Куз ойларида узум сайиллари авж олади. Узумнинг таркибида А, C, В6 витаминлари ва фолат (фолат кислотаси), шу билан бирга, организм учун зарур бўлган кальций, калий, темир, магний ва фосфор минераллари мавжуд. Бундан ташқари, унинг таркибида камёб модда — флавоноидлар бўлиб, улар қаришга ва эркин радикалларга қарши курашувчи жуда кучли антиоксидантлардир.
Бир қарашда мева — енгил таом кўрингани билан, лекин узум анча қийин ҳазм бўлади. Уни ошқозон-ичак касалликлари билан оғрийдиган беморлар камроқ еганлари маъқул. Бундан ташқари, узумда жуда кўп миқдорда глюкоза ва фруктоза мавжуд бўлиб, улар қонга жуда тез сўрилади ҳамда қондаги инсулин ортиб кетади. Шунинг учун ҳам ошқозон ости бези касалликлари ёки қандли диабет, ортиқча вазн билан оғрийдиган беморлар узум камроқ истеъмол қилиши лозим. Узум табиий маҳсулот бўлса-да, истаганча еб бўлмайди. 0,5 килограмм узум соғлом одам учун ҳам жуда кўп. Меъёрда узумни кунига 10-15 дона истеъмол қилган маъқул.
Шунингдек, ушбу мева қанчалик тўқ рангда бўлса, аллергия чақириш хавфи ҳам шунча юқори бўлади. Бироқ шу билан бирга, тўқ рангли турларда инсон организми ҳимоя кучларини мустаҳкамловчи антиоксидантлар бирмунча кўп бўлади.
Кўпчилик узумни еганда уруғларини чиқариб ташлайди. Айтиб ўтиш керакки, узум данакчалари А, E, К витаминлари ҳамда катта миқдорда табиий ёғлар манбаидир. Бу моддалар эса инсон организми ҳужайраларини мустаҳкамлаб, кишини ёшартиради. Шунинг учун ҳам диетологлар узумни уруғи ва пўсти билан ейишни буюрадилар.
Айримлар узум семиртиради, деб бу мевани умуман истеъмол қилмайдилар. Гап шундаки, узум иштаҳани очади. Агарда сиз тўйимли таомномангизга узумни ҳам киритсангиз, у албатта, семиришга олиб келади. Аммо енгил таомлар қаторида, оз миқдорда истеъмол қилинган узум қоматингизга ҳеч қандай зарар етказмайди.
Узум ўзининг шифобахш хусусиятлари билан кўпгина касалликларга даво бўлади. У инсон организмини умумий мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, шарбати — нафас сиқиши (астма)да ёрдам беради, юрак мускулларини мустаҳкамлайди ва қондаги азот оксиди миқдорини ошириб, қон қуюлиши ва тромбларнинг олдини олади. Яна шунингдек, узум — пешоб ҳайдайди ҳамда буйраклар ва ўт пуфаги фаолиятини ҳам яхшилайди.
«Дўстлик байроғи» газетаси