Узумнинг шароббоп навларининг ҳосилдорлик кўрсаткичлари

Узумчилик қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигида узум етиштириш уч йўналишда олиб борилади: хўраки узум етиштириш, майиз қилиш ҳамда вино тайёрлаш.
Дунё бўйича узум ҳосилининг 80% вино, 16% истеъмол учун ва қолган 4% эса майиз тайёрлаш учун ишлатилади. Ток навларининг асосий белгиларидан бири бу – унинг ҳосилдорлигидир. Ток тупининг ҳосилдорлик кўрсаткичлари шу йилги пишиб етилган новдаларидаги қишловчи куртакларда шаклланган тўпгул муртагининг миқдори ва
уларнинг турли давридаги ҳолатини аниқлаш йўли билан белгиланувчи (биологик ҳосилдорлик), ўсимлик органик маҳсулотлари массасини кўрсатувчи (биологик ҳосилдорлик), ҳар бир ток тупи ёки бир гектар майдондаги етиштирилган ҳосилни
умумий миқдори билан белгиланувчи (хўжалик ҳосидорлиги), шунингдек, энг олий шароитда қишки куртакларнинг 100% ҳосил бериш қобилиятига эга бўлгандагина олиш мумкин бўлган (ҳақиқий) ҳосилдорлик кўрсаткичи, яъни ҳақиқий ҳосилдорлик муҳим аҳамият касб этади. Булардан ташқари, ток тупи маҳсулдорлигини аниқлашда
унинг ҳосилдорлик коэффициенти ва новдалар ҳосилдорлиги энг муҳим нав белгиларидан ҳисобланади. Шунинг учун тажрибада ўрганилаётган узумнинг шароббоп навлари ҳосилдорлик коэффициентини, яъни битта ҳосилли новдадаги узумбошлар сонини ва ҳосил бериш коэффициентини ёки ток тупидаги узум бошларнинг кўрсаткичларини барча ривожланган новдаларга нисбатан аниқлади. Навларнинг ҳосилдорлиги ер бирлигига ёки бир гектарга тўғри келадиган ҳосил новда-
лари сонига шу новдалардаги мавжуд узум бошлар сонига ва ҳар бир узум бошнинг ўртача оғирлигига боғлиқдир.Бу омиллар бўйича юқори кўрсаткичга эга бўлган узумнинг шароббоп навлари ҳар доим ер бирлигидан юқори ҳосил беради. Ҳосилдорлик коэффициенти – битта ҳосилли новдадаги узум бошларининг сонига айтилади.
Навнинг асосий белгиларидан ҳисобланиб, шароббоп навларда одатда 1-2 та, баъзан эса 2-3 та бўлиши мумкин. Бу кўрсаткични ток кесиш вақтида новдаларни керакли миқдорда ва узунликда қолдириш, токнинг озиқа ва сув режимини яхшилаш, новдаларнинг учини чилпиш, чеканка қилиш, ток новдаларини симбағазларга эгиброқ
боғлаш каби тадбирлар ёрдамида ошириш мумкин.
Ҳосил бериш коэффициенти – ток тупидаги узум бошларининг барча ривожланган новдаларга бўлган нисбати. Узум навига қараб ушбу коэффициент 0,2 дан 2 гача ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Ҳосил бериш коэффициенти тупроқ-иқлим шароитлари, сув ва бошқа агротехника тадбирларига боғлиқ бўлади.
Узумнинг шароббоп навлари ҳосил новдалари кўрсаткичлари ҳар хил бўлиши аниқланди. Жадвал маълумотларидан кўриниб турибдики, узум шароббоп навларининг ҳосил новдалари кўрсаткичлари 53,2-70% га тўғри келди.
Узум шароббоп навларининг ток тупидаги ҳосилли новдалари навга боғлиқ равишда ўзгарди. Узумнинг шароббоп навларининг ҳосилли новдалари структураси таҳлил қилинганда улар сони 1 ва 2 узум бошли новдалардан иборат эканлиги аниқлади. Ҳосилли новдаларнинг аксарият қисми 2 узум бошли новдалардан иборат бўлди.
Узумнинг шароббоп навларида ривожланган новдалар сони ҳамда ҳосилли новдалар сони бўйича бир-биридан фарқ қилади. Ҳосилли новдалар структурасига кўра, улар 1 ва 2 узум бошли новдаларга бўлинади. Ҳосилнинг асосий қисми – деярли 80% дан
юқориси 2 узум бошли новдаларида бўлади. Бунда энг кўп ҳосилли новдалар Алеатико,Рубиновий ва Пино чёрний навларида 70% ни ташкил қилди.
Битта ҳосил новдадаги узум бошлари 1,4-1,6 тагача тўғри келиши аниқланди. Ҳосилли новда энг кам Кардинал навида 53,2% ни ташкил қилди.
Хулоса. Ҳосилли новдаларнинг энг кўп Алеатико, Рубиновий ва Пино чёрный навларида 70% ни ташкил қилди. Битта ҳосил новдадаги узум бошлари 1,4-1,6 тагача тўғри келиши аниқланди. Ҳосилли новда энг кам Кардинал навида 53,2% ни ташкил қилганлиги қайд этилди.

Жамолиддин ФАЙЗИЕВ, профессор, Сарвиноз ҚУРБОНОВА, магистр, ТошДАУ.

Манба: «O‘ZBEKISTON QISHLOQ VA SUV XO‘JALIGI» аграр-иқтисодий, илмий-оммабоп журнал. 2021 йил, №8. Август