Ток илдиз бўғзининг бактериал рак касаллиги

Agrobacterium tumefaciens бактерияси қўзғатадиган бу касаллик токда бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда барча вилоятларда кенг тарқалган ва (айниқса ёш ниҳолларга) катта зарар келтиради.
Касаллик белгилари. Токнинг асосан илдиз бўғзида (кўпинча пайванд қилинган жойларида) юмшоқ ёки қаттиқ (ёғочсимон) галлар (шишлар) пайдо бўлади. Улар олдин оқ, юмшоқ, силлиқ, гўштсимон бўлиб, сўнгра сарғиш, жигарранг, охири қора тус олади, қаттиқ ва усти ғадир-будур шакл олади. Шишлар олдин кичик, кенглиги бир неча мм бўлиб, кейин ўсади, бир-бири билан қўшилиб кетади, диаметри 30 см га етади, кузга яқин қуриб, пўк бўлиб қолади ва ерга тушиб кетиши мумкин. Ток бўғзидан касаллик поянинг пастки қисмига ва илдизга 1 м чуқурликкача тарқалади. Кичик шишларни нематодаларнинг галлари билан адаштириш мумкин. Токнинг шишлардан юқоридаги қисмлари нобуд бўлиши мумкин.
Касалликнинг зарари. Касалликнинг энг катта зарари кўчатзорлардаги ток
ниҳолларида кузатилади. Одатда асосан бу касаллик туфайли ёш ниҳолларнинг
анчаси яроқсизга чиқарилади. Кўчатзорларда зарарланган ниҳоллар яхши ўсмасдан, паст бўйли бўлиб қолади ва баъзилари нобуд бўлади.
Мевага кирган зарарланган ток яхши ривожланмайди, ҳосилининг миқдори ва сифати пасаяди, баъзилари қуриб қолади.

Қўзғатувчи бактерия ток тўқималарига ҳашаротлар, ун-шудринг, антракноз ҳосил қилган ва ҳар хил механик жароҳатлар орқали киради. Мевали дарахтлар илдиз бўғзининг рак касаллигига қарши тавсия қилинган барча агротехник кураш чораларини қўллаш; кузда барглар тўкилгач, 5%-ли мис сульфат ёки 5%-ли Бордо суюқлиги билан дорилаш лозим. Шишларни керосин суртиб йўқотиш мумкин, аммо улар кейинги йили яна ўша жойларда ўсиб чиқади.

Манба: Б. А. Ҳасанов, Р.О. Очилов, Р.А. Гулмуродов. Мевали ва ёнғоқ мевали
дарахтлар, цитрус, резавор мевали буталар ҳамда ток касалликлари ва
уларга қарши кураш. Тошкент, 2010