Хандон пистанинг фойдали хусусиятлари

Писта дарахтини комбинат дарахт деб аташади, чунки унинг барча қисмлари (ёғочи, барглари, мевалари, қатрони) одамлар томонидан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилиши мумкин.

Писта ёнғоғи – юқори калорияли парҳез мева бўлиб, унинг мағизида 40 дан 60% гача (ва ундан кўп) мойлар, 15-20% оқсиллар, 3-8 % қанд моддалари ва бошқа кўплаб микроэлеменлар бор. Юксак сифатли мазаси туфайли писта мевалари жаҳон бозорида ёнғоқ ва бодомдан 3-4 баравар юқори баҳоланади.

Бундан ташқари, писта ёнғоғининг мағзи писта мойини олишда, қатор қандолатчилик ва пазандачилик маҳсулотларини (музқаймоқ, тортлар, колбаса маҳсулотлари) тайёрлашда қўлланилади. Шунингдек кўплаб шарқона ширинликлар, жумладан, шарбат ва рохат-луқум таркибига киради. Пистадан жуда ширин суррогат қаҳва тайёрланади.

Абу Али ибн Синонинг Тиб қонунлари асарида жигар, ошқозоннинг қатор касалликларини даволашда пистага ташқи яраларни битирувчи восита сифатида катта ўрин ажратилган. Писта сурункали ўпка касалликларини даволашда ҳам қўлланилади. Мағзи устидаги қатламдан тайёрланган настойкани ошқозон касалликларида истъмол қилишади. Минг йиллаб давомида Шарқда пистани одам вужудидан зарарли моддаларни чиқарувчи ажойиб даволаш воситаси деб ҳисоблашган. Суриялик табиблар ва форс табиблари ортиқча вазндан халос бўлиш ва сарвиқомат бўлиш истагидаги одамларга писта истеъмол қилишни буюришган.

Писта дарахти тери ошловчи моддалар, тиббий танин ва қатрон олиш манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ширанинг айрим турлари тушганда писта дарахти баргларида пайдо бўладиган бузғунчлар таркибида қуруқ ҳолатда 50% танин мавжуд бўлиб, у тиббиёт саноати учун юқори қийматли хом ашё ҳисобланади. Шунингдек писта дарахти баргларида танидлар ҳам бор (17,7-18%), улардан матоларни (жун газлама, ипак, калава) қора ва жигар рангнинг нозик турларига бўяш учун бўёқ моддалари олинади.

Писта қатрони, писта терпентини деб ҳам аталади, юксак техник хусусиятлари билан ажралиб туради, локларни тайёрлашда ишлатилиши мумкин ва самолётсозликда кенг қўлланилади.

Ўрта ер денгизи ҳавзаси мамлакатларида (Эрон, Туркия, Сурия ва б.) юқори даромад келтиргани туфайли писта дарахтини “яшил олтин” ёки “олтин дарахт” деб аташади. Айни пайтда ушбу мамлакатларда асосий маҳсулот ёввойи ҳолда ўсаётган чакалакзорлардан эмас, плантациялардан олинади. Мазкур мамлакатлар пистазорларни парваришлаш бўйича минг йиллик тарихга эга ва ушбу дарахт айниқса жанубий провинцияларда аҳоли турмуши ва фаровонлигининг асосий манбаи бўлиб келмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!