ЙИЛ СЕРЁҒИН КЕЛСА, ШИРАСИ КАМАЯДИ

Халқимиз қадимдан узумни етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашга уста, улкан тажриба тўплаган.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигининг сердаромад соҳаларидан бири ҳисобланган узумчилик ҳам ривожланмоқда. Хўш, бугунги кунда мамлакатимизда неча хил узум нави етиштирилади?

— Бугун юртимиз ҳудудида экиш учун тавсия этилган ва Давлат реестрига киритилган 43 узум нави мавжуд, — дейди Ўзбекистон узумчилар ва виночилар уюшмаси раиси Эркин БОЙНИЁЗОВ. — Республика бўйича барча тоифадаги хўжаликлар токзорлари 141,6 минг гектар (жумладан, фермер хўжаликлари токзорлари 99,4 минг гектар, деҳқон ва аҳоли томорқаларида 42,2 минг гектар)ни ташкил этади.

— Ҳосил бериши кескин камайиб кетган ёки «эскирган» токзорлар нима қилинади?

— Эскирган, самарасиз узумзорлар бир хил навли бўлса, кеч кузда кундасидан ер остига 10-15 сантиметр чуқурликда кесилиб, ўрни кўмилади ва шу йўл билан янгиланади. Янгиланган узумзорларда кучли агротехника тадбирлари ўз вақтида ўтказилиши лозим.

Узумзорларда сийраклик даражаси 50 фоиз ва ундан ортиқ, ток новдалари кучли касалланган ёки серҳосил, касалликка чидамли истиқболли навларга алмаштириш зарурияти пайдо бўлган ҳолларда токзорлардаги токлар тўлиқ олиб ташланиб, 1-2 йил бошқа экинлар алмашлаб экилгандан кейин қайта ток ўтқазилади.

— Узум сифати (таъми, ранги ва қарсилдоқлиги)га иқлимнинг таъсири қандай?

— Токка ҳам бошқа ўсимликлар сингари ёруғлик, иссиқлик, намлик катта таъсир кўрсатади. Узумнинг сифати, аввало, йилнинг келишига боғлиқ. Серёғин йилда сифат пасаяди, ранги чиройли бўлмайди, шираси камаяди, кўп касалликка чалинади. Бизнинг иқлимда агротехника тадбирлари вақтида ўтказилса, иқлим таъсири унчалик билинмайди. Узумнинг қарсилдоқлиги тоғ ва тоғолди ҳудудларда юқорироқ, чўл ҳудудларида, лалми токларда камроқ бўлади.

— Узум парваришида гули тўкилиб кетмаслиги учун нима қилиш керак?

— Узум гули тўкилиб кетмаслиги учун, аввало, агротехника тадбирларини ўз муддатида ва сифатли ўтказиш зарур. Айниқса, кузда гектарига 200 килограммдан аммафос, баҳорда гектарига 200 килограммдан азотли ва 40-50 килограммдан калийли ўғит билан озиқлантириш ва албатта, яхоб суви бериш керак. Бундан ташқари, биринчи хомтокни сифатли ўтказиш ва ток гуллаган даврида қатор орасига иложи борича техника киритмаслик талаб этилади. Натижада ток гули тўкилиб кетмайди, яхши чангланади.

— Бир вилоятда яхши ўсиб ҳосил берадиган узум нави бошқасида ҳам шундай кўрсаткичларга эга бўла оладими?

— Ўзбекистоннинг табиий шароити хилма-хил. Шунга кўра, ҳар бир ҳудудда ўша ернинг тупроқ ва об-ҳаво шароитига мос келадиган ток навлари экилиши лозим. Шундагина узум йил сайин мўл ҳосил бериши мумкин.

— Сувга, иссиқликка, намликка ва ёруғликка талаби турлича бўлган ҳар хил узум навларини битта майдонга аралаш экиш мумкинми?

— Йўқ, турли хил муҳитга талабчанлиги ҳар хил бўлган бир неча навларни битта майдонга аралаш экиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки уларнинг ўсиб-ривожланиш даври ҳамда ташқи муҳитга талаби турлича. Шу билан бирга, уларга ишлов бериш муддатлари ва пишиш даври бир-бирига мос келмайди.

— Токзорларимизда қандай касалликлар кўп учрайди?

— Асосан, ун шудринги (оидиум), антракноз, церкоспороз, кулранг чириш, қора чириш, бактериал рак касаллиги кабилар кўп учрайди.

— Она токзорлардан кўчатлар етиштириш учун қандай фойдаланилади?

— Она токзорларга асосан, бир навнинг бошқаларидан 500 метр узоқликда барпо этилган майдонлар киритилади. Кўчат учун 35 сантиметр узунликдаги, кеч кузда яхши пишиб, танасида сув ҳаракати тўхтаган новдалардан қаламча олинади. Баҳорда эса кўчатчилик майдонига олиб чиқилиб, 12-15 сантиметр оралиқда қия ҳолда экилади ва парваришланади.

— Токлар қандай суғорилганда (ариқ орқали, кўллатиб ёки томчилатиб) ҳосилдорлик ва сифат юқори бўлади? Қай бири афзал?

— Сув токнинг ўсиши, ривожланиши ва серҳосил бўлиб етилишида катта аҳамиятга эга. Токзорларни суғоришда сув, асосан, чуқур эгатларга жилдиратиб қўйилади. Бунинг бир қанча афзал томонлари бўлиши билан бирга айрим камчиликлари ҳам бор. Масалан, ишчи кучи кўп сарфланади, суғориш бир неча соатга чўзилади, қуёш таъсирида кўп миқдордаги сув буғланиб кетади, бегона ўтлар тез тарқалади, ернинг устки қисмида қатқалоқ пайдо бўлади ва ҳоказо.

Республикамизда барпо этилаётган  интенсив боғларда, ердаги токларни симбағазларга кўтариш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳага тежамкор технологиялар, хусусан, томчилатиб суғоришни жорий этиш яхши самара бермоқда. Токзорлар бу усулда суғорилганда, биринчидан, сув сарфи ва бегона ўтлар тарқалиши камаяди, сув орқали минерал ўғитлар эритилган ҳолда тўғридан-тўғри ток илдизига етказиб берилади. Ток уч марта суғорилиши керак: гулоб, чилла суви ва яхобда.

— Иссиқхонада узум етиштириш қандай амалга оширилади? Ҳосилининг таъми ва сифати борасида нима дейиш мумкин?

— Ҳозирда айрим фермер ва деҳқон хўжаликларида узумни эрта пишириб, даромад олиш мақсадида токлар иссиқхоналарда етиштирилмоқда. Бунда токзорлар иссиқхоналардаги агротехника тадбирлари қиш ойларидан бошлаб амалга оширилади ва натижада 25-30 кун олдин ҳосил пишиб етилади. Бунда ҳосилнинг таъми, албатта, табиий ҳолда, қуёш нуридан баҳраманд бўлиб ўсган токдан фарқ қилади ва узумнинг озгина нордонлиги сезилиб туради.

— Токзорлардан гектаридан ўртача қанча ҳосил олиш мумкин? Даромади-чи?

— Турли вилоятларимизда узумчиликда ўзига хос парваришлаш усуллари мавжуд. Сўнгги йилларда дастлаб, Фарғонанинг Олтиариқ туманида қўлланилган «Войиш» усули катта самара бермоқда. Бу усулда гектаридан 60-70 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Тўрт қатор симбағазларга боғланган токлардан агротехника тадбирлари тўлиқ амалга оширилса, 7-8 ёшдан юқори бўлган, хўраки ва винобоп навлардан гектарига 25-30 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Даромад бозор нархидан келиб чиқиб, хўраки навларда 50-60, саноатбоп навларда 20-30 миллион сўмгача етиши мумкин.

— Аҳоли хонадонларида қайси узум навларини етиштиришни тавсия қилган бўлардингиз?

— Томорқаларда асосан, узумнинг хўраки навларидан — «Каттақўрғон», «Ризамат», «Тоифи», «Ҳусайни»; кишмишдан — «Оқ кишмиш», «Қора кишмиш» каби навлари тавсия этилади.

Нурпўлат НУРҚУЛОВ ёзиб олди.

“Оила даврасида” газетаси