Томорқа бўйича қарашларимизни ўзгартириш вақти етди

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ишлар натижадорлигига бағишланган видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда ҳам шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг аҳоли ва деҳқон хўжаликларига тегишли унумдор томорқа ерларидан фойдаланишни ташкил этиш бўйича ишлари мутлақо талабга жавоб бермаётганлиги таъкидланди.

Ростдан, бир ўйлаб кўрайлик, биз токайгача уйимиз билан кўча ўртасидаги деворни тешиб, сўнгра дарча ўрнатиб, қўни-қўшнимизга “Кока-кола”ю сақич сотамиз? Қачонгача шу дарчадан бошимизни чиқариб, писта ёки хўрозқанд оларманнинг қадамини пойлаймиз? Ахир, ҳовлимизда ўн сотихлаб еримиз бор-ку! Кун бўйи бир дарчадан мўралаб, писта, сақич сотиб ўтиргандан кўра шу ерни “ишлатсак” маъқул эмасми? Меҳр берилса, бир бўлаккина ердан ҳам барака топиш мумкинлиги барчамизга аён-ку! Тан олиш керак, унинг ўрнига кўпчилигимиз турли баҳоналар топиб, иш йўқ, дея ўтираверамиз. Томорқамиз эса, бўм-бўш тураверарди…
– Чўп суқсанг, кўкарадиган еримиз бор, меҳнатсевар халқимиз бор. Лекин томорқа ерларидан – шундай катта резервдан фойдаланмаяпмиз. Шунинг учун бугундан бошлаб “Томорқага экин экиш” ойлигини эълон қилиб, ҳар бир томорқага экин экишни ташкил этиш керак. Агар ҳозир экмасак, кейин кеч бўлади, – деди Президентимиз.
Бу борада аҳолига кўмаклашиш мақсадида барча туманларда “Томорқа хизмати” корхоналарини ташкил этиш, улар орқали томорқалар учун кўчат, минерал ўғит, кимёвий препаратлар етказиб бериш, механизация ва бошқа сервис хизматлари кўрсатиш бўйича тизим яратиш юзасидан топшириқ берилди. Шу хизматлар  етиштирилган ҳосилни харид қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш билан ҳам шуғулланади.
Кўриниб турибдики, томорқачилар учун яна-да кенгроқ имкониятлар яратилмоқда. Энди улардан унумли фойдаланган ҳолда иш тутишимиз, томорқага бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришимиз керакки, бу бугуннинг талабидир. Айниқса, ёғин-сочин деҳқончиликка, хусусан, кенг майдонли далалардаги экин-тикинда унча қулай бўлмаётган ушбу йилда томорқанинг аҳамияти янада сезилди.
Ҳар гал томорқа ҳақида гап кетганида, бир ҳамқишлоғимиз эсга тушаверади. Унинг ҳовлисида каттагина томорқаси бор. Кўриб ҳавасингиз келади. Ҳамма нарса батартиб. Ҳар қаричидан унумли фойдаланади. Тангадай жойни ҳам бўш қолдирмайди. Мева-чевадан тортиб, тарвуз-қовунгача етиштиради.
Унинг икки ўғли бўлиб, улар ҳам жуда меҳнатсевар, отасининг қаватида туриб, томорқа ишларига қарашади.
– Болани ўз вақтида меҳнатга ўргатиш керак, – дейди у киши. – Жисмоний меҳнат болани ҳар жиҳатдан чиниқтиради. Ҳаётни севишга, олдинга интилишга ундайди. Қолаверса, бекорчидан худо безор, деган гап бор. Кўп ёмон иллатлар бекорчиликдан келиб чиқади. Фарзандларимнинг билим олишидан тортиб, атрофидаги тенгқурларигача кузатаман.
Ҳамқишлоғимизнинг боғида узумнинг оқ ва қора кишмиш, чилги, туятиш, тойфи, ҳусайни сингари навлари парваришланиб, узумлар кўриниши жиҳатидан ҳам, мазалилик бобида ҳам ҳар қандай кишининг эътиборини тортади. Тоғ-тошлар оралаб келаётган тип-тиниқ булоқ сувидан баҳра олган, эътибор ва меҳрдан яшнаётган боғ саховатини аямайди. Мўл-кўл ҳосил беради. Айниқса, қора кишмиш ҳосилидан келаётган даромад салмоғи анча юқори бўлиб, оила бюджетининг мустаҳкамланишига хизмат қиляпти. Қишлоқдошимиз қора кишмишни узумлигича сотмайди. То шира бойлаб, тўла пишиб етилгунча кутади. Шундан сўнг узиб, соя жойда қуритади. Бу соя­ки майизнинг мазаси оғзингизда қолади. Майиздан оиласи учун етадиганини қолдиради. Асосий қисмини уйда, майизфурушларга кўтарасига пуллайди. Худди шунингдек, ёнғоқ, ўрик, олма сингари қатор мевали дарахтлардан ҳам мўл ҳосил етиштиради. Эътиборли жиҳати, томорқасидаги ҳеч бир нарса бекор кетмайди. Кўп жойларда кўрганимиз – мевалар тагига тушиб, оёқости бўлиб ётмайди. Териб олиниб, туршак, олмақоқи, тутмайиз қилинади. Қишга анчагина ёнғоқ ҳам ғамланади. Бундан ташқари, турли сабзавоту полиз маҳсулотларигача томорқасидан чиқади. Эҳтиёждан ортганини бозорга чиқаради.
Хуллас, ҳамқишлоғимизга ҳавас қилса, арзийди. Томорқасининг орқасидан рўзғори обод, кўнгли хотиржам, тани соғлом. Ҳалол меҳнат, пешона тери эвазига топилган ризқ баракали ва тотли бўлишини унинг мисолида яққол кўришингиз мумкин.

Раимқул СУЯРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.

qishloqhayoti.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!