илдиз чириш, фузариоз сўлиш, ун-шудринг, зараркунандалардан полиз бити (шираси), ўргимчаккана, оққанот, қовун пашшаси катта зарар етказади.

Зараркунандаларга қарши 10 сотих майдонга Моспилан 20% н. кук. (25-30 г) ва касалликларга қарши Фолиар БТ 22,5% эм.к. (150 мл), Курзат Р н. кук. (200-250 г) ѐки 1% ли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 60-70 литр сувга тайѐрланган аралашма пуркалади. Бу кимѐвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш зарур.

Ҳосилни йиғиштириш. Пишиб етилган тарвузларни танлаб-танлаб олиш йўли билан 3-5 марта йиғиб олинади. Кечки муддатда экилган навлар ҳосили эса 1 марта йиғиштириб олинади. Пишган тарвузлар полизда узоқ муддат турса нобуд бўлади.

Алмашлаб экишдаги ўрни. Тарвуз турли хил қумлик ерларда энг яхши ўсадиган полиз ҳиcобланади. Фузариоз ва бошқа патогенлар (касаллик қўзғатувчилар) ерда пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида ўсимликни айланишига (севооборот) риоя килиш керак ва тарвузни шу экилган ерга 7-8 йилда бир марта экиш керак.

Дўстларингизга ҳам улашинг!