Томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланиш

Экинларни суғоришда илғор усуллардан ҳисобланган томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш борасида Ўзбекистонда кенг кўламли ишлар
амалга оширилмоқда. Томчилатиб суғориш усули ўзининг юқори самарадорлиги билан ажралиб туради. Яъни сув ресурслари чекланганлик шароитида
кам сув сарфлаб, барқарор юқори ҳосил олиш имконини беради. Шу билан бирга, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган фермер
хўжаликлари, ушбу технология жорий қилинган ер майдони бўйича 5 йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод этилиши юзасидан Солиқ кодексига
ўзгартиришлар киритилди. Келгусида боғлар учун ер ажратиш, фақатгина ушбу майдонларда томчилатиб суғориш тизими каби технологияларни жорий
этиш шарти амалга оширилади.

Томчилатиб суғориш тизимининг ўзига хослиги унинг босим остида ишловчи сув тақсимловчи доимий тармоқдан иборатлиги билан белгиланади. Ушбу
тармоқ меъёрдаги сувни узлуксиз ва мунтазам равишда экинларнинг илдиз қатламларига етказиб беради. Ер устидан суғоришнинг қарийб барча
усулларида суғориш пайтида тупроқда сувга бўкиш ва суғоришдан кейин қуриб кетиш ҳолатлари юз беради. Томчилатиб суғоришда тупроқ эмас, балки
мевали дарахт суғорилади!

Суғориш шланглари диаметри 16-25 мм ли полиэтилендан тайёрланади. Боғларда қўлланиладиган шлангларда томчилатгичлар ҳар 50 см масофада жойлашган бўлиши ва соатига 1,6-2 литр сув тушириш имконига эга бўлиши керак. Пакана ва ярим пакана олма боғларида ҳар бир дарахт қатори учун бир ёки икки қатор намлагич шлангларини ўрнатишга тўғри келиши мумкин. Ярим пакана олма боғларида 2 қаторли шлангларни қўйиш жуда муҳимдир. Боғнинг максимал сув талаби дарахтлар вояга етганда, мевали дарахт турига қараб, ёзнинг иссиқ кунларида талаб этадиган миқдоридан келиб чиқиб
белгиланади. Масалан, Тошкент вилояти учун олма дарахтларига бир кунда гектарига максимал сув талаби 60–70 метр кубга тенг бўлиши мумкин.

Томчилатиб суғоришнинг қандай афзалликлари бор?

  • Сувни аста-секин айнан ўсимлик илдизи жойлашган ерга етказиб беради. Тупроқдаги намликни оптимал даражада ушлаб туради, бу суғориш усули
    сувнинг қуёш ва шамолда буғланиб кетишига йўл қўймайди;
  • Сув кераксиз жойдаги тупроқни, яъни ариқ ораларини ҳам намлантириш учун сарфланмайди. Томчилатиб суғориш тупроқнинг барча турларига мос
    келади. Тупроқ турига кўра сув турлича тарқалади;
  • Томчилатиб суғоришда эса намлик доимий бир хилда сақланиши туфайли ўсимлик бир текис ривожланади;
  • Суғоришни автоматлаштириш имконияти мавжуд эканлиги энг кам ҳаражат билан энг катта самарага эришиш имконини беради;
  • Томчилатиб суғоришнинг афзаллиги, энг аввало, сув ресурсларини иқтисод қилишда намоён бўлади. Боғ турига қараб, 40–50% гача сув тежалади;
  • Минерал ўғитнинг эритилган ҳолда берилиши эвазига эса унинг самарадорлиги бир неча баробарга ортиб, 50% гача иқтисод қилишга эришилади
    ҳамда ўсимлик озуқа моддалар билан яхши тўйинади;
  • Сувнинг ташламага чиқиб кетиши мутлақ тугатилиб, фаол қатлам остига сув ва озуқа элементларини сизиб кетиш миқдори кескин камаяди;
  • Энг муҳими, даладан оқова сувнинг чиқмаслиги боис тупроқ эрозияси бартараф этилади. Сувнинг тупроққа сингишининг чекланганлиги ер ости
    сувлари кўтарилиб кетишига йўл қўймайди.

Томчилатиб суғориш тизимини қуриш учун қуйидагилар талаб этилади:

  • суғориш манбаи;
  • бош иншоот ва ҳовуз – тиндиргич;
  • сув насоси ва сув фильтри;
  • ўғитловчи мослама ва тизимни бошқариш учун автомат қурилма;
  • фильтрларни автомат тозалаши учун бошқарув қурилмаси;
  • магистрал ва тарқатувчи қувурлар;
  • электр токи доимийлигини таъминловчи қурилма;
  • боғнинг маълум бўлагини суғориш учун кранларни автоматик ёки қўлда очиш маркази;
  • суғориш шланглари, томизгичлар, ёрдамчи ва уловчи қисмлар.

Томизгичлар 2 турда бўлади. Биринчи тури 1 атмосфера босимидан юқорида ишлаб текис ва боғнинг паст ва баланд жойларига бир хилда сув етказиб
беради. Иккинчи тури эса текис жойларда сув етказиб беришда қўлланилади. Биринчи тури боғларда энг кенг фойдаланилади.

Томчилатиб суғориш тизимининг камчиликлари:

  • Сотиб олиш ва ўрнатиш ҳаражатлари юқори;
  • Мевали дарахтлар илдизлари юқорида жойлашиши сабабли сув узилишлари катта зарарга олиб келади;
  • Шўрланган ерларда қўллаш чекланган;

Кўриниб турибдики, томчилатиб суғориш, энг аввало, сувдан оқилона фойдаланишни таъминлайди. Бу тизим нафақат ҳосилдорликни, балки меҳнат
унумдорлигини ҳам оширади. Ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга, агротехник тадбирларни самарали амалга оширишга ёрдам беради.
Манба: «Ўзбекистонда замонавий интенсив олма боғлари» Ш. Аброров, К. Султонов, И. Нормуратов

Дўстларингизга ҳам улашинг!