Ўрик парваришлаш

100

Экиш учун тавсия этиладиган ўрик навлари: Қандак, Субҳоний, Исфарак, Кўрсодиқ, Руҳи Жуванон, Хурмои, Шалах, Юбилейний Навоий ва ҳ.к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонида сувнинг юриши ҳисобга олиниб, ер яхши текисланади. Майдоннинг ҳар квадрат метрига 6–10 кг гўнг (чиринди), 200–250 г фосфор, 100–120 г калий ва 150–200 г аммонийли азот ўғити солиниб, чуқур (25–30 см) ҳайдалади.

Ўрик 6×5 м (суғориладиган бўз тупроқларда) ва 4×4 м (шағалли-қумли тупроқларда) схемасида эрта баҳорда – февраль охири–март ойи бошларида экилади. Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмининг 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига, қолган қисми иккинчи томонига олиб қўйилади.

Ўрага 350–400 г фосфор, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади. Кўчатни экишдан олдиндан тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олиш лозим.

Кўчат ўрага тик ҳолда қўйилиб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатни пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида қолиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлатиб сув қуйилади. Шунда тупроқ зичланиб, ниҳол яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб, тўлдирилади. Кўчатлар тупроқнинг намлигига қараб вақти-вақти билан суғориб турилади.

Томорқа майдони 3 сотих бўлса, ушбу майдоннинг қуёш тушадиган шарқдан жанубга қараган томонга ўрикнинг навларидан 1–2 тупдан экиш тавсия қилинади. Томорқа майдони 6 сотих бўлса, ярмига сабзавот экинлари, қолган қисмига эса мевали дарахтлар, 10 сотих бўлганда сабзавот учун майдон қолдириб, қолган каттароқ қисмига мевали кўчатларни жойлаштириш мумкин.

Қандак ўрик – қанддек ўрик.

Минг дардга даво ўрик.

Оталар сўзи

 

 

 

 

 

 

Парваришлаш. Ўрикка шакл беришнинг яхши усули қаватлаб сийраклаштиришдир. Биринчи қаватда иккита шох қолдирилиб, кейинги шохлар бир-биридан 30–35 см масофада жойлаштирилади. Ўрик шохлари дастлабки йилларда кучли ўсганлиги учун биринчи йилдан бошлаб баҳорда сийраклаштиришдан ташқари, дарахт танасининг давоми бўлган йирик бир йиллик кучли қисқартирилади.

Томорқадаги ўрик дарахтларига соф ҳолда 300–350 г азотли, 250–300 г фосфорли ва 200–250 г калийли ўғитлар солиниши тавсия қилинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни оширади. Бўз тупроқларда ўрик дарахтлари ўсув даври мобайнида 4–6 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Ўрик дарахтига зараркунандалардан мева канаси, бинафша ранг қалқондор, касалликлардан клястероспориоз (тешик доғ) зарар келтиради.

Бинафша ранг қалқондорга қарши эрта баҳорда куртаклар ёзилгунга қадар Перфекто 17,5 % сус.к. (10 сотихга 15–20 мл) ва Багира 20% с.э.к. (10 сотихга 20 мл) пуркалади. Мева канасига қарши Перфекто 17,5 % сус.к. (10 сотихга 15–20 мл) препарати пуркалади. Клястероспориоз касаллигига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизли (100 л сувга 3 кг мис купороси ва 3 кг сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади. Касалликка қарши препаратлар куртаклар ёзилгунига қадар, кузда ва эрта баҳорда пуркалади.

Ҳосилни йиғиштириш. Ўрик навлари асосан баҳор-ёз ойларида пишиб етилади. Мевалар тўлиқ пишганда териб олинади. Бунда қўл билан бир мева узиб олиниб, оҳиста саватларга жойланади. Кўпинча мевалар бир вақтда пишмаганлиги сабабли, улар танлаб-танлаб бир неча бор терилади. Ҳар бир нав пишган пайтида ўзига хос рангга ва тусга киради. Меванинг пишганлиги шунга қараб аниқланади.

Манба: mehnat.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!