Яшил олма бити (Шира) ёки Зелёная яблонная тля (Aphis pomi Deg.) ҳаёт даври, зарарлари ва қарши кураш чоралари

Бугунги суҳбатимиз битлар, яъни маҳаллий тилда ШИРА xусусида бўлади.

Аввалaмбор шира нима эканлигини яхшилаб тушуниб олишимиз зарур. Жуда кўп боғбонлар шира деганда баъзида бошқа нарсани тушунишади. Шира бу битдир. Одатда битларнинг жуда кўп тури бор:

1. Яшил олма бити

2. Шафтоли пўстлоқ бити

3. Олхўри бити

4. Бинафшаранг барг ўровчи бит

5. Қон бити

6. Ёнғоқ бити

7. Нок пашшаси

Бу зараркунанда битларнинг экскрименти (аxлати) шилимшиқ шира кўринишида бўлади. Ва бу шилимшиқ суюқлик мева ва баргларни қоплагандан сўнг унга турли чанг ғубор каби маҳсулотлар ўтиради ва ёпишиб меваларнинг бозоргилигини бузади, баргларда эса фотосинтез (модда алмашинуви) жараёни бузилишига сабаб бўлади.

Аксарият битларга бир xилда чoра кўрилиши мумкин. Шу сабабдан уларнинг биттаси ҳақида тўxталиб ўтсак:

Яшил олма бити (Шира)

Яшил олма бити (Шира) ёки Зелёная яблонная тля ёки (Aphis pomi Deg.)

Тухумлари ялтироқ ва қора (гуруч шаклида), узунлиги 0,5мм. Личинкалари тўқ яшил рангли. Улар ўсган сари яшил ранги очариб боради ва вояга етган қанотсизлари яшил рангда бўлиб, уларда қора мўйловчалар, оёқлар ва антеннасимон учлари бўлади. Эркагининг узунлиги 1,25 миллиметргача, урғочисининг узунлиги 3 ммгача бўлади.

Ҳаёт даври

Битлар тухум босқичида мева куртаклари ва новдалар учида қишлайди. Тухумдан очиб чиққандан сўнг личинкалар дарҳол новдалар учига ўтиб, куртаклар билан озиқлана бошлайди. Аксарият вояга етган битлар одатда қанотсиз бўлиб, ҳар бир авлодда фақатгина оз сонли қанотли битлар пайдо бўлади ва улар битларни тарқатиш билан шуғулланади. Бир мавсумда иқлим шароитидан келиб чиқиб битларнинг 10-17 авлоди бўлиши мумкин. Мавсум давомида тухумлар кўринмайди, чунки бу пайтда урғочи битлар тирик личинкалар туғади. Фақатгина мавсум охирида тухумлар қўйилади (қишлаш босқичи, ҳаёт цикли суратига қаранг).

Яшаш-озиқланиш маконлари

Битлар учун асосий озиқланиш макони бу олма дарахтлари. Баъзан уларни яна нок, беҳи ва дўланада учратиш мумкин.

Зарарлари

Личинкалар ва вояга етган битлар ёш барг ва новдаларнинг шарбатини сўриб озиқланади (агар сони жуда кўпайиб кетса, улар етилган барглар ва шаклланаётган меваларда ҳам топилиши мумкин). Зарарланган новдаларнинг ўсиши тўхтаб, қийшаяди; барглар буришиб, қуриб қолади. Битлар ўзидан ҳидли ёпишқоқ шира чиқаради. Бу ёпишқоқ моддани барглар, мевалар ва шохлар учидан топиш мумкин. Кўпинча қора моғор ширага ёпишиб, меванинг сифатини бузади. Одатда олма дарахтлари яшил олма битининг катта тўдаси (колонияси) ҳ​ужумига чидай олади.

Кузатиш

Қиш пайтида, баҳор келишидан бир оз олдин мева дарахтларга қўйилган тухумлар сонини кузатишингиз мумкин. Европада зарар кўриш даражаси мева берувчи шохнинг ҳар 2 метрида 300 тухум бўлиши билан белгиланади.

Ҳар доим гуллашдан сўнг ёш новдаларда яшил олма бити бор ёки йўқлигини кузатиб боринг. Зарар даражаси ҳар 100 новдага 15 тўда (колония) тўғри келади.

Чумолилар одатда битларни ҳимоя қилади, чунки улар битлар чиқарган шира билан озиқланади. Шу сабабдан мавсум бошида агар дарахтингизда чумолилар ҳаракати кўп кузатилса демак битлар пайдо бўлишни бошлаганидан xабар беради.

Қарши кураш

Баҳорнинг куртак ёриш даврида дарахтларга 4-6% ли ёғ аралашмасини сепинг. Ёғ ҳаракатга келишни бошлаётган эндигина қишдан чиққан тухумларни бўғиб нобуд қилади.

Илдиз атрофидан чиқаётган ўсимталарни (эркак шохлар) тозалаб туринг ва дарахт марказидаги ўта тикка ўсаётган новдаларни ҳам кесиб ташланг, чунки битлар бундай новдалар билан озиқланишни ҳуш кўришади.

Ҳашарот ҳали кўпаймасдан аввал уни қўл билан йўқотиб кўпайиб кетиши олдини олиш мумкин.

Одатда xон қизи ва олтинкўз (битларнинг табиий душманлари) битларга қарши курашда жуда яхши ёрдам беради. Шу сабабдан мавсум бошида перитроид (Нурель Д, Каратэ) инсектицидларни олма қуртига қарши сепиш тавсия қилинмайди, чунки улар битларнинг табиий душманларини қириб ташлайди.

Агар олма қурти каби мевага зарар келтирувчи зараркунандаларга самарали ва тўғри кураш олиб борилса, битлар ўз-ўзидан назоратга олинади. Улар учун ортича чора кўриш талаб этилмайди.

Шундай бўлса-да, агар мавсум пайтида агар кўпайиб кетган битларни қўлда йўқотиш жуда қийин бўлса, Данадим Эксперт (0.8 — 2.0 л/га), Конфидор (0.3 л/га), ёки Моспилан (0.4 — 0.7 кг/га) каби препаратларидан фақат зарар кўрган жойларгагина сепинг. Боғнинг барча қисмига препаратларни фақат ҳашaрoтлар жуда қаттиқ босиб олгандагина сепиш мақсадга мувофиқ.

Дарахтларни азот (N) билан ҳаддан ташқари ортиқча ўғитламанг, чунки бу ҳаддан ташқари ўсишга олиб келиб, ҳашарот тарқалишига қулай омил яратади.

Манба: @fruitmaster

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!