УФО (тик мевали шохлар) усулида гилос етиштириш

УФо усули қуйидаги устунликлари учун тавсия этилади.
1. Гилос дарахтларига шакл бериш, кесиш ва ҳосил ҳажмини бошқаришни осонлаштириш
2. Гилос дарахтлари новдаларини тик ўсиш хусусиятидан фойдаланган ҳолда дарахтлар ўсишини мевали шохлар сонини кўпайтириш орқали ўсиш тезлигини бошқариш
3. Ишчилар унумдорлигини, кимёвий воситалар самарадорлигини ошириш ва дарахт бўйлаб қуёш нурларини бир хилда тарқалишига эришиш
УФО усули икки ўлчамли усул бўлиб тез ҳосилга киради ва юқори ҳосилдорликка эришиш имкониятини беради. Мевалар асосан спуркуртакларга эга шохларда ҳамда 1 ёшли новдаларнинг қуйи қисмида пайдо бўлади. Ушбу усул симбағаз тизимини талаб этади ва меваларни тўлиқ ердан туриб териш имконини беради. Дарахтлар баландлиги қатор орасининг кенглигидан 20% га узунроқ бўлади.

УФО усули учун бўйи қисқартирилмаган ва ён шохга эга бўлмаган кўчатларни экиш мумкин.
Кўчатларни 45 градус бурчак остида экинг. Тик экиб кейин уни эгиш мутлақо тавсия этилмайди.
Кўчатларнинг учки томони жануб тарафга қаратиб экилади. Кўчатларнинг барча ён шохлари тагидан кесиб ташланади. Дарахтлар орасидаги масо фани кўчатлар билан тўлдириш керак.
Симбағазнинг биринчи сими 50 см баландликда тортилади ва дарахтларнинг танаси ўша баландликда симга бойланади. Биринчи симнинг пастида кўчатда жойлашган барча кўртаклар қўлда тушириб ташланади. Дарахт бўйлаб ҳар 20 см масофада бир дона тик шох ўсишини таъминлаш учун юқори тарафда жойлашган куртакларда новда
ўстириш усулларидан фойдаланинг.
Биринчи йил
Биринчи йилда кўчат танаси бўйлаб 20 см масофада жойлашиб тик ўсадиган 10 та шохга эришиш керак. Ушбу шохларнинг пастки куртакларидан 2-йилда ҳосил олинади. Йил давомида биринчи симнинг пастидан ўсиб чиқадиган новдалар кесилади. Баҳорнинг охирларига келиб ён шохларни ўсиш кучини ўрганиб чиқиш зарур. Бошқаларидан кўра тезроқ ўсаётган кучли новдалар 5 см узунликда қисқартирилади ва ўсиб чиқадиган янги 2 та новда ўстирилади. Шу орқали бундай новдаларнинг ўсиш кучи қолганлари билан тенглаштирилади.
Экилган кўчатларнинг баландлиги 2 метр бўлганлиги сабабли дарахтлар орасидаги масофа қопланади. Агар кўчат узунлиги 2 метрдан узунроқ бўлса уч қисмини тик новда сифатида ип ёрдамида иккинчи симга боғланиши мумкин. Ёзнинг ўртасига келиб жуда кучли ўсаётган новдаларни тагидан кесинг.
биринчи йил тиним даври Агар новдалар қалинлиги 20 см дан яқин бўлса, энг кучсиз ёки энг кучли новдаларни кесиш орқали сийраклатинг. Новдалар узунлиги 2-симга қадар ўсган бўлса, уларни боғланг. Горизонтал ҳолда турган, биринчи симга боғланган, лидер танадан пастга қараб ўсаётган шохларни кесиб ташланг.
Иккинчи йил ўсиш даври
Симбағаз тизимини вертикал ўсувчи новдалар билан тўлдириш керак. Йиллик ўсиш ҳар бир новдада ўртача 65-75 см бўлишига эришиш керак. Бундан кўра кўп ўсиш шохларда мевали гулкуртаклар пайдо бўлишини кечиктиради. Иккинчи йилда горизонтал лидернинг танасидан кам бўлсада ҳосил олиш мумкин. Агар новдалар орасидаги масофа 20 см дан узоқ бўлса, бўш жойлардан янги новда ўсиб чиқишига эришиш учун турли шохлатиш усулларидан фойдаланилади. Йил давомида
новдаларни симларга боғлашда давом этилади. Йил давомида биринчи симнинг пастидан ўсиб чиқадиган новдаларни кесиб ташланади. Баҳорнинг охирларида новдалар ўсишини бир хилдалигини баҳоланг ва жуда кучли ўсаётган шохларни 5 см узунликда қисқартириб кесилади. Кесилган жойдан 2 та кучсизроқ ўсувчи новда чиқишига эришиш мумкин.

Учинчи ва кейинги йиллар
Тик лидер новдаларни симга боғлашда давом этилади. Агар новдалар қалинлиги 20 см дан яқин бўлса ва юқори кучда ўсаётган новдалар бўлса, уларни теримдан кейин тагидан кесиб сийраклатилади. Дарахтларнинг максимал баландлиги қатор орасининг кенглигидан 20% га узун бўлиши мумкин (масалан. қатор ораси 3 метр бўлса,
дарахтларнинг максимал баландлиги 3.6 м бўлиши керак). Дарахтлар баландлигини қисқартириш учун август ойининг охирида кесиш мумкин. Бунинг натижасида қайта ўсиш кам бўлади ва баҳорда кесишга хожат қолмайди.
Йиллик ўсиш ҳар бир новдада ўртача 65-75 см бўлишига эришиш керак. Бундан кўра кўп ўсиш шохларда мевали гулкуртаклар пайдо бўлишини кечиктиради.

Вояга етган дарахтларни ҳосил олиш учун кесиш
Ҳосилдорликни бир маромда ушлаб туриш учун УФО усулида асосий 2 хил кесиш қоидаси мавжуд:
1. Тик мевали лидер шохларни янгилаш
▪ Ҳар йили 1 ёки 2 та энг бақувват лидер шохлар кесилади. Лидер шохларнинг ёши 6-7 дан катта бўлмаслиги керак. Ушбу лидерларни гуллаш даврида ёки гуллашга яқин даврда 2 та куртак қолдириб 5-10 см узунликда қисқартириб кесинг. Ҳар йили 15-20 % тик мевали новдаларни янгилаш тавсия этилади.

▪ Янги ўсиб чиқадиган новдаларни юқорида тушунтирилган усулда симга боғлаб ўстиринг.
▪ Кучсиз ўсувчи янги новдаларни эса тагидан кесиб ташланг
2. Ёндан ўсувчи иккиламчи новдаларни кесиш
▪ Серҳосил навларда тик лидер шохлардаги барча иккиламчи ён шохлар тагидан кесилади. Ўрта ва кам ҳосил навларда ушбу ён новдаларни 3-7 та куртак қолдириб ёки 15 см узунликда қолдириб қисқартириб кесинг. Ушбу куртаклардан мева терилади ва теримдан кейин кесиб ташлаш мумкин. Агар улардан янги новдалар ўсиб чиқса, кейинги йил ҳосили учун қолдириш мумкин.

Манба: Замонавий интенсив гилос боғлари [Матн] / Ш. Аброров. – Тошкент : Baktria press, 2018. – 148 б.