Турп етиштириш

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Андижон–9, Марғилон маҳаллийси, дайкон ёки япон турпининг Содиқ ва Куз ҳадяси навлари.

Уруғ танлаш. Экиладиган турп уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган), зарарланмаган бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Дала ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотихга 200 кг (10 сотихга 2 тонна) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари (пол) олинади.

Экиш муддати ва схемаси. Турп асосан ёзда экилади. Турп уруғини марказий минтақада жойлашган ва водий вилоятларида 1–15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июль–10 август, жанубий минтақаларда 20 август–20 сентябрьда сочма ҳамда қатор (лента) қилиб экиш мумкин. Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см олинади. Уруғ қўлда сепилади. Ҳар 1 сотихга 50–60 г турп уруғи сарфланиб 1,5 см чуқурликка экилади. Тупроқ хаскаш билан тирмаланади.

Парваришлаш. Ниҳоллар униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2–3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10–12 см кенгликда қолдирилади. Қатор оралари ва ўсимлик атрофини кетмон билан 15–16 см чуқурликда юмшатиб туриш, минерал озиқа ва сув бериб бориш керак. Вегетация мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари юмшатилиб турилади.

Ўғитлаш. Турп майдони бегона ўтлардан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ўғитланади. Бунда 1 сотихга соф ҳолда сульфат аммоний – 2 кг, аммофос – 1,5 кг, калий хлор – 0,5 кг меъёрда солинади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Турпга зараркунандалардан – узунбурун, шира, барг бургалари, касалликлардан – ун-шудринг ва оқ чириш катта зарар етказади. Зараркунандаларига қарши 10 сотихга Моспилан 20% н.кук. 25–30 г меъёрда қўлланилади.

Касалликларга қарши – 72,2% с.э.к. Пенко 10% к.э. (100 г/л), Курзат Р н.кук. 200–250 г ёки 1 фоизли Бордо суюқлигининг 60–70 литр сувда тайёрланган аралашмасини пуркаш яхши самара беради. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш тавсия этилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Экин совуққа чидамли бўлсада, илдизмеваси тупроқ музлаб қолмасдан олдин йиғиб олиниши керак. Ўртача 10–15 см катталикдаги турп мевасининг сифати юқори бўлади. Бироқ, ҳосил илдизмевалар диаметри 5–10 см бўлганда ҳам йиғиб олиниши мумкин.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!