ХУРМО МЕВАЛАРИ НИМА УЧУН ПИШМАЙ ТЎКИЛАДИ?

Хурмо меваларининг тўкилиши ўсиш даври давомида бир неча марта рўй бериши мумкин. Биринчи тўкилиш гул барглари тўкилгандан кейин бошланиб, 2–3 ҳафта давом этади. Гуллашдан кейин юз берадиган бу мева тўкилиши дарахтдаги ҳосил миқдорини меъёрга келтиради. Чангланиш ва уруғ шаклланиши амалга ошмаслиги мева тўкилишига ҳисса қўшувчи омиллар вазифасини ўташи мумкин. Иккинчи мева тўкилиши июнь ойида содир бўлиши мумкин. Изланишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, бу даврдаги тўкилишга қуёш нурларининг дарахт ичига яхши тушмаслиги ва кучли вегетацион ўсиш сабаб бўлиши мумкин. Ёзда дарахтларга солинадиган ўғитлар таркибида катта миқдорда сўриладиган азот бўлмаслиги керак, чунки бу дарахтни кучли вегетацион ўсишга ундайди. Мевалар июль, август ёки сентябрь ойларида ҳам тўкилиши мумкин, аммо бу аввалги икки ҳолатдаги каби доимий эмас.

Мева тўкилиш миқдори навдан навга фарқ қилади: баъзи навларда кўпроқ бўлса, баъзиларида нисбатан камроқ.

Тўкилиш ҳар йили рўй беравермайди. Умумий қилиб айтганда, мевалар тўкилишига чангланиш, вегетацион ўсиш, қуёш нури етишмаслиги, касалликлар, илдиз фаолияти, тупроқ хусусиятлари ва ўтган мавсумда кўп ҳосил берганлиги каби омиллар ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Мева тўкилишидан етадиган зарар яхши чангланиш орқали камайтирилса-да, яна қўшимча чоралар сифатида ёруғлик кириши учун сифатли кесиш, меъёрий ўғитлашни амалга ошириш мумкин. Яна бир муаммо сифатида гул ва мева тўкилишини айтиш мумкин. Бу нарса, айниқса, ёш кўчатлар учун хос хусусият. Агар мева тўкилиши ҳаддан зиёд бўлса, дарахт танасидан эни 4 мм кенгликдаги пўстлоқ қатламини айланасига йўлакча қилиб кесиб олиб ташлаш мумкин. Бу жараён «ҳалқалаш» дейилади ва одатда, гуллаш даврида бажарилади, чангланиш ва мева тугишни жадаллаштиради. Ҳалқалашни ўта эҳтиёткорлик билан амалга ошириш зарур, акс ҳолда дарахтга катта зарар етиши мумкин.

Манба: @agrobloger

Дўстларингизга ҳам улашинг!