ЗАЙТУН ҚАЛАМЧАЛАРИНИНГ ИЛДИЗ ОЛУВЧАНЛИГИГА МИКРОИҚЛИМ ОМИЛЛАРИНИНГ ТАЪСИРИ

Ўзбекистонда зайтун ўсимлиги асосан ярим ёғочлашган қаламчаларидан кўпайтириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Ушбу кўпайтириш усули кўчатзорнинг фойдаланиладиган майдон бирлигидан қисқа вақтда 90-95% стандарт кўчатлар чиқишини таъминлайди. Яхши ривожланмаган кўчатларни келгуси йилда алоҳида майдонда етилтириб олишга тўғри келади, бу эса ишлаб чиқариш харажатларининг ортишига сабаб бўлади.
Ер майдонидан янада самаралироқ фойдаланиш, кўчат етиштириш билан шуғулланувчи кўчатчилик хўжаликларининг рентабеллигини ошириш учун хорижий давлатларда ва республикамизда зайтун кўчатларини жадал етиштиришнинг янги усуллари, хусусан уни ярим ёғочлашган яшил қаламчасидан кўпайтириш технологияси ишлаб чиқилмоқда ва татбиқ этилмоқда. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ушбу технология бўйича зайтун кўчатларини етиштириш умумий кўчат чиқишини 1,5-1,7 млн. дона/га. гача етказиш имконини беради.
Таъкидлаб ўтилган усулда кўчат чиқишини тадқиқ этиш мақсадида 2015-2017 йилларда М.М.Мирзаев номли Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтига қарашли Бандихон эксперементал хўжалигининг тажриба майдончасида изланишлар олиб бордик, ушбу тажриба натижаларининг кўрсатишича, очиқ майдонда стандарт зайтун кўчатларини кам чиқишининг асосий сабабларидан бири ҳарорат омилидир.
Зайтун кўчатларини ярим ёғочлашган қаламчадан кўпайтиришда май-июнь ойлари мобайнида ўсимликлар илдиз тизимининг ривожланишига тупроқнинг ҳарорат шароитлари сезиларли таъсир кўрсатди. Бу даврда тупроқ ҳарорати кўрсаткичи 11,0-14,1С чегарасида ўзгарди, бу эса ёғочлашган қаламчаларда илдиз тизимининг интенсив ҳосил бўлиши учун етарли эмаслигини яққол кўрсатади. Кузатувларнинг кўрсатишича, ўсимликларнинг биологик талаби даражасидаги +19,1 С тупроқ ҳарорати фақатгина июнь ойининг охири июль ойининг ўрталарига келиб қарор топди.
Қаламчаларда илдиз шакллана бошлаган даврда у мусбат бўлиши керак, яъни тупроқнинг ҳарорати қаламчанинг юқориги қисмидагидан +1+3 С га юқори бўлиши зарур. Бизнинг тажрибаларимизда меристематик манбалар ва илдиз тизими муртаклари шакллана бошлаётган даврда у манфий бўлди ва -2,1-4,9 С ни ташкил этди, гарчи тупроқ устидаги ҳавонинг бир кеча-кундузги ўртача ҳарорати етарлича юқори (+23,7 С) бўлса ҳам. Бундай шароитлар бизнинг тажрибамиздаги гетеротрофлар учун эмас, балки автотроф озиқланувчи ўсимликлар учунгина ҳисобланади.
Махсус иншоотда етиштирилган зайтун қаламчалари ризогенезининг ўзига хос хусусиятлари очиқ майдонда етиштирилгандаги ўсимликларга нисбатан сезиларли фарқланди. Бунинг сабаби сунъий субстрат, иншоот ичидаги намлик ва ҳароратнинг қулай шароитини таъминлаб турувчи (сунъий туман ҳосил қилувчи) автомат қурилма билан жиҳозланган плёнкали истилмайдиган иншоотдан фойдаланилди (1-расм).

1-расм. Зайтун кўчатларини сунъий субстратларда етиштиришга мўлжалланган туман ҳосил қилувчи иншоотнинг ишчи ҳолати

Яшил қаламчаларни экиш учун ҳар хил вариантларда 5-7 см шағал тош қатлами, устига 10-15 см қалинликда чириган гўнг, шоли пўстлоғи, ёғоч қириндиси ва унинг устига 5 см қалинликда ювилган йирик дарё қуми тўшалди. Ушбу кўпайтириш усулида зайтун қаламчалари қулай тупроқ шароитлари ва иссиқлик тартиботида бўлди. Қаламчалар субстратга ўтқазилгач биринчи ой мобайнида кўчатлар ойнинг ўртача ойлик +23,9 С ҳарорати шароитларида ривожланди.
Плёнкали иссиқхона усти каноп толали мато (қанор) ва бўз мато билан қўшимча ёпилган тажриба вариантларида ўртача ҳарорат мос ҳолда 25,8 ва 24,4 С ни ташкил этди, яъни очиқ майдондаги ҳавонинг ҳароратидан +5,6+7,5 С га юқори бўлди. Кейинги даврларда очиқ майдонга нисбатан фарқ +6,8 С гача ўзгарди. Зайтун кўчатларини етиштиришга мўлжалланган иншоот ичининг ёритилганлик даражаси (62,7 минг/люкс) очиқ майдондагига нисбатан 17,3 ва 24% га кам бўлди.
Ёритилганлик даражасининг бундай паст бўлиши иссиқхона қурилмасини қўшимча ёпишда фойдаланилган материалларнинг физик хусусиятлари билан тушунтирилади. Иссиқхона устини қўшимча равишда оқ рангли мато билан ёпиш иссиқхона ичига ўтаётган ёруғлик оқимининг камайишига ва уни ёйилиб тушишига сабаб бўлди, бу эса илдиз олаётган қаламчалардаги барг япроқларининг қуёш нурларида куйиш эҳтимолини анча камайтирди (2-расм).

2-расм. Туман ҳосил қилувчи плёнкали иссиқхонада субстратга ўтқазилган яшил қаламчанинг 30 кунлик ҳолати: 1 – қўшимча оқ рангли бўз мато билан ёпилганда; 2 – қўшимча қанор мато билан ёпилганда; 3 – плёнка билан ёпилганда

Тадқиқотларимиздаги плёнкали иссиқхона устини ҳар хил матолар билан қўшимча ёпиш қаламчанинг яхши илдиз олиши билан бир қаторда зайтун кўчатларини етиштиришда сувнинг умумий сарфини камайтириш ва электродвигательнинг ишлашини бир кунда 60 дан 20 мартагача қисқартириш ҳисобига электр энергияси сарфини тежаш вазифаси ҳам қўйилган эди.
Соялатилган иссиқхоналарда шаффоф плёнка ёпилган иссиқхоналарга нисбатан сувнинг сарфи кунига ҳар бир метр квадрат субстрат ҳисобига 0,015 м3 дан 5 м3 гача тежалди, электр энергиясининг тежалиши эса 1 киловатли двигателдан фойдаланилганда 0,22 квт/кунни ташкил этди.

Манба: Жураев Э.Б., Буриев Х.Ч., Енилеев Н.Ш., Абдуллаев С.Б. Зайтун кўчатларини яшил қаламчалардан кўпайтириш бўйича тавсиянома.