Токнинг ун шудринг касаллиги

Касаллик Шимолий (ватани) ва Жанубий Америка, Ғарбий Европа, Осиё, Африка, МДҲ да Украина, Молдавия, Кавказ орти мамлакатлари (Арманистон, Грузия, Озарбайжон) ва Марказий Осиёда тарқалган. Ўзбекистонда оидиум узумнинг энг ашаддий, кенг тарқалган ва зарарли касаллиги ҳисобланади.

      Касалликнинг белгилари. Токнинг барча яшил қисмлари – барг, барг банди, яшил новда, гул, тўпгул попуги, гажаги, узуми ва узум бошлари зарарланади. Замбуруғ фақат эпидермис ҳужайраларига гаусторийлари билан киради ва улардан озуқа моддаларини сўриб озиқланади.

ТОКНИНГ УН-ШУДРИНГ КАСАЛЛИГИНИНГ БЕЛГИЛАРИ

Барг зарарланганида, олдин унинг устки томонида, дастлаб оқ, сўнгра оқиш-кулранг, сийрак, нозик гифалардан ташкил топган, ун ёки чангга ўхшаш, кўзга ташланмайдиган ғубор (1 расм) пайдо бўлади, кейинчалик у баргнинг остки томони, барг бандлари ва новдаларга ўтади. Кейинроқ баргда кичик, қуруқ, қўнғир, тарқоқ некротик доғлар пайдо бўлади, улар бир-бири билан қўшилиб, тўрсимон расм ҳосил қилади, бу расм диагностик белги бўлиб, баргларнинг тирик, яшил фонида яққол ажралиб туради. Ғубор замбуруғнинг мицелий, конидиофоралари ва конидияларидан ташкил топади. Ёзилаётган ёш барглар буришиб, нимжон бўлиб қолади. Барг бандлари мўрт, осон синувчан бўлиб қолади.

ТОКНИНГ УН-ШУДРИНГ КАСАЛЛИГИНИНГ БЕЛГИЛАРИ

Зарарланган яшил новдалар устида жуда оз, унсимон ғубор билан қопланган тўқ-қўнғир, кейинчалик қора тус олувчи доғлар пайдо бўлади. Бундай новдалар деярли ўсмайди, ҳарорат пасайишига чидамсиз бўлиб қолади ва қишда уларни совуқ уриб кетади. Кучли зарарланган новдалар кўмирдай қора, куйган тус олади. Кечроқ зарарланган новдалар устида кузга қараб ғубор бироз қалинлашади ва қизғиш-қўнғир тус олади.

Тўпгул попуги гуллашдан олдин ёки кейин зарарланади, узум тугиши камаяди, ҳосил пасаяди ёки кўпинча тўпгул бутунлай қуриб қолади.

Узумлар уларнинг таркибидаги қанд моддалари миқдори 8% бўлгунига қадар зарарланиши мумкин. Эрта зарарланган узумлар қуриб, мавсум охиригача тўкилмасдан, токда осилиб қолади. Кейинроқ зарарланган узумлар чатнайди ва уруғигача ёрилади, сапротроф замбуруғлар (кўпинча Botrytis cinerea) таъсирида чириб кетади.  Мевалари қизил ёки қора навларнинг узумлари чипор тус олади, бозорбоплигини йўқотади, улардан тайёрланган шаробнинг таъми нохуш бўлади.

Касалликнинг зарари. Бу ашаддий касаллик Ўзбекистонда узум ҳосилини 50 фоизгача пасайтиради, баъзи мавсумларда эса 100 фоизи йўқотилишига олиб келади.

      Зарарланадиган ўсимликлар. Оидиум билан маданий ток турлари (Vitis vinifera ва б.) ва Vitaceae оиласига мансуб бошқа турлар зарарланади. Меваси рангли ва нордонроқ узум навлари камроқ зарарланади. Ўзбекистон шароитида Сояки ва Нимранг Мускат навлари оидиумга юқори толерантлик намоён қилган.

Қўзғатувчининг белгилари. Қўзғатувчи аскомицет замбуруғ Uncinula necator, анаморфаси Oidium tuckeri – облигат паразит. Гифалари зарарланган органлар устида жойлашган ва уларга характерли, паллачалардан ташкил топган апрессорийлари ёрдамида ёпишади, апрессорийлардан инфекцион гифалар ўсади, улар кутикулага ва сўнгра эпидермис ичига кириб, уерда гаусторийлар пайдо қилади.

Клейстотецийлари ҳар доим ривожланмайди, барча зарарланган органлар устида пайдо бўлиши мумкин, думалоқ, диаметри 68-130 мкм, олдин рангсиз, кейин сариқ, етилганлари тўқ-қўнғир тусли, ҳар бирининг ичида 3-7(9) халтачалари мавжуд. Перидий (қобиғи) нинг ҳужайралари 4-6 қиррали, диаметри 10-23 мкм. Клейстотеций устида 7-20(40) та ўсимтаси бор, узунлиги 130-600 мкм, остки қисми қўнғир, учи рангсиз, спираль шаклида буралган.

Халтачалари овал, эллипсоид ёки шар шаклли, 32-60х23-45 мкм, ҳар бирининг ичида 4-7 (одатда 4) аскоспораси мавжуд. Аскоспоралари овал ёки эллипсоид шаклли, сарғиш ёки кўпинча рангсиз, 15-25х10-14 мкм. Аскоспоралар ҳам бир неча ўсимта, апрессорий ҳамда гаусторийлар ҳосил қилиб ўсади. Замбуруғнинг қишлаши ва касаллик ривожланишида аскомицет босқичининг аҳамияти кам ёки йўқ. Касаллик ривожланиши ва тарқалиши асосан конидиал босқичида амалга ошади.

Анаморфа босқичи конидиофораларининг узунлиги 10-400 мкм. Конидиялари цилиндр-овал ёки эллипсоид шаклли, 27-47х10-21 мкм, 3-5 тадан занжирчаларда.

Касаллик ривожланиши. Ўзбекистонда қўзғатувчи замбуруғ мицелийси билан тиним давридаги куртакларда ва новдаларда ҳамда зарарланган органларда клейстотецийлари ёрдамида қишлайди. Баҳорда касалликнинг биринчи белгилари шу куртаклардан ўсаётган новдаларда пайдо бўлади. Мицелий куртаклар бўртган пайтда ёки ундан сал эртароқ, ўртача ҳаво ҳарорати 10-11°С га етганда ўса бошлайди ва ўсаётган ёш новда ва ёзилаётган баргларни оқ мицелийси билан ўраб олади, устида кўп конидиялар ҳосил қилади ва улар касалликнинг бирламчи манбаи бўлиб, токнинг бошқа қисмларини ва бошқа токларни зарарлайди.

Касаллик ривожланиши. Оидиум бир мавсумда бир неча авлод беради. Оидиум баҳорда барвақт пайдо бўлади, аммо у ток гуллаши олдидан жадал ривожланади ва бу ривожланиши ҳаво жуда исиб кетишигача ва намлик камайгунча давом этади.

Касаллик иссиқсевар бўлиб, унинг ривожланишида ҳарорат асосий роль ўйнайди, конидиялар 6-32С, оптимум 18-25С ҳароратда ўсади ва токни зарарлайди; 35С да конидиялар ўсишдан тўхтайди, 40оС дан ошганда конидиялар ва экзоген мицелий ҳалок бўлади. Ток зарарланишидан конидиялар пайдо бўлишигача 23-30°С ҳароратда 4-6 кун, 7С да эса 32 кун ўтади. 36С ҳароратда мицелий 10 соатда, 39С да эса 6 соатда ҳалок бўлади. Ўртача кунлик ҳарорат 19-20С бўлганида касаллик жуда тез ривожланади ва тарқалади, 24-25С ҳароратда эса бу жараёнларнинг тезлиги сезиларли даражада пасаяди ва 40С да тўхтайди. Эркин намлик (ёмғир, шабнам) конидия ўсишига салбий таъсир қилади, бунинг учун 20-100% (оптимум 50-80%) намлик етарли бўлади.

Кураш чоралари. Токларни шамол яхши юрадиган, офтоб яхши тегадиган жойларда ўстириш, шпалерларга кўтариб қўйиш лозим. Уларни ўз вақтида хомток қилиб, ортиқча новда ва баргларини қирқиб туриш, айниқса кузда замбуруғ қишлайдиган зарарланган (усти қўнғир доғ билан қопланган) новдалар ва баҳорда биринчи пайдо бўлган, зарарланган “байроқ новдалар” кесиб олиниши ва ёқиб юборилиши жуда муҳим, агар бу чоралар қўлланилмаса, бошқа кураш усулларининг самараси жуда пасаяди. Токлар ораларини ағдариб, бегона ўтлардан тозалаб туриш, зарарли ҳашаротлар ва бошқа касалликлар билан кураш чораларини қўллаш талаб этилади.

Кимёвий ҳимоя учун ҳалигача олтингугурт препаратлари (туйилган кукуни, н. кук., коллоид – сус. к., оҳак-олтингугурт қайнатмаси ва б.) юқори самара билан қўлланилади. Ўзбекистоннинг қуруқ об-ҳаволи иқлимида кукун шаклидаги олтингугурт ишлатиш юқори самара беради, ёмғирли об-ҳавода эса суспензия қўллаш тавсия қилинади. Олтингугурт препаратлари токни ҳаво ҳарорати 25-30оС бўлганида касалликдан яхши ҳимоя қилади, 18-20оС да деярли самара бермайди. Ҳарорат 30оС дан ошганда у ўсимликларга фитотоксик таъсир кўрсата бошлайди, шу сабабдан 35оС ва ундан юқори ҳароратда олтингугуртни ишлатиш тавсия қилинмайди.

Кураш чоралари. Олтингугурт кукуни (15-30 кг/га) ёки ООҚ (0,5-1о) билан биринчи ишлов баҳорда ток гуллашидан олдин, биринчи хомтокдан сўнг дарҳол берилиши лозим, кейинги ишловлар, об-ҳаво шароитлари ва касаллик ривожланишини ҳисобга олган ҳолда, ҳар 10-15 ёки 20-30 кунда, ҳаммаси бўлиб бир мавсумда 7-10 та ишлов берилади. Олтингугурт кукунини йўлдан олинган майда чанг билан 1:1 нисбатда қўшиб ишлатиш ҳам яхши самара беради. Ток суғорилиши лозим бўлса, ишловни суғоришдан сўнгра бериш лозим.

Оидиумга қарши бошқа фунгицидлар олтингугуртдан камроқ қўлланилади, улардан Байлетон (Ботир) 25% н.кук. (0,15-0,3 кг/га), Бампер (Крест) 25% эм.к. (0,25 л/га), Вектра 10% сус.к. (0,3 л/га), Импакт 25% сус.к. (0,1-0,15 л/га), Сапроль 20% эм.к. (1,0-1,5 л/га), Топаз 10% эм.к. (0,2-0,25 л/га), Топсин-М 70% н.кук. (1,0 кг/га) ва Фоликур БТ 22,5% эм.к. (0,15 л/га) тавсия қилинган. Бу фунгицидларни мавсумда 2-3 марта (гуллашдан олдин, биринчи ишловдан 20-30 ва 40-60 кун ўтгач) қўллаш тавсия қилинади.