ТОКНИНГ ЦЕРКОСПОРОЗ КАСАЛЛИГИ

Токнинг церкоспороз (яшил моғор) касллиги Европа, Шимолий Америка, МДҲ да Украина, Шимолий Кавказ ва Кавказ орти мамлакатларида, Марказий Осиёда Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда тарқалган.

      Касалликнинг белгилари. Касаллик кўпроқ эски, қаровсиз қолган узум боғларини зарарлайди. Касалликнинг иккита шакли мавжуд: одатда май ойи ва ёзнинг биринчи ярмида ривожланадиган баҳорги шакли (қўзғатувчи Ragnhildiana roesleri) ва ёзнинг иккинчи ярмида ривожланадиган кузги шакли (қўзғатувчи Cercospors vitis). Улар асосан баргларни зарарлайди.

Касалликнинг белгилари

Баҳорги церкоспороз билан зарарланган баргларнинг остки томонида бир текис жойлашган яшилроқ-зайтун тусли, конидиофора ва конидиялардан ташкил топган ғубор ҳосил бўлади.

Кузги шакл билан зарарланган барглар устида ноаниқ қўнғир ёки қўнғир-сарғиш, қизил ҳошияли, кенглиги 0,2-1 см келадиган доғлар, остки томонида эса барг тўқималаридан даста-даста бўлиб чиқадиган замбуруғнинг конидиофора ва конидиялари пайдо бўлади.

Касалликнинг белгилари. Ҳар икки касаллик барглар нобуд бўлиши ва тўкилишига олиб келади. Касаллик кучли ривожланганда новда, мева банди ва узумда зайтун тусли ғубор ривожланади, мева банди қурийди, узумлар тўкилади. Узумлар қаттиқлашиши ва кўк тус олиши мумкин.

Касалликнинг зарари. Зарарланган токнинг барглари тўкилади, ток заифлашади, новдалар яхши пишмайди ва қиш совуғига чидамлилиги камаяди. Сентябрь ойида зарарланган ток баргларининг ярми тўкилиб кетиши мумкин. Ўзбекистонда касаллик ҳосилни пасайтирмаслиги ёки баъзан церкоспороз кучли ривожланган мавсумларда ҳосилнинг бир ёки кўп қисмини нобуд қилиши мумкин.

Қўзғатувчиларнинг белгилари. Қўзғатувчилар гифомицет замбуруғлардир.

Ragnhildiana roesleri, cиноним Cercospora roesleri. Конидиофоралар одатда зич жойлашган, оч-зайтун ёки зайтун-қўнғир тусли, 35-80х4-5 мкм. Конидиялари баъзан шохланган занжирларда, зайтун тусли, цилиндр шаклли, тўғри ёки эгилган, 1-6 ҳужайрали, 20-65х5(8) мкм.

      Cercosporа vitis. Конидиофоралар дасталарда зич жойлашган, қўнғир-зайтун, баъзан деярли қора тусли, 50-200х4-5,5 мкм. Конидиялари қўнғир-зайтун тусли, урчуқ-тескари тўқмоқ шаклли, учига қараб аста-секин ингичкалашган, 4-12 ҳужайрали, баъзан септалардан бироз тортилган, 30-90х6-8 мкм.

Қўзғатувчиларнинг белгилари. Қўзғатувчилар барг ва мева устидаги доғларда пикнидалар пайдо қилиши мумкинлиги ҳақидаги хабар шубҳалидир, чунки илмий адабиётда бу гифомицет замбуруғлар пикнида ҳосил қилиши ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Ўзбекистонда Сирдарё вилоятида токда яна битта қўзғатувчи қайд этилган – Asperisporium vitiphyllum (синоним Cercospora vitiphyllum).

АҚШ да мушк узумни бошқа қўзғатувчи (Cercospora brachypus, телеоморфаси Mycosphaerella angulata) зарарлайди (23, 24 расмлар). Унинг конидиялари рангсиз, эгилган, 2-6 ҳужайрали, 16,8-112х2,2-3,5 мкм.

Осиё, Европа ва Шимолий Америкада токни яна битта церкоспороз қўзғатувчиси – Phaeoramularia dissiliens зарарлайди ва баргларда сарғиш ёки тўқ тусли доғлар ҳосил қилади.

23 расм. Токда баргларида церкоспороз касаллигининг белгилари (қўзғатувчи Mycosphaerella angulata = Cercospora brachypus).
24 расм. Токда церкоспороз касаллигини қўзғатувчи (Mycosphaerella angulata = Cercospora brachypus) замбуруғинг ривожланиш цикли.

Касаллик ривожланиши. Замбуруғ тўкилган баргларда конидиялари билан қишлайди. Баҳорда конидиялар ток баргларини бирламчи зарарлайди. Уларда ривожланадиган конидиялар касаллик бошқа ўсимликларга тарқалишини таъминлайди. Ўзбекистонда Оқ Ҳусайни, Кишмиш, Рўваки, Оқ ва Пушти Тоифа, Каттақўрғон ва Нимранг навлари кучли зарарланади.

      Кураш чоралари. Церкоспорозга қарши махсус кураш чоралари қўлланилмайди; ун-шудринг ва антракнозга қарши тавсия қилинган агротехник, ташкилий чора-тадбирлар ва фунгицидлар бу касалликни ҳам назорат қилади.

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.