Бу касаллик барча ток экиладиган вилоятларда кенг тарқалган. Бу касаллик билан токнинг ёғочланган қисмларининг ҳаммаси касалланади, кўпроқ токнинг илдиз бўғзи зарарланади. Аввалига пўстлоқ остида кичик, бир неча миллиметр келадиган юмшоқ шиш пайдо бўлади. Кейинчалик шиш қаттиқ бўлиб, катталашиб пўстлоқни йиртиб чиқади. Шишнинг устки қисми нотекис ғадир-будир бўлиб қолади. Унинг ранги ҳам ёшига қараб ўзгаради, сарғаяди, жигарранг рангга киради ва охири қораяди. Кузда ёки қишда шиш ёрилади. Касалланган жойдаги шишлар қўшилиб катталашиб кетади, баъзан шишлар 30 см гача ҳам етиши мумкин. Оқибтда ток бутунлай қуриб қолиши мумкин. Бактериал рак касаллиги келиб чиқишига қуруқ тупроқда ривожланаётган ток таналарида қаттиқ совуқ натижасида ёриқлар ҳосил бўлиши ва ёки сув тўпланадиган жойларда, кўп вақт сувда турган токнинг озуқа алмашинувидаги бузилиш сабаб бўлиши мумкин.
Касалликнинг олдини олиш учун токларни қишда чилла сувлари билан суғориш, ер ости сувларини зовурлар ёрдамида қочириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш керак. Қолаверса, ток тупларини механик шикастланишдан сақлаш керак. Касаллик аломатлари бор токлардан қаламчалар тайёрлаш мумкин эмас. Зарарланган кўчатлар, туплар ва новдаларни олиб, ёқиб ташлаш керак.
Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Марғилон шаҳар ўсимликлар карантини инспектори Ҳавохон Шомансурова



















