Ёнғоқ уруғкўчатлари ва кўчатларини етиштириш бўйича тавсиялар

Уруғларни ва кўчатларни экиш учун тупроқ кузда ҳайдалади. Кўчатзор учун ер текис бўлиши ёки озгина нишабли бўлиши лозим (2-3 градус). Тупроқ унумли, чуқур қумоқли ёки қумлоқли, намлик билан таъминланган бўлиши зарур. Эгатларни бир текис суғориш учун майдон яхшилаб текисланиши лозим.

Уруғлар назорат – уруғчилик станциясида текширувдан ўтказилгандан сўнг фақат биринчи класслиларини экиш тавсия қилинади.

Кўчатларни қимматли шакллардан, она дарахтлар ёки районлаштирилган навлардан олинган уруғлардан етиштириш мақсадга мувофиқдир. Ёнғоқлар стратификацияланиб эрта баҳорда экилади. Стратификация учун траншеянинг эни 8-100 см, чуқурлиги 80 см бўлиши керак. Траншеянинг тубига дренажли материал қўйилади (қум, майда тошлар ва бошқалар). Унга бир қатор ёнғоқлар жойлаштирилади ва унинг устига 5 см қалинликда қум сепилади, қумни устига бир қатор ёнғоқлар жойлаштирилади ва ҳ.к. Энг юқориги қаторни устига 10 см қалинликда қум сепилади. Қумни мунтазам равишда нам ҳолатда бўлишига эътибор берилади. Стратификация бошланишидан 50-60 кун кейин уруғлар экишга тайёр бўлади. Стратификация вақтида уруғларни кемирувчилардан сақлаш зарурдир. Бунинг учун траншеяли майдончаларни атрофига 50 см чуқурликда ариқлар қазилади. Ариқни траншеяни четидан 1,5-2 м масофада қазишади. Ариқларга захарланган ҳўраклар жойлаштирилади. Баҳорда, ёнғоқларни оқиб турган сувда тўлиқ ёрилгунга 7-8 кун ушлаб турилади.

Ёнғоқларни пушталарда қатор ораси 60-70 см ва қатор ичида 10-15 см қилиб, пайвандтаг учун кўчатларни етиштириш учун эса мос равишда 90 см ва 20-25 см қилиб экилади.

Ёнғоқлар 7-9 см чуқурликка экилади, уларни эгатчаларга ёни билан жойлаштирилади. Эгатларни КРХ-4 культиватори билан тайёрлаш мумкин. Қаторлар оралиғи 70 см бўлганда бир чеклаб 1780 кг, 90 см бўлса – 1390 кг ёнғоқ сарф қилинади. Қатор ичида ёнғоқлар оралиғи 20 см ва қаторлар ораси 70 см бўлса уруғларни миқдори 715 кг/га, 90 см бўлганда эса 556 кг/га ни ташкил этади.

Экилган уруғларга парвариш ишлари қуйидагиларни ўз ичига олади: суғориш, бегона ўтларни олиб ташлаш, тупроқни юмшатиш, минерал ўғитларни солиш. Текисликлар ва тоғ олди туманларда бўз тупроқларда сизот суви чуқур жойлашган бўлса ёнғоқлар экилган жўякларга 10-12 марта, сувнинг гектарига сарфи 600-700 м3/га миқдорида сув берилади. Тоғ минтақасида ҳарорат пастроқ бўлгани сабабли 8-9 марта суғорилади. Уруғлар экилгандан сўнг тупроқ ҳар доим нам ҳолатда бўлиши лозим. Августнинг охири ва сентябрнинг бошида суғориш тўхтатилади.

Илдиз тармоқлари яхши ривожланиши учун ўткир белкурак билан ёш уруғкўчатларини илдизи 10-15 см чуқурликда кесилади. Буни ниҳолчалар униб чиққандан 2-3 хафта кейин, 2-3 та ҳақиқий баргчалар пайдо бўлганда, булутли кунда бажарилади. Илдизчаларини кесгандан сўнг ниҳолчалар суғорилади. Экишдан олдин агар ёнғоқлар ниш уриб ўсабошлагани бўлса унда илдизчанинг охирги қисмини кесиб ташласа ҳам бўлади.

Бўз тупроқли ерларда ривожланишнинг биринчи йили 60-90 кг/га миқдорда азот (180-270 кг аммиакли селитра) ва фосфор солинади (335-450 кг/га оддий суперфосфат), 1-2 ёшли кўчатларга ҳам шу миқдорда ўғит берилади. Ўғитларни бир неча усулларда бериш мумкин: уруғларни экишдан 4-5 кун олдин 30-40 кг азот ва 30-60 кг/га фосфор, май ойининг охирида 30 кг/га (90 кг селитра) азот, июннинг охирида иккинчи марта– 30-40 кг/га (90-120 кг селитра), августни охирида эса 30 кг/га (165 кг суперфосфат) фосфор берилади. Ўғитларни беришда КРХ-4культиваторидан фойдаланилади.

Озиқлантиришдан олдин тупроқ юмшатилган ва бегона ўтлардан тозаланган бўлиши лозим, ўғит берилгандан сўнг эса суғорилади.

Манба: «Ўзбекистонда ёнғоқни боғ типида плантацияларини барпо қилиш бўйича тавсиялар»- Бутков Е.А.