Узумни қуритиш усуллари: обжуш усулида қуритиш

Ўзбекистоннинг иқлим шароити узум қуритиш учун ниҳоятда қулай. Иссиқ ёзнинг давомийлиги, нисбий намликнинг паст бўлиши, аъло сифатли майиз ва хўраки узум навларининг етиштирилиши, халқнинг анъанавий тажрибалари, шунингдек фан ютуқлари, қуёшли очиқ ҳавода ва сояда мева қуритиш усулларидан кенг фойдаланишга, кам маблағ сарфлаб, юқори сифатли маҳсулот олишга имкон беради.

Қуритиш учун товар сифати юқори бўлган хом ашёни кескин кўпайтириш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу вазифаларни муваффақиятли адо этиш учун ҳар бир хўжаликдаги токзорда комплекс агротехника тадбирларини энг қулай муддатда тўлиқ ва юқори сифатли қилиб ўтказиш зарур.

Қуритилган маҳсулот миқдорини кўпайтириш ва унинг сифатини яхшилаш учун ҳосилни териб олишга икки ҳафта қолганда ток барглари олиб ташланади, новдалари чеканка қилиниб, суғориш тўхтатилади. Чунки мева таркибида ортиқча намликнинг сақланиши қуритиш вақтини бир мунча кечиктиради.

Кишмиш нав узум таркибида қанд моддаси 23–25% ни, майизбоп узум таркибида эса 22–23% ни ташкил қилинган пайтда қуритилади. Қуритиш учун энг яхши навлар қуйидагилар ҳисобланади:

Уруғсиз – “Оқ кишмиш”, “Қора кишмиш”, “Хишров кишмиши”, “Согдиана кишмиши”, “Ботир кишмиши”, “Зарафшон кишмиши” ва бошқалар.

Майиз учун – “Каттақўрғон”, “Штур ангур”, “Ризамат”, “Қора жанжал”, “Қора калтак”, “Султони”, “Нимранг”, “Александрия мускати”.

Узумни обжуш усулида қуритиш

Бу усулнинг ўзига хос хусусияти шундаки, бунда мевага аввал каустик соданинг қайнаётган сувдаги аралашмасида ишлов берилади (бланширлаш), сўнгра узум сортларига ажратилгандан кейин саватларга 2–3 кг дан солинади ва каустик сода аралаштирилган қайнаётган қозонга туширилади. Сувга аралаштириладиган каустик сода 0,3–0,4% ни ташкил қилади, ишлов бериш (узум солинган саватни қозонда тутиб туриш) вақти 3–6 секунд давом этади. Бунда узум донасининг юпқа пўстида ингичка ёриқлар пайдо бўлади ва дона пўсти устидаги мумсимон ғубор йўқолади. Бу донасидаги намнинг тез буғланишини таъминлайди ва қуритиш процесси тезлашади. Қуритилган маҳсулот ортади.

Қозондан олинган узумли саватлар, эритма оқиб тушиши учун панжаралар устига бир неча минутга қўйилади, сўнгра патносларга ёки майдонга ёйилади. Тайёр кишмиш таркибида ишқор бўлмаслигига сабаб, у мева пўстининг ёриқларидан кирган кислоталар билан тўла реакцияга киришиб, йўқолиб кетади.

Untit123458954210led.png (1.23 MB)

Ишқорнинг кислоталар билан реакцияга киришишида инсон организми учун зарарсиз бўлган жуда оз миқдорда органик тузларнинг пайдо бўлиши кузатилади. Қуритиш учун ёйилган узумлар 3–4 кундан кейин ағдарилади ва тайёр бўлгунга қадар қуритилади. Қуритиш 6–12 кун давом этади. Қуритилган маҳсулот чиқиши 25–26% ни ташкил қилади.

Маҳсулотнинг ёғин-сочиндан ва ифлосланишдан химоя қилинмаслиги бу усулнинг камчиликларидан биридир. Бундан ташқари оч рангли узум навлари бу усулда қуритилганда, улар табиий кўк рангни йўқотади, тайёр маҳсулот қора –жигарранг тус олади, натижада сифати пасаяди ва маҳсулот бирмунча паст баҳоларда сотилади.

Манба:

Р.М. Абдуллаев ва бошқалар (2013). Узум етиштириш ва майиз қуритишнинг замонавий технологияси. Тошкент: «Sharq».

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!