Қувалик томорқачи 4 сотих жойда инновацион усулда 400 бош бўрдоқи қўйлар боқишни йўлга қўйган

O’zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши ташаббуси билан Қува туманидаги Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳузуридаги “Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази”да ўтказилган тадбир томорқадан самарали фойдаланиш, бу борада ўзининг деҳқончилик ҳадиси ва тилёрар анорлари билан машҳур бўлган Қува тажрибаси оммалаштиришга қаратилди.

Давра суҳбатида сўз олганлар томорқаларда амалга оширилаётган деҳқончилик юмушлари, парваришланаётган кўчатларнинг ривожланиши, уларга ишлов бериш ва зараркунандаларга қарши курашиш ишлари ҳамда кластер тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва ушбу тизим жорий этилишининг афзалликлари ҳақида маълумот бердилар.

Туманнинг Янгичек маҳалласида истиқомат қилувчи Барнохон Икромова 14 сотих томорқасида манзарали дарахтлар етказади. Қарийб 15 йиллик тажрибага эга бу миришкор томорқачи етиштирган кўчатларини ички бозорларда сотиш билан бирга, Тожикистон ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилади. Даромад ҳам шунга яраша, албатта. Намунали бу томорқачи давра суҳбатида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича ўз тажрибасини йиғилганлар билан ўртоқлашди.

Тадбир иштирокчилари Б.Икромова хонадонида бўлиб, излаган имкон топишига, ҳаракат қилган асло кам бўлмаслигига амин бўлдилар. Мўжазгина ҳовлидаги манзарали дарахтлар мафтункор чиройи билан иштирокчиларни ўзига жалб этди.

“Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” тамойили бугунги кунда қувалик миришкорларнинг ҳам шиорига айналиб улгурган, десак муболаға бўлмайди. Томорқадан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган тадбир доирасида “Голубика” мевасини етиштириш бўйича ҳам ишторикчиларга батафсил маълумотлар берилди.

O‘zLiDePдан сайланган Қува туман Кенгаши депутати, “Қувончбек Зоҳиджон” фермер хўжалиги раҳбари Зоҳиджон Ҳакимов қўйчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги кунда З.Ҳакимов томонидан тўрт сотих жойда инновацион усулда 400 бош бўрдоқи қўйларни боқиш йўлга қўйилган. Самарали лойиҳа катта яйловлар талаб қилмайди, қўйлар тез етилади, маҳсулдорлиги юқори бўлади. Энг муҳими, гўшт таннархи арзонлашади. Битта ҳисори бўрдоқи қўйни боқиш учун 120 кун кифоя бўлади. Тадбир иштирокчилари З.Ҳакимов фермер хўжалигида ҳам бўлиб, чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.

Юртдошларимиз кафтдек томорқа – катта даромад манбаи эканлигига ўтказилган тадбирлар давомида яна бир бор амин бўлиб, баҳорги юмушларни бугундан кечиктирмай, томорқаларни тартибга келтириш, ўғитлаш ва мевали ҳамда манзарали дарахтлар ўтказишга аҳд қилдилар.

Шу куни тумандаги Гулистон МФЙ қошида партиянинг қуйи бўғини очилиб, 42 нафар иштирокчилар партия сафига қабул қилинди ва уларга партияга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари топширилди.

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ, O’zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Манба: uzlidep.uz