Тер тўкканга томорқа кони фойда

Томорқага экин экиш ойлиги
 

Фарзандларга ҳалол меҳнат қилишу, тўкин яшашни ўргатиб, уларнинг бахту иқболидан, тинч-фаровон турмушидан суюниш ва буни ҳаётнинг энг ширин мазмун-моҳияти, деб билиш халқимизга хос юксак фазилат.

Сурхондарё вилоятида ҳам ана шундай эзгу ният билан томорқасида турли зироат етиштираётган, ўғил-қизларига деҳқончилик сир-синоатини ўргатаётган, пешона тери эвазига тўкин-сочин, осойишта ва обод турмуш кечираётган оилалар кўп. Уларнинг томорқачиликда янги, сердаромад усуллардан фойдаланиб, иссиқхона барпо этаётгани ва қишин-ёзин лимон, бодринг, помидор, турли сабзавот ва кўкатлар етиштираётганига, турфа гул кўчатлари парваришлаётганига ҳавасинг келади.

Лекин шундай оилалар ҳам борки, қишлоқда яшаса-да, ер шўрлаган, томорқа қумлоқ ёки сув тақчил деган баҳонаю важлар билан рўзғорига бодринг, помидорни ҳам, сабзи-пиёзу картошкани ҳам бозордан ташишга ўрганиб қолган. Шу боис ҳайҳотдай томорқага мевали дарахт ўрнига тол, терак, тут экиб қўйиш, турли озиқ-овқат экинлари ўрнига чорва учун бошоқли дон ёки беда етиштиришни афзал билади. Осонгина-да! Содда қилиб айтганда, айрим одамларнинг танбаллиги билан томорқадан оқилона фойдаланиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Бундай ҳолат, айниқса, Музработ, Қизириқ, Шеробод туманларида кўпроқ учраган бўлса, Термиз, Қумқўрғон, Олтинсой каби туманларнинг баъзи ҳудудларидаги томорқаларда озиқ-овқат экинлари парваришлаш эътибордан четда қолгани сир эмас.

Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни тубдан такомиллаштириб, аҳоли турмуш даражасини оширишни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

– Ҳадисини олганга томорқа кони фойда, – дейди Денов туманидаги Чоргул маҳалласида яшовчи И.Тошбоев. – Файз-барака манбаи. 10 сотихдан ортиқроқ томорқамиз бор. Ҳар йили помидор, сабзи, картошка сингари маҳсулотлар етиштириб, яхшигина ҳосил оламиз. Унинг бир қисмини оиламиз ва қўни-қўшнилар билан баҳам кўрамиз. Қолганини бозорда сотиб, кам-кўст учун сарфлаймиз. Бундан бир неча йил аввал ихчам иссиқхона барпо этиб, лимон парваришини йўлга қўйган эдик. Ўтган йили шиғиллаб мева тугди. Дастлабки йили лимондан ҳам 10 миллион сўмдан ортиқ даромад қилдик. Бу йил яна кенгайтирмоқчимиз. Томорқада меҳнат қилишда хислат кўп. Оила тўқ яшайди. Инсон соғлом бўлади. Фарзандлар болаликдан теварак-атрофини, хонадонини саранжом-саришта сақлашга одатланади.

Маълумотларга кўра, вилоятдаги 689 маҳаллада яшаётган 401 минг 883 оилага 47 минг 260 гектар ер томорқа сифатида ажратилган.

– Аҳолининг томорқадан фойдаланиш маданияти юксалмоқда, – дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Ш.Бойқулов. – Бироқ гуруч курмаксиз бўлмас деганларидек, айрим фуқаролар бу масалага жиддий эътибор қаратмагани ҳам ҳақиқат. Масалан, жорий йил бошида ишчи гуруҳ ташкил этиб, аҳолининг томорқадан фойдаланишини ўрганиб чиқдик. Бу жараёнда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонлари бўйича хатлов ўтказилиб, экинларнинг жойлаштирилиши ўрганилди. Шунга мувофиқ, томорқанинг 19 минг 297 гектарига эртачи сабзавот, 18 минг 382 гектарига кузги сабзавот, 7 минг 537 гектарига тўқсонбости усулида сабзавот экилиши аниқланди. Ўрганиш жараёнида деҳкон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кам фоизли имтиёзли кредит маблағи ажратилса, 112 минг 109 бош чорва моли, 146 минг 293 парранда парваришлаш истагини билдирди. 773 гектар ерда иссиқхоналар ташкил этишга қизиқиш борлиги маълум бўлди. Шунингдек, 5,16 гектар майдондаги 49 томорқадан фойдаланилмаётгани аниқланиб, зарур чоралар кўрилди.

Вилоятда ихчам иссиқхоналар ташкил этиб, йилига икки-уч марта ҳосил олиш учун қулай иқлим мавжуд. 25 минг хонадоннинг 253 гектар томорқа майдонида ихчам иссиқхоналар қуриш режалаштирилган. Ҳозиргача 5 минг 718 оиланинг 86 гектар майдонида қишин-ёзин зироат парваришлаш учун ихчам иншоотлар барпо этилди. Томорқа эгаларини ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлашга, зироатларни касаллик ва зараркундалардан ҳимоя қилишга ҳам алоҳида аҳамият берилаётгани одамларнинг томорқадан фойдаланиш маданиятини оширишда муҳим омил бўлаётир.

Бу йил Музработ туманида мавжуд 37 маҳалланинг 20 минг 811 хонадонида томорқа хўжалигини одамларнинг қўшимча даромад манбаига айлантириш белгилаб олинган. Шу асосда эрта баҳордан тўртта сектор бўйича бажаралиши лозим бўлган ишлар юзасидан амалий семинарлар ўтказилиб, ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди. Томорқага талаб этиладиган мевали дарахт ва гул кўчатлари, турли озиқ-овқат экинлари уруғи, техника воситалари, ёқилғи ва бошқа материалларни етказиб бериш бўйича масъуллар белгиланиб, аниқ тизим ишлаб чиқилди. Қисқа вақтда тумандаги 3 минг 396 гектар томорқа ерлари сифатли шудгорланиб, экин экишга тайёрланди. 3 минг 700 хонадонда 25 минг 900 парранда парвариши йўлга қўйилди. 370 томорқа эгасининг 5 гектарга яқин майдонида ихчам, мавсумий иссиқхоналар ташкил этилди.

– Илгари бир-икки бош қорамол парваришлаш учун томорқада чорва озуқаси етиштиришга кўникиб қолган эканмиз, – дейди Музработ тумани Буюк ипак йўли маҳалласида яшовчи Т.Шомардонқулов. – Бир бош сигир, ўндан ортиқ товуқ парваришлаяпмиз. 15 сотих еримиз бор. Мана, унинг бир қисмига ўтган йил кузда буғдой уруғи сепган эдик. Майса бир текис кўкка бўй чўзмоқда. Қолган майдонни сифатли шудгорлаб, пиёз, сабзи, помидор, хуллас, рўзғор учун зарур бошқа зироатлар экдик. Улар ҳам униб чиқди. Ҳадемай, ҳосил бериб қолади. Қаранг, оиламизни гўшт-сут билан таъминлаймиз, деб томорқадан тўғри фойдаланмаётган эканмиз. Эҳтиёжимиздан ортиқчасини бозорда сотсак, коммунал хизмат ва солиқ тўловлари учун маблағ масаласи ҳам ҳал бўлар экан. Ортиқчасини рўзғорнинг каму-кўстига ишлатамиз.

Ҳа, юртимизда ҳар бир оиланинг мўъжазгина ер майдонидан эркин, самарали фойдаланиб, табиий, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга интилиши кучайтирилаётгани томорқа хўжалигини маъмурчилик ва қўшимча даромад манбаига айлантиришга хизмат қилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!