Хирмон баракали, ризқимиз бут бўлади

4

Юртимиз қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи бўлган пахтачиликда кластер тизимининг жорий этилгани ҳудудлар тараққиёти, янги иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлмоқда.

Навоийлик фермерлар томонидан ўтган йилдан йўлга қўйилган бу усул бугунги кун­да бутун республикамиз бўйлаб амалда қўлланилаётгани биз учун фахр, албатта. Янги тизим асосида воҳамизда етиштирил­ган пахта тўлиқ қайта ишланиши имконияти яратилди. 2017 йилда фермерларимиз етиш­тирилган «оқ олтин» хирмонидан 202 миллиард сўмга яқин даромад олган бўлса, шундан 44 миллиарди соф фойдани ташкил этди.

Жорий йилда ҳам вилоятимизда пахта ҳосили учун 1274 та фермер хўжалигининг 33 минг 288 гектар майдонида чигит экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Ушбу мавсум муносабати билан барча ту­манларда семи­нарлар ташкил этилиб, ерга барака уруғи қадаляпти.

Қизилтепада ҳам экиш мавсуми уюшқоқ­лик билан олиб борилмоқда. Туманнинг «Арабон» ҳудудидаги «Султонмаҳмуд Бўсто­ний» фермер хўжалиги ер майдонида туман фаоллари ва фермер хўжаликлари раҳбар­лари иштирокида намунали тарзда чи­гит экиш тадбири ташкил этилди. 2017 йилдан буён фаолият кўрсатиб кела­ётган хўжалик­нинг жами экин майдони 65,5 гек­тарни ташкил этади. Агро­техник тадбирларнинг ўз вақти­да ва самарали ташкил этили­шида 17 нафар ишчи­нинг хиз­ма­ти катта бўлаётир.

— Чигитнинг «Бухоро-6» на­ви­ни экяп­миз, — дейди фермер хў­жалик раҳ­бари Маҳмуд Сул­тонов. — Туксиз­лан­ти­рил­ган, кимёвий во­си­та­лар би­лан бо­йитилган ушбу нав чидамли­ли­ги ва ҳо­сил­дорлиги билан аж­ралиб туради. Шу­нинг­­дек, унга зарар­ку­нан­­да­лар ҳам шикаст етказ­май­ди. Юр­тимиз қишлоқ хўжалигида клас­тер тизимининг жорий этил­гани дарома­димиз ошишини таъ­­мин­ла­япти. Бу йил соф фойда ҳисо­би­дан янги тех­никалар со­тиб олиш­ни режа­лаштирганмиз.

«Варозун» маҳалласида фао­лият кўрсатиб келаётган «Оҳан­рабо ўлка» фермер хўжа­лиги ҳам ту­ман­даги энг илғор­лардан ҳи­собланади. Хўжа­лик раҳбари Қуд­ратилла Аҳмедов ернинг «тилини би­лади­ган», тажри­бали деҳқон­лар­дан. Ташкил топ­га­нига ўн йил­дан ошган хўжаликнинг уму­мий ер майдони 80 гектар бўлиб, бу­гун­ бу ерда чигит экиш иш­лари авж палласи­да. Хўжалик қарийб 6 йилдан буён янгича экиш усулидан фойда­ланиб кел­моқда. Яъни, махсус техника орқали ерга уруғ қадашдан олдин ма­ҳаллий ўғит сепиб чиқилади. Замонавий ускуна ўғитнинг ҳар бир қарич ерга бир меъёрда ту­ши­шини таъминлайди.

— Ушбу тажриба орқали ҳо­сил­дорлик 10 центнерга ошмоқда, — дей­ди Қ. Аҳмедов.— Айни пайтда чи­гит экишга мўлжалланган май­дон­ларда шу усулни қўлламоқ­да­миз. Юртимиз­да деҳқон меҳ­натига муносабат ўз­гариб бора­ёт­гани миришкорларнинг ғай­ра­тига-ғай­рат, ши­жоа­тига-шижоат қўш­моқда.

Чигит экиш мавсуми Навбаҳор, Хатирчи, Кармана ва Конимех туманларида ҳам қиз­ғин давом эт­моқда. Ризқ-рўзимиз бутлиги йў­лида изланаётган, тунни кунга улаб меҳ­нат қилаётган фермер­лари­миз­нинг бугунги саъй-ҳа­ракатлари эъ­тирофга лойиқ, албатта.

Отабек АСЛОНОВ, журналист.

 «Дўстлик байроғи» газетаси

Дўстларингизга ҳам улашинг!