ЙИЛИГА УЧ МАРТА ҲОСИЛ ВА ДАРОМАД

5-6 сотихли ихчамгина томорқадан миллион-миллион сўм даромад олишга қандай эришмоқда?

Шаҳрисабз туманидаги 699 оила истиқомат қиладиган Чорқи қишлоғи аҳолиси ҳам томорқачиликда ўзига хос мактаб яратган. Элликдан зиёд хонадонда иссиқхона ташкил этилган. Ҳар бир ҳовлининг томорқаси обод. Тадбиркор ва омилкор қишлоқ аҳли эса яратилаётган шароит, берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланмоқда.

— Томорқамизнинг 4 сотих майдонида иссиқхона ташкил этганмиз, — дейди миришкор Абдуҳалим Шарипов. — Эрта баҳорда помидор, булғор қалампири, бақлажон каби сабзавот кўчатлари етиштириб, улгуржи сотамиз. Кўчатлар сотиб бўлингач, ўрнига бодринг экамиз. Ундан сўнг қишки кўкатлар экилади. Шу йўсинда йилига уч марта ҳосил оламиз. Даромадимиз йилига 25-30 миллион сўмга бориб қолади.

Маҳалла одамлари деҳқончиликда бир-биридан қолишмайди. Абдуҳалим аканинг қўшниси Шомил Раҳимов ҳам иссиқхонада картошка етиштиради. Чамаси 2 сотихли иссиқхонанинг бир четига экилган картошка эрта баҳор ковлаб олинади. Ҳосилнинг чўғи баланд. Бунда уй бекаси Мавжуда опанинг хизмати катта.

— Иссиқхонага картошка билан бир вақтда редиска ҳам эккан эдик, — дейди Мавжуда Холова. — Редискани сотиб, ўрнига помидор билан булғор қалампири экдик. Картошкани йиғиштириб олгач, ўрнига бодринг кўчати ўтқаздик. Даромадимиз яхши. Фақат озгина эътибор ва меҳнат бўлса, бас.

Қишлоқда экспортчи тадбиркор фермерлар ҳам бор экан. Масалан, «Бобоев Хайрулло» фермер хўжалиги раҳбари ­Хайрулло Бобоев 4 гектар ердан ҳар йили 15 минг долларлик маҳсулот экспорт қилар экан.

— Икки гектар майдонга одамлар «Қора шампан», деб атайдиган 600 туп гилос экилган, — дейди фермер. — Ҳозир дарахтлар олти йиллик бўлди. Ўтган йили 10 минг долларлик гилос экспорт қилдик. Бу йил ҳам гилосдан умидимиз катта. Ҳар бир дарахтдан 25-30 килограммдан сара гилос олишни мўлжаллаяпмиз. 2 гектар майдонда экспортбоп пиёз етиштиряпмиз.

 

Ўлмас БАРОТОВ,

ЎзА мухбири

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!