Бугун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистон-Хитой экспортбоп доривор ва зиравор ўсимликларни етиштириш юзасидан анжуман ўтказилди

Жорий йилнинг 2 апрель куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Тошкент вилояти Агрохизматлар марказида Ўзбекистонда экспортбоп доривор ва зиравор ўсимликларнинг майдонларини кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига бағишланган халқаро видеоконференция ташкил этилди.
Конференция ишида Ўзбекистон ҳамда Хитой Халқ Республикасининг 50 дан ортиқ доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш йўналишидаги тадбиркорлар ва инвесторлар иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг доривор ўсимликларни ривожлантиришга оид ПҚ-4670-сонли қарорида белгиланган соҳани ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилиши натижасида доривор ўсимликларнинг майдони кенгайиб, ишлаб чиқариш ҳажмлари ортиб бормоқда. Соҳани ривожлантиришда ички ва ташқи бозорлар талабини ўрганиб бориш, бевосита истеъмолчилар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш жуда муҳим.
Анжуманни Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Алишер Тўраев кириш сўзи билан очиб, хитойлик ҳамкорларга мамлакатимизнинг доривор ўсимлик етиштириш ва ундан тайёр маҳсулотлар тайёрлашдаги салоҳияти хусусида маълумот берди. Ўз навбатида, хитойлик ҳамкорлар ҳам юртимиздаги шифобахш ўсимликларни импорт қилаётгани ва бу маҳсулотларга уларда қизиқиш ва эҳтиёж ортаётганини таъкидлашди. Айтиш керакки, республикамизда доривор ўсимликлар етиштиришни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш ўзининг ижобий самарасини беряпти.
Соҳани ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилиши натижасида доривор ўсимликлар майдони кенгайиб, ишлаб чиқариш ҳажмлари ортиб бормоқда. Конференцияда маълум қилинишича, доривор ўсимликлар ва ундан қайта ишланган маҳсулотларининг товар айланмаси йилига ўртача
3 триллион 26 миллиард АҚШ долларини ташкил этса, республикамизнинг улуши эса 48 млн АҚШ долларини ёки 1,5 фоизни ташкил этади.
Бу борада Хитой етакчи экспортёр давлатлардан бири бўлиб, йилига 899 миллион АҚШ доллари ёки дунё давлатлари экспортининг 27,6 фоизини, импорт ҳажми эса 412 миллион АҚШ долларини ёки 12,6 фоизини ташкил этади.
Доривор ва зиравор ўсимликлар экспорт географиясини кенгайтириш ва ҳажмларини кўпайтириш, келгуси йил учун буюртмаларни шакллантириш ва ушбу асосда доривор ва зиравор экинларни жойлаштириш, республикадаги доривор ўсимликлар етиштирувчилар, қайта ишловчилар билан Хитойнинг йирик импортёр компания ва фирмалари, инвесторлар ўртасида бевосита ҳамкорлик ўрнатишда ушбу ведоанжуманнинг аҳамияти жуда катта. Анжуман ўз ишини давом эттирмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати