Токнинг антракноз касаллиги

Антракнознинг ватани Европа. Шимолий Америкадан оидиум ва мильдью киритилишидан олдин бу қитъада антракноз энг зарарли касаллик бўлган. Ҳозир баъзи қуруқ иқлимли минтақалардан ташқари узум экиладиган барча мамлакатларда, МДҲда Украина, Россия (Доғистон республикаси, Астрахан ва Ростов вилоятлари, Краснодар ва Ставропол ўлкалари), Молдавия, Кавказ орти ва Қозоғистонда тарқалган. Ўзбекистонда барча вилоятларда учрайди.

Касалликнинг белгилари. Токнинг барча яшил қисмлари зарарланади. Барглар қотгунича (ёзилганидан сўнг 20-25 кун давомида) зарарланиши мумкин. Уларда кўплаб (битта баргда 100 тагача), думалоқ, майда (кенглиги 1-5 мм), четлари қизғиш, қўнғир ёки қора доғлар пайдо бўлади, уларнинг баъзилари қўшилиб кетади. Вақт ўтиши билан доғлар нотўғри думалоқ, кўп қиррали шакл, ўртаси оч-кулранг тус олади, атрофида қизғиш ёки қўнғир ҳошияси бўлади. Доғларнинг ўртаси қурийди ва тушиб кетади, баргда тешиклар пайдо бўлади. Касалликка ёш барглар ўта чидамсиз, улар кучли зарарланади ва новдаларнинг учи томони куйганга ўхшаб қолади. Томирлари зарарланган барглар қуриб қолади ва тўкилади (1,2расмлар).

1 расм. Ток баргида антракноз касаллигининг белгилари (қўзғатувчи Elsinoë ampelina).
2 расм. Ток баргида антракноз касаллигининг белгилари (қўзғатувчи Elsinoë ampelina).

Ёш новдалар кучли зарарланади. Уларнинг устида майда, қўнғир, биттадан жойлашган, бинафша-қўнғир ҳошияли доғлар ҳосил бўлади (3 расм). Доғлар аста-секин нимранг-кулранг ёки бинафша-қора тус олади, ўсиб, узунлиги 7-8 см ва ундан кўпроққача етади, бир-бири билан қўшилиб кетади, новданинг ўртасигача киради ва яраларга айланади. Яра атрофида бўртма шаклли қалин каллюс тўқимаси пайдо бўлади, яра ўртаси бироз ботиқ шакл олади ва бундай новдалар мўрт бўлиб, шамолда синиб кетади. Зарарланган новдалар охир-оқибатда қораяди, ўсишдан орқада қолади ва нобуд бўлади. Барг ва гул бандлари ҳамда гажакларда касаллик белгилари новдалардаги билан бир хил.

3 расм. Ток новдаларида антракноз касаллигининг белгилари (қўзғатувчи Elsinoë ampelina).

Гул тўплари зарарланганида гулбаргларда думалоқ, қора доғлар ҳосил бўлади. Зарарланган гул тўплари ва тугунчалар қўнғир-қора тус олади ва тўкилади.

Узум попуги ва шингили гуллашдан пишиш бошлангунича касалликка чалинади. Шингилнинг асосий ўқи ва мева бандларидаги касаллик белгилари новдалардаги билан бир хил. Доғлар шингилнинг асосий ўқини ўраб олса, узум бошининг пастки (учидаги) қисми буришиб, сўлиб қолади. Узумларда сал ботиқ, ўртаси олдин бинафша, сўнгра оқиш-кулранг, атрофида тор тўқ-қўнғир ёки қора ҳошияси мавжуд бўлган доғлар ҳосил бўлади. Улар узум ичига тарқалса, у ёрилиб кетади (4 расм).

Касалликнинг зарари. Европанинг айрим, сернам минтақаларида антракноз билан жуда кучли зарарланиши ва ҳосил бермаслиги туфайли баъзи навлар экилмайди. Зарарланган токларнинг барглари ва гуллари тўкилиши, новдалари ўсишдан орқада қолиши ва узум кам тугилиши натижасида, ток ўсиши ва ҳосили пасаяди. Сурункали ва кучли зарарланган ток 3-4 йилдан сўнг нобуд бўлиши мумкин. Ўзбекистонда антракнознинг зарари анча катта (аммо оидиумникидан камроқ).

Сернам об-ҳавода июнь ойининг бошида зарарланган токнинг Ҳусайни ва Қора кишмиш навлари баргларининг 27,9 фоизини йўқотиши мумкин. Кучли зарарланган Ҳусайни нави шингилларининг ҳосили соғломларига кўра 3-5 марта камаяди. Тажрибада ўсимликлар антракноздан фунгицидлар билан ҳимояланганда бир тупдан олинган узум ҳосили зарарланган назоратдаги 9,0 кг дан 22,1-24,0 кг гача (2,5-2,7 марта) кўпайган.

Қўзғатувчининг белгилари. Қўзғатувчи аскомицет замбуруғ Elsinoë ampelina, анаморфаси Melanconiales тартибига мансуб дейтеромицет –  Sphaeceloma ampelinum, синоними Gloeosporium ampelophagum. Замбуруғнинг аскостромалари қора, кўмирсимон, қишлаган новдаларда ривожланади. Уларнинг ичида нок шаклли локуллар ва локуллар ичида халтачалар ҳосил бўлади. Халтачалар 80-100х11-23 мкм, ҳар бирининг ичида 8 та аскоспора мавжуд. Аскоспоралари қизғиш-қора ёки қўнғир-қора тусли, 4 ҳужайрали, узунчоқ-овал шаклли, 11-35х4,5-6 мкм, кўпинча 29-35х4,5-5 мкм.

Замбуруғ анаморфа босқичида зарарланган тўқимада (эпидермис ёки кутикула ҳужайралари устида ёки эпидермис ҳужайралари ичида) кичик, нуқта шаклли ва очиқ рангли ёстиқчалар ҳосил қилади. Ёстиқчалар кўп сонли, калта, цилиндр шаклли, зич жойлашган конидиофоралар ва уларда ривожланадиган конидиялардан иборат. Конидиялар овал, цилиндр ёки конус шаклли, рангсиз, шилимшиқ билан қопланган, 2-8х2-6 мкм, қуриганда бироз нимранг ёки апельсин тусли пўстлоқ ҳосил қилади.

Кузда новдалардаги яралар (ёстиқчалар) нинг атрофида склероцийлар ҳосил бўлади. Замбуруғ асосан склероцийлар воситасида қишлайди.

Касаллик ривожланиши. Баҳорда ҳарорат 2ºС дан ошганда ва новдалар 24 соат ва ундан кўпроқ вақт давомида нам шароитда бўлганида склероцийлар устида кўплаб конидиялар ҳосил бўлади. Ёмғир пайтида шилимшиқ модда эрийди, конидиялар ёмғир томчилари ва шамол билан токнинг яшил қисмларига тарқалади ҳамда томчи намлик мавжуд бўлганида уларда бирламчи зарарланиш қўзғатади. Ўзбекистонда касалликнинг биринчи белгилари март охири – апрель ойи бошларида кўринади. Янгидан зарарланган тўқималарда конидиялар ривожланади ва касаллик тарқалиши давом этади. Аскоспоралар ҳам 2-32ºС ҳароратда ўсиши ва токда бирламчи зарарланиш қўзғатиши мумкин, аммо улар жуда кам учрайди ва антракноз тарқалишида роль ўйнамайди.

Антракноз ривожланишига таъсир қилувчи асосий факторлар ҳарорат ва ҳавонинг нисбий намлигидир. Тез-тез ёмғир ва жала ёғилиши кузатиладиган мавсумларда касаллик айниқса кучли ривожланади. Замбуруғ конидиялари 2-32ºС орасида (оптимум 24-26ºС) ўсиши ва токни зарарлаши мумкин. Инкубацион давр навга, новда ва баргларнинг ёшлигига боғлиқ. Чидамсиз навларда бу давр 2ºС да 13 кун, 24-32ºС да 3-4 кунни ташкил этади. Бир мавсумда қўзғатувчи 30 тагача авлод беради.

Ток навларининг антракнозга чидамлилиги ҳар хил. Нимранг, Оқ Ҳусайни, Каттақўрғон, Ҳиндогни, Ҳалили, Оқ Тоифа, Мускат, Қора Кишмиш, Оқ Кишмиш, Пушти Кишмиш, Эчкиэмар, Гўзал Қора, Чиллаки ва Чарос навлари кучли зарарланади (42-94%), Пушти Тоифа, Пушти Паркент, Сояки ва Ркацители ўртача (14-33%) даражада зарарланади, Тарнау ва Мирный навлари чидамли (зарарланиши 5% гача). Меваси рангли ва нордонроқ узум навлари камроқ зарарланади. Умуман олганда Марказий Осиёда ўстириладиган ток навлари Европа навларига нисбатан антракноз билан кучлироқ зарарланади.

Кураш чоралари. Ун-шудрингга қарши тавсия қилинган барча агротехник ва ташкилий чора-тадбирларни қўллаш лозим. Экиш учун фақат соғлом қаламчалар ишлатиш, уларни экишдан олдин темир купороснинг 10% ли ёки нитрафеннинг 3% ли эритмасига ботириш; янги токзорлар яратишда ниҳолларни ерости суви яқин жойларга экмаслик керак. Антракнозга қарши ишлатиш учун Ўзбекистонда қуйидаги фунгицидлар рухсат этилган: Бордо суюқлиги (мис купороси бўйича 10-15 кг/га, 1% ли эритма), Вектра 10% сус.к. (0,3 л/га), оҳак-олтингугурт қайнатмаси (0,5-1о), темир купороси 53% э.кук. (30-40 кг/га, дарахт куртак ёйгунча ва остидаги тупроққа 2-3% ли эритма) ва Фоликур БТ 22,5% эм.к. (0,25 л/га).

Тажрибаларда Альто Супер 33% эм.к. (0,3 л/га), Импакт 25% эм.к. (0,2 л/га), Вектра 10% сус.к. (0,3 л/га) ва Бампер 25% эм.к. (0,25 л/га) фунгицидлари антракнозга қарши юқори (барг ва мевада 89,5%, пояда 95% гача) самара кўрсатган.

Кузда барглар тўкилгандан ва ток кесилгандан кейин ёки баҳорда куртаклар ёзилишидан олдин токка 1,5% ли ДНОК (100 л сувга 1,5 кг) эритмасига 2-3% (100 л сувга 2-3 кг) №30 препаратини қўшиб пуркаш, ёки темир купоросининг 10% ли эритмасини сепиш лозим. Баҳорда ёш новдаларнинг узунлиги 5-10 см га етганида ёки 2-3 барг пайдо бўлиши билан Бордо суюқлиги ёки бошқа самарали фунгицид пуркаш ва касаллик ривожланишини ҳисобга олган ҳолда, лозим топилса ишловни 7-10 ва 14-20 кундан кейин такрорлаш тавсия қилинади.

 

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.