Тарвузнинг фузариоз сўлиши ва унга қарши кураш чоралари

Тарвузнинг фузариоз сўлиши (фузариоз вилт). Тарвуз фузариоз сўлиши (фузариоз  вилт)  ни  Fusarium  oxysporum  f.sp.  niveum  гифомицет  замбуруғи қўзғатади. Уруғбарглари, майсалари, пояси ва илдиз бўғзи чириши ва сўлиши тарвузни   қайта   экишнинг   асосий   сабабидир.   Етилган   ўсимликларда касалликнинг  белгилари  қовун  фузариоз сўлишиники билан бир хил.

Фузариоз сўлиш экинларда мева ривожланиши ва пиша бошлаши пайтида кўплаб учрайди. Олдин ўсимликнинг пастки ярусдаги баргларида сарғиш, сўнгра қўнғир тус олувчи доғлар пайдо бўлади ва улар юқори ярус баргларига ўтади. Палаклардан бири ѐки бир нечтаси, сўнгра бутун ўсимлик сўлади.

Касалликнинг тез ривожланувчи шакли кузатилганда ўсимлик 12 кун ичида сўлиб қолади. Олдин тарвузнинг бир ѐки бир неча палаги, сўнгра бутун ўсимлик сўлиб қолади. Бунинг сабаби ўсимлик ўтказувчи томирлари мицелий билан тўлиб, тиқилиб қолиши ҳамда патоген чиқарган токсинлар ўсимликни заҳарлашидир. Зарарланган, аммо сўлимаган ўсимликлар заиф, нимжон, мевалари эса майда ва сифатсиз бўлиб қолади.

Мавсумдан мавсумга касаллик ўсимлик қолдиқлари ва камроқ даражада (30-35% гача) уруғлар билан ўтади. Замбуруғ ўсимликларга илдизлари орқали киради. У тупроқда кўп йил сақланиши мумкин.

Патоген ривожланиши учун муътадил ҳаво ҳарорати 25-28 0С, минимум 12 0С ва максимум 34 0С, қишда замбуруғ 15 0С совуқда ҳам нобуд бўлмайди. Экин ичида ва бошқа далаларга касаллик тупроқ заррачалари, тупроққа ишлов бериш асбоб-ускуналари ва суғориш сувидаги замбуруғ пропагулалари (мицелий парчалари, конидиялари ва ҳ.к.) орқали тарқалади.

Кураш чоралари. Касаллик мавжуд бўлган далаларга 4-5 йилгача тарвуз экмаслик; сўлишга чидамли навлар экиш; уруғликни фақат соғлом ўсимлик меваларидан олиш, экишдан олдин уни микроэлементлар (Fe, B, Zn, Mn, Cu)

эритмасида ивитиш, қуритиш ва самарали фунгицид (Витавакс 200ФФ) билан дорилаш; таркибида элементлар баланси мавжуд бўлган ўғитларни киритиш; ўсимлик қолдиқларини даладан чиқариб, ѐқиб юбориш тавсия қилинади.

Ўзбекистонда экинга суперфосфатнинг 5% ли эритмасини 3 марта (экин 4 — 10 барг чиқарганда, гуллаш-мева тугиш пайтида ҳамда мевалар пиша бошлаганда) пуркаш касалликка қарши яхши натижа берган.

Дўстларингизга ҳам улашинг!