Ток канаси зарари ва кураш чоралари

Тарқалиши. Дунё бўйича кенг тарқалган зараркунанда. Ўзбекистон-нинг барча ҳудудларида учрайди. Таърифи. Ток канаси кўзга кўринмайдиган даражада майда мавжудот (0,14-0,16 мм). Уни фақат бинокуляр ёки 15-20 марта катталаштириб кўрсатадиган лупалар ёрдамида кўриш мумкин. Ток канасининг танаси чўзиқ, 2 жуфт оёққа эга, тана охирида узун қиллари бор. Токда кана борлигини баргларда ғуддалар мавжудлигидан билиш мумкин. Ғуддалар баргнинг устки томонида бўлади, ост томонида эса чуқурчалар мавжуд бўлиб, уларда олдин оқ-кумуш, кейинчалик қизғишўнғир тус оладиган ҳужайра ўсимталари қопланиб олган бўлади.

Ҳаёт кечириши. Ток канаси пўстлоқ ости ҳамда куртак атрофларида қишлаб чиқади. Баҳор (апрель охири-май)да уйғониб, янги пайдо бўлган баргларни зарарлай бошлайди. У қуйидаги даврларни кечиради: тухум, 1-нимфа, 2-нимфа ва етук зот. Оталанган тухумдан урғочи ва эркак зот, оталанмаганидан эса фақат эркак зот чиқади. Мавсумда бир неча бўғин беради.
Зарари. Ток канаси кўпроқ маҳаллий нав узумларни хуш кўради, айрим навлар умуман зарарланмайди. Зарарланган ток ривожланишдан орқада қолади, ҳосилнинг сифати ёмонлашади ва миқдори камаяди.

Кураш чоралари. 1. Ток канаси кўпроқ ерда ётган узумларни зарарлайди, шу боис ток поясини ишкомларга (шпалерларга) кўтариш лозим. 2. Кимёвий кураш яхши самара беради. Бунинг учун олтингугурт кукунини ун-шудринг касалига қарши чанглатиб турилса, у ток канасини ҳам қиради. Махсус акарицидлардан “Омайт” (0,15%) ва “Неорон” (0,1%) қўлланилади.

Манба: «Узум етиштириш» Тузувчилар: У.И. Маматов – Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти “Узумчилик ва микровиночилик” бўлим бошлиғи, илмий ходим. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ