Кичик томорқадан катта даромад олиш сирлари. Аҳоли томорқаларига саёҳат

Ўзбекистонда белгиланган карантин тартиби 10 майгача давом этади. Аммо бу узайтирилган муддатнинг сўнггиси бўлмаслиги ҳам мумкин. Шуларни инобатга олганда ҳукумат охирги пайтларда нега томорқага кучли урғу бераётганини тушунса бўлади. У озиқ-овқат хавфсизлиги учун имкон қадар кўпроқ захира имкониятларини тайёрламоқда.

Биз жойларда аҳолининг томорқадан қанчалик манфаатдорлигини кўпроқ ҳудудларни айланган ҳолда ўрганишни режалаштирдик. Афсуски, карантин чекловлари сабаб сафаримиз фақат Тошкент вилояти Тошкент туманидаги маҳаллалар билан чекланди.

Биринчи манзилимиз тумандаги Юқори Ҳасанбой маҳалласи бўлди. Маҳаллада биз кирган дастлабки хонадон Шавкат Эргашевга тегишли. У ўн йиллардан буён ҳовлисидаги 2 сотихли томорқада қурган иссиқхонасида маҳсулот етиштиради. Бу бодринг, помидор ва карам каби маҳсулотлар.

Умуман, эрта баҳорда бозордан сал қимматроқ бўлса-да сотиб оладиганимиз ва организмимизни витамин билан бойитадиганимиз полиз маҳсулотлари шу каби иссиқхоналарда етиштирилади. Кейинчалик, май, июнь ойларида очиқ томорқа маҳсулотлари пиша бошлайди.Томорқачидан, иссиқхона қуриш, маҳсулот етиштириш технологияси ва ундан манфаатдорлик қай даражада эканлигини сўраймиз.

«2 сотих майдонда иссиқхона қурганман. Қишнинг сўнгги, февраль ойи ўрталарида 550 туп бодринг экдим, ҳосил бера бошлаганига ҳам мана 20-25 кунча бўлди», – дейди Шавкат Эргашев.

Унинг айтишича, иссиқхонада ҳарорат 10 градусдан пастга тушиши керак эмас.Иссиқхона қуриб унда маҳсулот етиштириш аслида жуда мураккаб иш эмас. Уни иситиш учун имконият, деҳқончиликдан бироз билим ва ҳафсала бўлса бўлди. Шулар ичида айнан иссиқхонани иситиш масаласи кўп йиллардан буён томорқачиларга бош муаммо бўлиб келади. Шавкат акадан бу муаммога қандай ечим топаётгани ҳақида сўрадик.

«У ер бу ердан ўтин сотиб оламиз, ёзда яна қўшимча ўтин йиғамиз. Қишда иссиқхона учун иссиқлик керак бўлганда шуларни ёқиб иситамиз.Мана шу 2 сотихли иссиқхона учун 1 ярим, 2 миллион сўмга ўтин оламиз, яна бир миллионга эса бодринг кўчати, зараркунанда ва касалликларга қарши дори.

Фойдага келсак, ҳозирни ўзида 4,5 миллионлик бодринг сотиб улгурдик, жами харажатдан ташқари 6-7 миллионча даромад қилсак керак», – дейди у.

Хонадонга сафаримиз якунланар экан, Шавкат аканинг турмуш ўртоғи Нодира Эргашева билан ҳам қисқа суҳбат уюштирдик.

«Иссиқхонамиздан келган даромад туфайли тўйлар қилдик, ўғил уйлантириб, қиз чиқардик, бешик тўй қилдик», – дейди оила бекаси. Унинг айтишича, оила яқин ойларда яна бир тўйга хозирланмоқда. Оиланинг кичик ўғли ҳам уйланиш арафасида.

Тошкент вилоятига сафаримиз давомида яна бир нечта хонадонларга кирдик. Кирган хонадонларимизда томорқа оила аъзолари учун қанчалик манфаатли эканлиги борасида ўрганишлар қилдик.

Сафар тафсилотлари асосида тайёрланган репортажни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мухбир: Илёс Сафаров 

Тасвирчи: Абдусалим Абдувоҳидов. kun.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!