Тут парвонаси

Тут парвонаси (Glyphodes pylaialis Walker.) – қурти фақат тут барги билан озиқланадиган зараркунанда ҳашарот хисобланади. Айниқса, тут дарахтлари, ёш ниҳолларига, баргига жиддий зарар келтиради. Тўлиқ ривожланадиган ҳашарот. Катта ёшдаги қуртлари дарахт пўстлоқлари тагида махсус ипакдан тўқиган беланчаги ичида қишлаб чиқади. Баҳорда ғумбакка айланади, 15-20 кундан сўнг ундан капалаклар учиб чиқади. Капалаги майда, қанотлари ёзилганда  15-17 мм, қанотида кўндаланг чизиқлари бор.  Ҳар бир капалак (тут баргига 2-3 тадан) ўртача 50-60 та тухум қўяди. Тухумдан чиққан қуртлар тут барги тўқималарини еб шикастлайди. Зарарланган дарахт новдалари қурийди, совуққа чидамлилиги пасайиб кетади. Йил давомида      6-7 марта авлод беради. Охирги авлоднинг қуртлари октябрь-ноябрь ойларида қишлаш учун ўзига қулай жой танлаб қишлашга ўтади.
1994 йилдан Ўзбекистонда, дастлаб Афғонистон орқали Сурхондарё вилоятида, Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё вилоятларида кейинчалик Республикамизнинг барча вилоятларида  тapқалган. Тут парвонасига қарши биологик кураш усуллари яхши самара беради.
Агар тут парвонаси зарари жиддий хавфи ошиб кетса кимёвий қарши кураш ишлари олиб борилади.

Наманган вилояти Ўсимликлар карантини ва химояси  бошқармаси инспекторлари:          Фарходжон Назаров, Анваржон Эгамбердиев