Ёнғоқ минг йил даромад беради

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мутасадди раҳбарлар билан ўтказган учрашувлари ҳамда аҳоли билан мулоқотида ёнғоқ мевали боғларни кўпайтириш борасидаги фикрлари моҳиятида ана шундай эзгу ният мужассамдир.

Юртимизнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида ёнғоқ мевали боғларни барпо қилиш учун кўплаб табиий ерлар бор. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Фориш, Ғаллаорол, Самарқанд вилоятининг Ургут, Каттақўрғон, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Шаҳрисабз, Китоб, Сурхондарё вилоятининг Бойсун,  Денов туманлари ва бошқа тоғолди ҳудудларида эса табиий ёнғоқзорлар ва маданий боғлар мавжуд.

Маълумки, мевали ўсимликлар ичида ёнғоқ, бодом каби мағизли меваларнинг халқ хўжалигида аҳамияти катта. Улар мағзининг мазаси жиҳатдан бошқа мевалардан устунлиги билан фарқ қилади ҳамда аҳоли томонидан севиб истеъмол қилинади. Қуйида ёнғоқзорлар яратиб, уларни парваришлаёт­ган ҳамда бугун тадбиркорлигини шу жаб­ҳада бошлашга қарор қилган боғбонларга ушбу мевали дарахтлар, уларнинг меваси хусусияти ҳамда парваришлаш агротехнологиялари хусусида маълумот ва тавсия­лар берамиз.
Ёнғоқ дарахти катталиги, чиройлилиги, узоқ яшаши билан бошқа дарахтлардан фарқ қилади. Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида ёнғоқ кўпинча сувли ерда ўстирилади. Аммо у йилига ёғингарлик 600 мм.дан кам бўлмаган, денгиз сатҳидан 1800 метргача бўлган баландликларда ҳам ўсади. Айниқса, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ёнғоқ етиштириш учун жуда қулайдир. Бу ерда ёнғоқ табиий ҳолда ва боғларда суғорилмасдан ҳам яхши ўсиб-ривожланади.
Ёнғоқ ёруғсевар ўсимлик бўлиб, ёлғиз ўзи ёки сийрак ўсганда яхши ривожланади.
Бир дона ёнғоқ меваси вазни навига қараб 2,5-18 граммни, мағзининг миқдори 25-70 фоиз, ёғ миқдори 54 фоиздан 78 фоизгачани ташкил қилади.
Уруғидан ўсиб чиққани 8-12 ёшда, пайванд қилинганлари 4-6 ёшида ва баъзи тезпишар (Идеал) навлар 2-3 ёшида ҳосилга киради. 50 ёшида тўла кучга кириб 400-500 йилгача ҳосил беради. Қулай шароитда бир туп ёнғоқ 150 кг.гача ва ундан ҳам кўп ҳосил бериши мумкин.
Ёнғоқ кўчатлари кузда ва эрта баҳорда экилади. Экиладиган майдони 50-60 см. чуқурликда плантаж сўқа билан ҳайдалиб, чизел қилинади ва текисланади. Кейин майдонда режа бўйича кўчати экилади.
Кўчатларини тоғ, тоғолди, лалми ерларда 10×8 м; 10×10 метр схемасида экилиш лозим. Кўчатларни экиш учун 60×60×60 сантиметр ҳажмда чуқурлар ковланади. Умуман, кўчатини кузда экиш яхши натижа беради.
Ёнғоқ суғорилмайдиган тупроққа яхши нам тўплаш ва машиналардан фойдаланиш имконини берадиган террасаларга ёки сув тўпланиб қолмайдиган, ҳажми 1×1,5 метрдан кам бўлмаган майдонларга ўтқазилади.
Илдизи нозик бўлади. Ҳатто бир ёшлигида ҳам жойдан-жойга кўчириб ўтказилганда, заифлашиб ўсади. Ниҳол кўчатзордан олиниб, қуёш яхши тушиб турадиган очиқ жойга ўтказилса, танасининг пастки қисмини офтоб уриши мумкин. Шунинг учун лалми ерларга кўчат ўтқазиб ўтирмай, бир йўла ёнғоқнинг уруғидан етиштириш мумкин. Ўз жойида ўстирилган ўсимлик чуқур илдиз отиб, қурғоқчиликка чидамли бўлади.
Суғориладиган ерлардаги ёнғоқ дарахтларини парвариш қилиш, асосан, суғоришдан иборатдир. Ўсиш даврида ёнғоқ камида 6-7 марта суғорилади. Ҳар бир суғоришдан сўнг тупроқ юмшатилади ҳамда бегона ўтлардан тозаланади.
Ҳосилли ёнғоқзорларга йилига соф ҳолда 90-120 килограмм азот, 60-90 килограмм фосфор ўғитлари солинади ёки 3 йилда бир марта 30-40 тонна ҳисобида гўнг солинади. Фосфорли ўғитлар ҳамда гўнг кузда, азотли ўғитлар эрта баҳорда солинади.
Бодом меваси ўзининг мазаси жиҳатидан бошқа меваларга қараганда кўпгина афзалликларга эга. Бодом мевасига қандолат саноатининг эҳтиёжи катта. Бироқ бугунги кунда аҳоли ҳамда қандолат саноатининг талабини қондирадиган бодомзорлар етарли эмас. Ҳолбуки, юртимизда тоғ, тоғолди ҳудудларда бодом дарахтларидан кўплаб ҳосил етиштириш учун жуда катта имкониятлар мавжуд.
Бодом дарахтининг бўйи 6-10 метргача етади. Илдиз тизими яхши ривожланган бўлиб, 6 метр чуқурликкача боради, қурғоқчиликка ва совуққа чидамли. Ҳавони ёмон ўтказадиган нам тупроқли жойларда бодом яхши ўсмайди.
Тиним даври қисқа бўлганлиги сабабли бодом бошқа дарахтларга нисбатан анча илгари (март ёки апрель бошларида) гуллайди. Шунинг учун ҳарорати мўътадил бўлмаган ҳудудларда унинг ҳосилини кўпинча баҳорги совуқ уриб кетади.
Бодом кўчати экилгандан кейин 3-4 йили ҳосил бера бошлайди, 12-15 ёшга етганда ҳосили кўпаяди. 35-40 йилгача ҳосил беради. Бодом 60 йилдан 400 йилгача яшайди. Бир туп бодом дарахти ўртача ҳосили 8-12 килограммгача, айрим йиллари 25-30 килограммгача ҳосил беради. Совуққа анча чидамли бўлиб, тиним даврида –20-25 оС совуққа бардош беради.
Бодом ўсимлигининг характерли хусусияти жуда эрта гуллашидир. Шу сабабдан об-ҳавоси ўзгариб турадиган жойларда бодом гулларини кўпинча қора совуқлар уриб кетади. Бодомзорлар ташкил қилиш учун тоғ ва тоғолди ён бағирларидан ҳаво яхши алмашиб турадиган, совуқ ҳаво қамалиб қолмайдиган террасалар ажратиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Тошкент вилоятининг тоғли, тоғолди шароитида, жумладан, Бўстонлиқ туманида бодом денгиз сатҳидан 800-1300 метр баланд бўлган жойларда, жанубий вилоятларда 1700-2000 метр баландликкача жойлашган, йиллик ёғин миқдори 600 мм.дан кўп бўлган ҳудудларнинг барча ёнбағирларида суғорилмай ҳам ўсиши мумкин. Ёғингарчилик миқдори ўртача 400-500 мм. бўлган ҳудудларда бодомзорларга махсус агротехник ишлов бериш талаб қилинади.
Бодом учун энг яхши тупроқ таркиби оҳаги бўлмаган, сувни яхши ўтказадиган қумоқ ва бўз тупроқлар ҳисобланади. Унумсиз, қуруқ тупроқларда ҳам ўсиши мумкин, лекин бундай тупроқларда юқори агротехника усуллари қўллагандагина яхши ўсиб, мўл ҳосил беради. Шунинг учун ҳам бодом майдонларининг гектарига 20-30 тонна ҳисобида чириган гўнг солиш керак.
Бодом дарахтларининг ёруғликка талабчанлигини инобатга олиб, кўчатларни экиш учун 60х60 сантиметр ҳажмда чуқур ковланади. Суғориладиган ерларда кўчатлар 8х8 метр, тоғ ва тоғолди лалми ерларда 6х6 метр (жанубга қараган ёнбағирларида 5х5 метр) схемада, горизонтал террасаларда ҳажми 1,5-5 метр бўлган ерларга кузда ёки эрта баҳорда экилади. Кўчат экилгандан кейин илдиз бўғзининг 5-10 сантиметр юқорисидан тупроқ уйиб кўмилади, кейин иложи борича суғорилади. Кўчатлар куртак чиқара бошлаганда эса уюм текислаб ташланади.
Лалми ерларда ёғин сувларининг шимилишини таъминлаш ва тезда буғланиб кетишининг олдини олиш мақсадида, ер доимо юмшатилиб турилади. Кўчат атрофида сомон, похол ва бошқа ўсимлик қолдиқларидан мульча ҳосил қилинади.
Ёш боғларда вегетация даврида 6-8 марта суғорилади. Апрель, май, июнь ва сентябрь ойларида бир мартадан, июль-август ойларида эса 2-3 маротабадан суғорилади. Кўчатлар атрофи ҳар сувдан сўнг яхшилаб юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади. Ёз ойларида сув тақчил бўладиган ҳудудларда қишда 1-2 марта яхоб суви бериш тавсия қилинади.
Тоғли-лалми ерларда кўчатларни парваришлашда уларни ўғитлашни ўз вақтида амалга оширишга эътибор бериш зарур. Экилган кўчатларни яхши тутиши ва ўсишини таъминлаш мақсадида, биринчи йили ҳар бир кўчатнинг атрофига 4-6 килограмм органик ўғит ва 60-80 грамм аммофос солиш яхши натижа беради.
Ўсиш даражаси суст ёш боғларга ҳосилга тўлиқ киргунча 1 м2 га 6-8 граммдан соф азот, 3-4 граммдан соф фосфор ва 2-3 граммдан калий ҳамда 4-5 килограммдан органик ўғит солиш тавсия қилинади. Органик ва минерал ўғитлар биргаликда солинса, ўғит миқдори 1,5-2 баробар камайтирилади.
Мазкур агротехник тадбирларнинг вақтида ва сифатли бажарилиши ёнғоқ мевали дарахт­лардан мўл ҳосил олинишини, пировардида эл дастурхони ана шундай маҳсулотлар билан тўкин бўлишини таъминлайди.

Равшан Абдуллаев,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.

qishloqhayoti.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!