Хурмо боғларини ўғитлаш

Хурмо дарахтининг озиқага талаблари ҳаётининг турли даврларида турлича бўлади. Ҳосилга киргандан кейин дарахтнинг ўғитга бўлган талаби йил давомида ўзгариб боради. Бу, биринчи навбатда, бир нечта вегетатив ўсиш ва ҳосил бериш жараёнларига алоқадор фазалар билан боғлиқ: куртакларнинг бўртиши, новдалар ва барглар ўсиши, гуллаш, мева тугилиши, мева ривожланиши, гул сўрилиши, мева етилиши, дарахтларнинг захира озиқа йиғиши ва қишки тиним даврга ўтиши каби. Озуқавий нуқтаи назардан куртакларнинг ривожланиши алоҳида муҳим аҳамиятга эга. Бу фаза қисқа муддат ичида тез рўй беради ва бошланишида, асосан, дарахт бир йил олдин йиғган озуқа захиралар ҳисобига амалга ошади, чунки хурмо кеч барг ёзади ва яхши фотосинтез фаолиятини куртаклар бўртгандан кейин 15 кун ўтгач бошлайди. Шуниндек, мевалар ривожланиш фазаси ҳам дарахтда етарлича озуқа моддалари бўлинишини талаб этади. Азотнинг хурмо томонидан ўзлаштирилиши июль ойигача кучайиб боради ва кейинги ойлар давомида бу кўрсаткич кескин тушиб кетади; энг
кўп сўриладиган давр май ва август ўрталарига тўғри келиб, бу даврда хурмо дарахтлари жами йиллик талабнинг 68 фоизини истеъмол қилади. Хурмо навлари кам миқдордаги ўғит билан ҳам яхши натижа бераверади. Азотдан ортиқча фойдаланиш мевалар тўкилишига сабаб бўлиши мумкин. Агар барглар тўқ яшил тус олмаса ва новдаларнинг йиллик ўсиш узунлиги 30 см гача етмаса, ўртача қувватга эга ўғит билан дарахтга куч бериш мумкин. Дарахтларни ўғитлантириш бевосита дарахт остидан кеч қишда ёки эрта баҳорда амалга оширилади. Хурмо дарахтларига йил давомида уч марта ўғит солиш лозим: биринчи – март ойида, дарахтлар ҳали уйқуда эканлигида, иккинчи – август охири ёки сентябрь ойининг бошида.
Ўзбекистон шароитида ёш хурмо боғларига, ҳали ҳосилга кирмаган дарахтларга соф ҳолда азот 40-60 кг/га, фосфор 60-90кг/га ва калий 20-30 кг/га берилади. Вояга етган дарахтларга бир гектар майдон учун ҳар йили дарахтнинг ўсишига қараб, соф ҳолда 100-120 кг азот, 70-100 кг фосфор ва 90 кг калий солинади. Бир вақтда 10-20 тонна чиринди ҳам берилади. Бу йиллик миқдор ҳисобланади ва бунинг 50% қисми март ойида, қолган қисми эса август ойи охирида берилади. Азотни нитрат кўринишида қўллаш тавсия этилмайди, сабаби унинг тез таъсир этиши мева тўкилишига олиб келиши мумкин. Дарахтларни ёши ва ҳосилдорлиги ошиши билан бир қаторда минерал ва органик ўғитнинг миқдори оширилиб борилади. Баҳор ойларида ҳосилдор хурмо дарахтларида катта энергия билан бир вақтда ўсиш новдалари, мева новдалари ва гул куртакларининг ҳосил бўлиши, гуллаш ва мева тугиш жараёни қисқа муддат ичида катта энергия сарфлангани учун кўп озуқа талаб қилади. Ёзда берилган озуқа дарахтнинг ривожланишига, новдаларнинг ўсишига, меваларнинг етилишига ижобий
таъсир кўрсатади.

Манба: «Хурмо етиштириш» Тузувчи: И. Ч. Намозов – Тошкент давлат аграр университети Мевачилик ва узумчилик кафедраси доценти, қ.х.ф.ф.д.

Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ.