Ерли одамлар кўпу…

Давлатимиз раҳбарининг “Хитойда 8 сотих ери бор одам бадавлат ҳисобланади”, деган сўзлари менга кучли таъсир этди, бу сўзларни маҳалладошларим, танишларимга ҳам гапирдим, 8 сотих ердан қандай қилиб катта даромад қилиш ҳақида мулоҳаза ҳам қилиб кўрдик. Ахир бизда 8 сотих ери бор одамлар камми?

Фарғона вилояти қишлоқларини назарда тутсак, деярли ҳар бир оиланинг бевосита экин экадиган 5-7, ҳатто, айримларда 8-12 сотихгача томорқаси мавжуд. Тўғри, вилоятда деҳқончилик ривожланган, кафтдек ердан катта даромад олаётган миришкорлар кўп. Аммо шундай хонадонлар борки, ҳамон томорқасидан максимал фойдаланишни билмайди ва шунинг учун ҳам оддий ошкўкатни ҳам бозордан сотиб олиб ейди. Хонадонида томорқаси бўлгани ҳолда кўкатниям кўчадан сотиб олиш эса уятдан бошқа нарса эмас, албатта.
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларини эслайман. Қўшнимиз бўларди. Жисмоний тарбия ўқитувчиси. Шу инсоннинг боғчамизга туташ 6 сотих томорқаси бўларди. Шу бир парча ери эрта баҳордан кеч кузгача кўм-кўк бўларди: саримсоқпиёз ёки кашнич ўсиб етилмаёқ уларнинг орасига помидор кўчат экарди. Хуллас, унинг томорқасида экинларнинг кети узилмасди, маҳсулотларни бозорга ҳам чиқарарди. Шу қўшнимиз мисолида ернинг имконияти кенглигини, агар уста деҳқон бўлса, бир парча ердан ҳам тузуккина даромад қилиш мумкинлигини анг­лагандим. Лекин, афсуски, уста деҳқонларимиз ҳалиям кам ва аксаримиз ернинг умрини бекор ўтказамиз.
Мана, интернетда расмларини кўряпмиз, расм остидаги изоҳларни ўқияпмиз: қуруқ асфальт ерда ҳам елим тувак­ларга экин экиб, ўзимизга керакли маҳсулот етиштириш мумкин экан. Бизнинг бўлиқ томорқаларимиз бор-ку! Нима муаммо ўзи. Оддий кўк қалампирниям бозордан ташиб еймиз. Ҳатто, мевали кўчат экишга қизиқишимиз пасайди. Ишонаверинг, биз катталарнинг ношудлигимиз ва билимсизлигимиз сабаб ҳатто, қишлоқ боласи мавсумда тўйиб мева емайди.
Албатта, етарли томорқамиз бўлгани ҳолда, кўкатниям бозордан сотиб олишимизнинг бир қатор у ёки бу сабаб­лари бор.
Биринчидан, томорқадан фойдаланиш малакамиз, таж­рибамиз кам, юқори ҳосил олишнинг инновацион усулларини билмаймиз, иссиқхона ташкил этиш маданиятимиз паст. Таклиф шуки, чет элга борган, у ерлардаги томорқачилик маданиятини кўрганлар бу борада қўлланмалар ёзиши, матбуотда ўз билимларини аҳолига ошкор этишлари лозим. Бизда деҳқончиликка, боғдорчиликка бағишланган интернет сайтлари йўқ ҳисоби, борларининг ҳам маълумотлар базаси анчайин ночор.
Яна бир таклиф шуки, “Tomorqa.uz” деган интернет сайти ташкил этиш лозим. Ҳозирги кунда оддий қишлоқ кишиси ҳам ўзига зарур маълумотни интернетдан олишга ўрганди. Ташкил этилажак интернет сайтда томорқачининг илғор замонавий ва тажрибадан ўтган миллий-қадимги усуллари ёритиб борилади.
Иккинчидан, СИУ (Сув истеъмолчилари уюшмаси) балансидаги ариқлар, анҳорлар анчайин ночор аҳволга келиб қолган. СИУлар шаклланиб улгурмади, уларнинг моддий-техник базаси ҳаминқадар, аксарида ариқ ковлайдиган замонавий экскаватор йўқ. Ҳолбуки, СИУлар туманлардаги барча анҳор ва ариқларни назорат қилади. Демак, нодавлат ва нотижорат уюшма саналган СИУлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва моддий-техник базасини кучайтириш чораларини излаш керак, ҳозирги аҳволда СИУлар талабга жавоб бермайди.
Фарғона вилоятидаги айрим туманларнинг суғориш тизимида ўзига хос мураккабликлар бор. Масалан, Данғара туманига сув келадиган сой, анҳор ва ариқлар Қўқон шаҳри ичидан ва ўнлаб қишлоқлар орасидан ўтган. Кейинги йигирма йил ичида аҳоли ўзбошимчалик билан сой, анҳор ва ариқларнинг ҳимоя ҳудудига ноқонуний қурилишлар қилиб, анҳор, ариқлар ўзанига номувофиқ бетон тўсиқ қўйиб, сув ўтказиш ҳажмини тенг яримга пасайтириб юборган. Бунинг оқибатида ёз чилласида ўнлаб қишлоқлар чўлга айланади.
Сув хўжалигининг алоҳида вазирликка айлантирилганлиги хўб тўғри қарор бўлди. Энди ушбу вазирликдан самарали ислоҳотлар кутамиз.

Раҳимжон РАҲМАТ

qishloqhayoti.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!