ТОКЗОРЛАРДАГИ ТУПРОҚҚА ИШЛОВ БЕРИШ

Токнинг бир меъёрда ўсиши ва ҳосил бериши учун тупроқда баҳор-ёз ва кузда ишлов бериш зарур (сув-ҳаво режимини яхшилаш, бегона ўтларни йўқотиш ва токларни қишки совуқлардан ҳимоялаш учун). Тупроққа кузда
25–30 см чуқурликда ишлов бериш баҳорга келиб тупроқда кўп миқдорда нам тўпланишига, бегона ўтларнинг йўқолишига ёрдам беради.

Агар токзорга кузда ишлов берилмаган бўлса, баҳорда токларни механизация усулида чала очиш билан бир вақтда ер ҳайдалади. Токлар очилгандан кейин қатор ораларидаги тупроқни текислаш учун культивация қилинади ёки бороналанади.

Ўсиш даври давомида тупроқда бегона ўтларни йўқотишда ва тупроқда намни сақлаб туриш учун қатор оралари 10–12 см чуқурликда 3–4 маротаба культивация қилинади. Ҳар бир суғоришдан кейин ҳамда лалми токзорларда эса кучли ёққан ҳар бир ёмғирдан сўнг культивация қилиш керак.

Баҳор-ёз давомида юмшоқ қатлам ҳосил қилиш ва бегона ўтларни йўқотиш учун НЮ-18 плуги ўрнатилган мослама билан ток тупи атрофидаги тупроққа ишлов берилади.

Ҳозирги вақтгача токларнинг бир қисми ер бағирлатиб ўстирилади, бундай токзорларда баҳорда тупроқ чопилади, ёзги суғоришлардан кейин юмшатилади.

Механизмларнинг кўп карра ўтиши ва суғориш натижасида ток қатор оралари тупроғи кучли зичланади, бу ток тупларининг ўсиши ва ҳосилдорлигига салбий таъсир этади.

МПВ машиналарида ўғит солиш билан бир вақтда ҳар бир қатор орасида тупроқни уч из бўйлаб ҳар йили юмшатиш керак, чунки бу ҳолда ён юмшатгичлар тупроққа 35–40 см чуқурликда ботади ва илдиз тизимини унча шикастламайди, марказий юмшатгич эса 55–60 см чуқурликка ботади. Агар иш 55 см чуқурликда уч из бўйлаб юмшатадиган МПВ машинаси билан бажариладиган бўлса, бу ҳолда қатор оралатиб юмшатиш керак.

Шундай юмшатишда тупроқнинг сув ҳаво режими яхшиланиб, илдиз тизими яхши ўсади, ҳосилдорлик 35–40 % ошади.

Лалми токзорларда тупроқ баҳорда чуқур юмшатилади, кейин ўсиш даври давомида 18–20 см чуқурликда юмшатиб турилади. Токни парвариш қилиш ишлари давомида 18–20 см чуқурликда юмшатиб турилади. Токни парвариш қилиш ишлари МПВ, НЮ-18, УОМ-50, пневматик ток очкичлар билан бажарилади.

МПВ, НЮ-18 машиналари билан суғориш эгатлари очилади, қатор оралари культивация қилинади ва ёппасига юмшатилади. МПВ машинасига ўрнатиладиган НЮ–18 мосламаси ёрдамида токлар чала очилади ва қаторлардаги ток туплари атрофидаги тупроққа ишлов берилади.

Т-54В, МТЗ-80 ёки МТЗ-82 тракторларига ўрнатиладиган пневматик ток очгичлар билан ток тўла очилади.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!