Ясмиқ ўсимлиги озиқ-овқат мақсадида ўстирилади, уруғ таркибидаги оқсилнинг тез эрувчанлиги, юқори мазали сифати, енгил хазм бўлиши билан ҳамма дуккакли дон экинларидан юқори туради. Донлари ва уни турли хил ошхона таомлари тайёрлашда фойдаланилади.
Ясмиқдан озуқа экин сифатида ҳам фойдаланилади. Озуқа учун унинг дони, сомони, чиқиндилари – тўпони ишлатилади. Ясмиқ бошқа дуккакли дон экинлари сингари тупроқни азот билан бойитади ва яхши ўтмишдош экин бўлиб ҳисобланади. Ясмиқ донида 21,3-36,0 фоиз оқсил, 0,7-1,4 фоиз ёғ, 2,5-3,6 фоиз кул, 43,8-53,9 фоиз крахмал, 2,7-4,5 фоиз клетчатка мавжуд.
Академик Н.И. Вавилов маълумотларига кўра ясмиқ экинининг бирламчи келиб чиқиши маркази – Жанубий-Ғарбий Осиё ҳисобланади. Унинг йирик уруғли шакллари дурагайлаш, танлаш натижасида ҳамда ўрта ер денгизининг қулай шароитлари натижасида кейинроқ пайдо бўлган. Ўрта ер денгизи йирик уруғли ясмиқларнинг бирламчи келиб чиқиш ватани ҳисобланади. Ясмиқ жуда қадимги маданий ўсимликларга киради. Ясмиқ Шарқнинг маданий ўсимлиги хисобланиб, Хиндистонда, Грецияда, Мисрда жуда қадим замонлардан уни экин сифатида экиб келинган.
Ясмиқнинг биологик хусусиятлари. Оддий ясмиқ – Lens esculenta Moench (синоними: Lens cultenars Mdc, vm lens L) 25-50 см баландликдаги бир йиллик ўсимлик. Унинг пояси ингичка 4 қиррали асосан тик, баъзида эса ётиб ўсувчи, майда тукли, қизғиш рангли ва илдизи- кам шохланувчи ўқ илдиз. Барглари мураккаб, қўш қанотли, пасткиси 2-3, юқорисидаги 4-8 жуфтли. Баргчалари овал шакллда.
Ясмиқ ўз-ўзидан чангланувчи ўсимлик, лекин табиий шароитда дурагайлари ҳам учраб туради. Бу ҳолатни асосан қурғоқчилик даврларида кузатиш мумкин. Гул косачаси капалаксимон шаклдаги 5 та тожбаргдан иборат: елканча, 2 та баргчадан пайдо бўлган 2 та қанот ва қайиқча. Чангчилари 10 дона, биттаси эркин, оналиги бошидан охиригача япалоқ шаклда, эгилган ва тукли. Тумшуқчаси кичкина.
Ясмиқ экинининг ўсув дарини 4 қисмга бўлиш мумкин: уруғларни бўртиши ва униб чиқиши, майсаларнинг пайдо бўлиши, гуллаш ва пишиш. Ясмиқнинг ривожланиш даври кўпгина дукакли экинлар каби 3 босқичга бўлинади: 1- экишдан майсаларнинг униб чиқишигача, 2- майсаларнинг пайдо бўлишидан гуллашгача, 3- гуллашдан пишишгача. Ушбу ривожланиш босқичларнинг давомийлиги асосан ташқи мухит шароитига боғлиқ ҳолда ўзгаради. Уларнинг тезлиги асосан фойдали иссиқлик коэффициентига боғлиқ бўлиб, у экиш муддатига қараб ўзгариб туради.
Экишдан майсаларнинг униб чиқишигача 110-1270С фойдали иссиқлик коэффициенти талаб этилади. Майсаларнинг пайдо бўлишидан гуллашгача бўлган фаза ташқи мухитнинг ҳарорати, намлиги, ўсимликка берилган озуқа манбаи ва энг асосийси кун узунлигига боғлиқ бўлиб, ушбу шароитда ташқи ҳароратнинг ошиб бориши майсаларнинг пайдо бўлишидан гуллашгача бўлган фазани қисқаришига, пасайиши эса уни узайишига сабаб бўлади.
Экишдан майсаларнинг униб чиқишигача бўлган давр ҳам кун узунлигига боғлиқ бўлиб, жанубдан шимолга қараб қисқариб боради.
Гуллаш фазаси ўсув даврининг 3/1-3/2 қисмини ташкил этиб, узоқ давом этади. Гуллаш пастки шохлардан бошланиб, юқорига қараб харакатланади. Гуллашнинг асосий қисми эрталабки соат 5 дан 8 гача кузатилади. Иссиқ ва қуруқ ҳаво ва ҳарорати юқари шароитда гулларнинг кўпи тўкилиб кетади. Гул чанглангандан кейин 1 суткадан сўнг тўкилади. Чангдонлар гул очилмасидан олдин ёрилганлиги сабабли чангланиш гул очилгунича содир бўлади. Гул очилгандан кейин 6-7 кунда дукаклар тўлиқ шаклланади. Гуллашдан пишиб етилишгача бўлган давр эса ҳавонинг ҳароратига боғлиқ бўлиб, ҳароратнинг пасайиши унинг узайишига олиб келади.
Ривожланиш босқичлари. Ясмиқ ривожланишининг 2 босқичи мавжуд бўлиб, вернализация (яровизация) ва ёруғлик босқичларига бўлинади. Вернализация босқичи қисқа бўлиб, у 5-8°С хароратда уруғнинг униб чиқишидан бошлаб 10-12 кун давом этади. Ҳаво хароратининг пасайиши ҳам унинг узайишига олиб келади.
Ясмиқ ўсимлиги биринчи шоналар пайдо бўлгунича секин ўсади, кейин гуллаш даврининг охиригача тез ўсади ва пишиш даврига қадар яна секинлашади. Ясмиқ ўсимлиги вегетациясининг бошланғич даврида бегона ўтларлардан доимо тоза сақлаш қуёш нуридан унумли фойдаланиш учун имкон яратади.
Ясмиқнинг турли шакл ва навларида ўсув даври 60 кундан 110 кунгача ўзгаради. Эртапишарлик хусусияти бўйича уларни 5 гуруҳга бўлиш мумкин: 1-эртапишар – 60-69 кун, бунга Олд Осиё, Хиндистон ва шарқий Афғонистон давлатларига мансуб; 2- ўрта эртапишар- 70-75 кун – Марказий Осиё, Кавказорти, Эрон ва БАА давлатларига мансуб, 3- ўртапишар- 76-80 кун- Марказий Осиё, Европа, Америка, 4- ўртакечпишар- 81-85 кун; 5-кечпишар- 86-90 ва ундан кўпроқ кунли Испания, Тунис ва Алжир нав ҳамда шакллари киради. Асосан йирик уруғли нав ва шакллар кечпишар ҳисобланади.
Ясмиқ турларининг фарқланувчи белгилари
Белгилари | Йирик уруғли | Майда уруғли |
Ўсимлик баландлиги, см | 30-75 | 15-50 |
Барглари: | ||
Узунлиги, мм | 15-27 | 9-15 |
Кенглиги, мм | 4-10 | 2-6 |
Шакли | Овал ёки узунчоқ | Овал ёки узунчоқ |
Гули: | ||
Узунлиги, мм | 7-8 | 5-7 |
Ранги | оқ | Оқ, сиёхранг, бинафша ва пушти |
Дукаклари: | ||
Узунлиги, мм | 15-20 | 6-15 |
Кенглиги, мм | 7-11 | 3,5-7 |
Шакли | Япалоқ, четлари қиррали | Бўртиқ, кам холларда япалоқ |
Ранги | Бир хил ёки расмли | Бир хил ёки турли рангда |
Уруғи: | ||
Диаметри, мм | 6-9 | 2-5,9 |
Шакли | Япалоқ, чети қиррали | Бўртиқ, четлари юмалоқ |
Ранги | Бир хил ёки расмли | Бир хил ёки турли рангда |
Уруғ муртагининг ранги | Сариқ, кам ҳолларда яшил, зарғалдоқ | Сариқ ёки зарғалдоқ |
Барча турдаги нав ва намуналар намли шароитга нисбатан қуруқ ва иссиқ хаво шароитида 2-3 хафта эртароқ пишиб етилади. 1000 дона уруғининг оғирлиги 10-99 г.
Ясмиқнинг ҳароратга бўлган талаби. Ясмиқ иссиқсевар ўсимлик бўлиб, унинг уруғи 3-4°С ҳароратда ўса бошлайди, лекин тезда ва қийғос майса олиш учун тупроқнинг 10 см ли қатламидаги ҳарорат 7-10°С даражада бўлиши керак. Ясмиқнинг уруғи ҳаво ҳарорати 12-15°С бўлганда 6-7 кунда, 9-11°С бўлганда 8-9 кунда, 7-8°С бўлганда 10-12 кунда, 5-6°С бўлганда 13-15 кунда униб чиқади. Ясмиқнинг майсалари қисқа муддатли -5-6°С совуққа бардошли, лекин ўсув даврининг кейинги босқичларида бу хусусият камайиб боради. Унинг яхши ривожланиши учун фойдали харорат йиғиндиси 1350 дан 1900°С бўлиши талаб этилади.
Ясмиқ – иссиқ ҳаво ҳароратига асосан уруғларнинг сут пишиш давридан пишиб етилгунича бўлган даврда ўта талабчан бўлади. Қурғоқчиликка чидамлилиги бўйича бурчоқ ва нўхотдан кейинги ўринда туради.
Ясмиқнинг намликка бўлган талаби. Ясмиқнинг намликка бўлган талаби ўсув даврининг турли босқичларида турлича бўлиб, ўсимлик униб чиққандан гуллаш давригача намликка талабчан бўлиши кузатилади. Ўсимлик гуллашидан уруғларнинг пишиб етилишигача бўлган даврда эса қурғоқчиликка бардошли бўлиб, намликка бўлган талаби камаяди. Ушбу босқичда тупроқ таркибида намликнинг меъёрдан ортиқ бўлиши ўсув даврининг узайишига, яшил массанинг кучли ўсишига оқибатда эса, касалликларнинг кучайишига ва ҳосилдорликни ҳамда уруғ сифатини пасайишига олиб келади.
Ясмиқнинг ёруғликга бўлган талаби. Бугунги кунда фанга маълум бўлган ясмиқ нав ва шакллари узун кун ўсимликлари бўлиши билан бирга барча шакилларнинг ёруғликка бўлган талаби бир-биридан фарқ қилади. Ўсув даврида кунлик ёруғликнинг 9-10 соатдан кам бўлганда ўсимликнинг бутунлай гулламаслиги ёки жуда кеч гуллаши кузатилади. Кўп ҳолларда ёруғлик етишмаганда ўсимлик барглари аста секин сарғаяди ёки қизаради ва ниҳоят касалланиб, нобуд бўлади. Одатда, Ўзбекистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Эроннинг маҳаллий майда уруғли шакллари ёруғлик узунлигига нисбатан кўпроқ талабчан бўлади.
Ясмиқнинг тупроқ шароитига бўлган талаби. Ясмиқ қора, бўз ва ўтлоқи тупроқларнинг қумоқ ва қумлоқ енгил механик таркибли тупроқларида юқори хосил беради. Ер-ости сувлари яқин, механик таркиби оғир, шу билан бирга шўрланган тупроқларда ясмиқ ёмон ўсади ва кам ҳосил беради. Кучсиз шўрланган тупроқларда (хлорнинг миқдори 0,02-0,03%) ясмиқ секин ўсади ва жуда кам ҳосил беради.
Иссиқ қуруқ ҳаво шароитида гуллари кўп тўкилади ва асосан ўрта ва пастки ярусдаги гулларидан дуккаклар ҳосил қилади
Ясмиқда учрайдиган касаллик ва зарарли ҳашоратлар. Ясмиқ ҳосилига асосан занг, илдиз бактериози, фузариоз сўлиш касаллиги, аскохитоз, антракноз, ёлғон ун шудринг, чириш касалликлари, ясмиқ донхўри, ловия донхўри, узун тумшуқ қўнғизлар, шира, 5 нуқтали узун тумшуқ қўнғиз ва бошқа ҳашоратлар кўпроқ зарар етказади.
Алмашлаб экишдаги ўрни. Кузги ясмиқни кузги бошоқли дон экинларидан, картошка, маккажўхори, қанд лавлагидан кейин экиш яхши самара беради. Дуккакли ўсимликлар экилган майдонларга экиш тавсия қилинмайди. Кунгабоқардан кейин ва чўл худудларига экиш ҳам яхши натижа бермайди.