Уй шароитида (томорқада) маккажўхори етиштириш бўйича тавсия

Аҳамияти. Маккажўхори энг қимматли, юқори ҳосилли дон экини ҳисобланиб озиқ — овқат, ем — хашак, техник ва агротехник аҳамиятга эга. Озиқ-овқат сифатида маккажўхорининг дони ишлатилади. Унинг дони жуда ҳам тўйимли ҳисобланиб, таркибида ўртача 10,6% клетчатка, 1,4% кул моддалари бор. Лекин, маккажўхори донида оқсил миқдори кам бўлади. Шу сабабли маккажўхори унига 25-30% буғдой уни қўшиб нон ёпилади. Маккажўхори дони таркибида ёғ моддаси (4,3-5,0%) кўп бўлганлиги учун унинг уни тез ачийди. Дон муртаги махсус машиналарда ажратиб олиниб, қолган қисмидан ун тайёрланади, чунки маккажўхорининг муртаги таркибида 25 — 40 % гача мой моддаси бўлиб, ундан озиқ — овқат учун ишлатиладиган мой тайёрланади. Бундан ташқари, маккажўхори донидан ёрма тайёрланади, сут — мум пишиш даврида уни қовурилган (бодроқ) ва қайнатиб пиширилган ҳолда озиқ — овқат сифатида ишлатиш мумкин. Шу даврда унинг донидан консерва тайёрлаш ҳам мумкин. Ем — хашак сифатида маккажўхорининг дони ва пояси ишлатилади. Унинг дони жуда тўйимли (1 кг маккажўхори дони 1,34 кг озуқа бирлигига эга) ҳисобланиб, уй паррандаларига ва молларга бутунлигича ёки ёрма ҳолида берилади.
Маккажўхорининг пояси молларга кўклигича берилади, ундан хашак тайёрланади, дони сут — мум пишиш даврида ўрилганда эса унинг поясидан юқори сифатли силос тайёрлаш мумкин. Маккажўхори силосининг бир килограмми тўйимлилиги жиҳатидан 0,20 — 0,25 озуқа бирлигига, сўтаси билан бирга бостирилганда эса 0,40 озуқа бирлигига тенг бўлади.

Ўтмишдош. Маккажўхори ер танламайди. Уни ҳар қандай экиндан бўшаган ерга экиш мумкин. Маккажўхорига ғўза, дон ва айниқса, дон — дуккакли экинлар яхши ўтмишдош экин ҳисобланади. Маккажўхорини маккажўхоридан кейин ва уни такрорий экин сифатида экилганда ҳам яхши натижа беради.

Ўғитлаш. Кузги шудгордан олдин органик ва минерал ўғитлар берилади. Органик ўғит — гўнг кузда гектарига 10 — 20 тоннадан солинади. Бундан ташқари, кузда ҳар гектар экин майдонига 50 — 80 кг фосфор ва 30 — 50 кг калий ўғитлари солинади. Экиш вақтида гектарига 10 кг фосфор ва 10 кг калий солинади. Ўғит уялаб берилганда маккажўхорининг ҳосили 15 — 20 % га ошади. Озиқлантириш ҳам маккажўхори ҳосилини оширади. Ўсиш даврида маккажўхори икки марта,биринчи марта ўсимликда 3 — 4 барг ҳосил бўлганда ва иккинчи оталик тўпгули ҳосил бўлишига 8 — 10 кун қолганда озиқлантирилади. Биринчи озиқлантиришда гектарига 60 — 80 кг азот, 40 — 60 кг фосфор ва 30 кг калий, иккинчи озиқлантиришда эса 60 — 80 кг азотли ўғитлар берилади.

Ерни тайёрлаш. Маккажўхори экиш учун ер кузда шудгор қилинади. Тупроқнинг хусусиятига қараб шудгорлаш чуқурлиги 28 — 30 см ва ундан ҳам чуқур бўлиши мумкин.

Уруғни экишга тайёрлаш. Ҳозирги вақтда уруғликни ҳар бир хўжаликда тайёрлаш мумкин. Бу ҳолда маккажўхори уруғлари экиш давригача сўтада сақланиши керак. Сақлаш даврида буларнинг намлиги 14-15% дан ошмаслиги шарт. Экишга 10-15 кун

қолганда сўталар янчиб олинади. Экиш учун сўтанинг ўрта қисмидаги донлар ишлатилади. Сўтанинг остки ва устки (уч) қисмидаги донлари бир хил катталикда бўлмаганлиги сабабли уларнинг униб чиқиш даражаси паст бўлади. Экиладиган уруғнинг тозалиги 99-99,8%, униб чиқиш даражаси 85-95 % бўлиши тавсия этилади.

Экиш муддати ва усуллари. Маккажўхори баҳорда тупроқ ҳарорати 10 оC га етганда экилади. Бундан ташқари уни ёзда такрорий экин сифатида ҳам экиш мумкин. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида 15-20 мартда, Тошкент, Самарқанд вилоятларида ҳамда Фарғона водийсида 20-25 мартда, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида 10 апрелда экилади. Умуман, ҳар бир вилоят шароитида чигитни экиш бошлангунча маккажўхори экишни тамомлаш керак. Маккажўхори кечки муддатларда экилганда, уни ҳосили анча пасаяди. Маккажўхори кенг қаторлаб, қатор ораси 60, 70, 90 см қилиб экилиб, унинг навига қараб ҳар 15 — 20 см оралиғида битта ўсимлик қолдирилади. Эртапишар нав ва дурагайлар экилганда бир гектар ерда 70 — 80 минг ўсимлик, ўртапишар нав ва дурагайлар экилганда эса бир гектар ерда 50 — 55 минг ўсимлик қолдирилиши керак. Кечпишар навлар (Ўзбекистон тишсимон) ва дурагайлар экилганда эса бир гектар ерда 40 минг кўчат қолдирилиши керак. Ҳар гектар ерга сарф бўладиган уруғнинг миқдори унинг йириклигига ва униб чикиш даражасига боғлиқ. Шу хусусиятларига қараб уруғнинг экиш меъёри 15-20 кг дан 25-30 кг гача бўлади. Уруғ тупроқнинг 7-10 см чуқурлигига кўмилади.

Экинни парвариш қилиш. Маккажўхорини парвариш қилиш тупроқ қатқалоғига қарши кураш, қатор ораларини ишлаш, ягоналаш, озиқлантириш, суғориш ва уруғлик майдонларида қўшимча чанглашдан иборат. Бегона ўтларни йўқотишда ҳозирги вақтда экишдан олдин агелон (4 — 6 кг/га) атразин (3 — 8 кг/га) треflан (1 — 2 кг/га) ишлатилади. Майсаланиш даврида — 2,4Д амин тузи 2 кг/га 2,4Д бутил эфри (0,4 — 1,2 л/га қўлланилади, бу гербисидлар яхши натижа бермоқда.

Суғориш. Маккажўхори навига, тупроқ шароитига қараб 3 мартадан 6 мартагача суғорилади. 1-2 сув ўсимлик тўпгул чиқармасдан олдин берилади. Биринчи сув майса пайдо бўлгандан сўнг 20-25 кун ўтгач ва иккинчи сув 20-25 кундан кейин берилади.

Бу суғоришларда гектарига 700-800 м3 сув берилади. Тўпгул чиқариш даврида ва дон етилиш даврида маккажўхорининг сувга талабчанлиги яна ҳам ортади. Бу даврда тез — тез сув бериб туриш керак. Ҳар 12-15 кунда 800-900 м3миқдорда сув берилади. Маккажўхорини такрорий экин сифатида кузги экинлардан бўшаган ерларга экиш алоҳида ўрин тутади. Бу ҳолда кузги экинлар тез муддатда йиғиб олинади, ер экишга тайёрланади ва уруғ экилгандан сўнг суғорилади. Умуман, маккажўхори такрорий экин сифатида экилганда унинг агротехникаси, баҳорда экилгандаги маккажўхори агротехникасидан кам фарқ қилади. Фақат маккажўхорининг эртапишар нав ва дурагайлари такрорий экин сифатида экилиши керак.

Ҳосилни йиғиб олиш. Силос учун экилган маккажўхори донининг сут — мум пишиш даврида ўрилади. Бунда КСК — 100, «Вихр», КС – 18 ва бошқа замонавий русумли комбайнлари ишлатилади. Томорқа шароитида парваришланганда барча меҳнат қўл кучи ёрдамида амалга оширилади. Дон учун экилган маккажўхорининг дони тўла пишганда, сўта қобиқлари қуриганда йиғиштириб олинади. Бунда «Херсонетс-200», «Херсонетс-72» русумли махсус комбайнлар ишлатилади. Бу комбайнлар бир йўла маккажўхорини ўриш, поясини майдалаш, сўталарни поядан ажратиб олиш ва уларни қобиғини арчиш каби ишларни бажаради. Сўталар эса хўжаликда оддий молотилка ёки комбайнда янчилади.

Иқтисодий самараси (нархлар 2017-йил ҳолатига). 10 сотих майдонга 3 кг маккажўхори уруғи учун 3 минг сўмдан бўлса, 9 минг сўм сарflанади. Умумий харажатлар 150 минг сўмни ташкил этади. Ҳосилнинг бир килограми 2800 сўмдан сотилганда (ўртача 10 сотихдан 350 кг ҳосил олинада) 980 минг сўм бўлади. Шунда 10 сотих майдондан (поясидан ташқари) 830 минг сўм соф фойда олиш мумкин.
Манба: «Томорқа — даромад манбаи» қўлланмаси

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!