Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, экспортни ошириш, соҳага замонавий технологияларни татбиқ этиш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бироқ, бугунги кунда тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги, аҳоли ўсиши ҳамда бошқа инсон таъсири билан боғлиқ омиллар сувни кўп истеъмол қиладиган экинларни етиштиришга сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни тақозо этмоқда.

Республикада шоли етиштириш, сақлаш, қайта ишлашнинг узлуксиз ва самарали тизимини такомиллаштириш, ички истеъмол бозорини гуруч маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш, бу борада илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш ҳамда шоли етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг қўллаш мақсадида:

1.Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг шоличилик кластерлари ёки шоли экишга рухсат этилган минтақаларда шоли етиштирувчи фермер хўжаликлари базасида элита уруғчилик хўжаликлари (кейинги ўринларда – Уруғчилик хўжаликлари)ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Бунда:

“Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДК Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда Уруғчилик хўжаликларида авлодли уруғлик кўпайтириш тизимини йўлга қўяди;

Уруғчилик хўжаликлари юқори авлодли уруғликларни карантин назоратидан ўтказилган хорижий компаниялардан ёки Шоличилик илмий-тадқиқот институтидан олади ва кўпайтиришни ташкил этади;

шолининг элита ва авлодли уруғчилигини етиштириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ер майдонлари ажратилади;

экилган уруғлик шоли майдонлари белгиланган тартибда апробация кўригидан ўтказилади ва сертификат олинади;

Уруғчилик хўжаликлари томонидан уруғлик шолини тозалаш, саралаш ва қадоқлаш ишлари амалга оширилади.

Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 1-иловага мувофиқ ҳудудларда Уруғчилик хўжаликларини ташкил этиш чораларини кўрсин.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга асосан 2021 йил 1 июндан бошлаб уруғлик шолига мувофиқлик сертификатини бериш, белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган юридик шахслар томонидан ҳам амалга оширилишига рухсат берилади.

3. Инновацион ривожланиш вазирлиги, истисно тариқасида, 2021 йил 1 февралдан бошлаб илмий-техник дастурлар доирасида шоли селекцияси, етиштириш агротехникаси ва уруғчилик тизимини ривожлантириш билан боғлиқ 5 йилгача мақсадли лойиҳалар танловини эълон қилсин. Бунда, селекция йўналишида амалга ошириладиган фундаментал ва амалий лойиҳалар аввал бажарилган лойиҳаларнинг мантиқий давоми эканлиги инобатга олинсин ва узлуксиз давом эттирилиши таъминлансин.

4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев) ва Фанлар академияси (Б.С.Юлдашев) билан биргаликда:

минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос шолини алмашлаб экиш дастурини тузиш ва экин майдонларининг ҳисобини олиб бориш ҳамда Уруғчилик хўжаликларида навбатлаб экиш тизимини йўлга қўйсин. Бунда, бир далада 2 йилдан ортиқ шоли етиштирилишига йўл қўймаслик бўйича илмий асосланган алмашлаб экиш тизими жорий қилинади;

Хоразм вилоятининг тупроқ-иқлим шароитларини ўрганиб, хориждан шолининг юқори ҳосилли навлари уруғларини олиб келиш ҳамда уларни маҳаллий шароитда кўпайтириш бўйича тажриба-синов лойиҳаларини амалга оширсин. Бунда, ушбу амалиёт тажриба-синов натижаларига кўра республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ этиш чоралари кўрилади.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг шоли етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг қўллаш мақсадида:

2021 йилда жами шоли майдонларининг камида 20 фоизида кўчатлаб экиш, камида 50 фоизида лазер ускунаси ёрдамида ер текислаш тизимини жорий этиш, камида 30 фоизида шолини замонавий уруғ сеялкалари орқали экиш;

2022 йилда жами шоли майдонларининг камида 40 фоизида кўчатлаб экиш, камида 70 фоизида лазер ускунаси ёрдамида ер текислаш тизимини жорий этиш, камида 50 фоизида шолини замонавий уруғ сеялкалари орқали экиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда мазкур таклифларни тўлиқ жорий этиш ҳамда 2023 йилдан бошлаб янада кенгайтириш чораларини кўрсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (Қ.Р.Сариев), Хоразм вилояти ҳокимлиги (Ф.У.Эрманов) Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю.Абдурахмонов), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) ҳамда Фанлар Академияси (Б.С.Юлдашев) билан биргаликда 2021 йил шоли экиш мавсуми давомида, эксперимент тариқасида, тегишли ҳудудларда:

500 гектардан майдонда зовур сувларидан фойдаланган ҳолда шоли етиштиришни;

50 гектардан майдонда анъанавий суғориш усулини қўллаган ҳолда, аммо тунда сув бермаслик усулида шоли етиштиришни;

20 гектардан майдонда ёмғирлатиб суғориш усулида ҳамда 20 гектардан майдонда тупроқости томчилатиб суғориш усулида шоли етиштиришни йўлга қўйсин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эксперимент натижалари бўйича батафсил ҳисоботни ҳамда 2022 йилда мазкур экиш ва суғориш технологияларини кенг қўллаш бўйича чора-тадбирлар дастурини 2021 йил 1 декабрга қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Белгилансинки, 2021 йил 31 декабрга қадар шоли етиштиришда шолини замонавий уруғ сеялкалари ҳамда кўчатлаб экиш ускуналарини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларга сотиб олинган уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг 20 фоизигача Давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) билан биргаликда бир ой муддатда мазкур бандга мувофиқ ускуналар қийматининг бир қисмини қоплаш тартибини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Шоли етиштириш ва қайта ишлаш мақсадида, хориждан олиб келинадиган шоли нав ва дурагай уруғликлари, лаборатория жиҳоз ва ускуналари, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларидон қуритиш ускуналари ҳамда бутловчи қисмлари 2023 йил 1 январга қадар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга мувофиқ божхона божидан озод қилинсин.

9.Қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йил ҳосили учун шоли етиштириш прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги илмий муассасаларда 2021 йил ҳосили учун шоли навларини жойлаштириш ва суперэлита уруғлик шоли етиштириш ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистонда шоличиликни ривожлантириш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда мазкур прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини ҳамда Дастурнинг ижросини таъминласин.

10. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Х.Тошқулов) билан биргаликда:

бир ой муддатда Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида шоличилик йўналишида қабул квотасини ошириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

2021 йил 1 июнга қадар Қорақалпоғистон Республикасида Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалини ҳамда Вьетнам аграр университети билан биргаликда шоличилик йўналишида қўшма факультет ташкил қилиш чораларини кўрсин;

икки ой муддатда дунёнинг шоличиликка ихтисослашган марказларида (Япония, Хитой, Россия, Жанубий Корея, Филиппин ва бошқалар) ёш кадрлар ва мутахассисларнинг хорижий грантлар асосида малакасини оширишга юбориш бўйича чораларни белгиласин.

11.Мазкур қарорда назарда тутилган кўрсаткичларга ўз вақтида эришиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, бу борада самарали назорат тизимини ўрнатиш мақсадида:

а) Бош прокуратура (Ш.Ж.Рахимов), Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (Д.Ф.Рахимов):

мазкур қарорнинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ ер майдонларида шоли экилиши, унинг уруғ, кўчат, минерал ўғит ҳамда сув билан таъминлаш тадбирларини ўз вақтида амалга оширилишини жойига чиққан ҳолда ўрганиб борсин;

мазкур қарорнинг 5-бандида назарда тутилган шоли майдонларида кўчатлаб экиш, лазер ускунаси ёрдамида ер текислаш ҳамда шолини замонавий уруғ сеялкалари орқали экиш тизимларини жорий қилиниши устидан доимий назорат ўрнатсин;

республика ҳудудларида рўйхатга олинмаган шоли етиштириш ҳолатларини аниқлаб, уларни қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштириш чораларини кўрсин;

мазкур қарор талабларига қатъий риоя этилишини ҳамда уни бузган айбдорларга нисбатан қонун доирасида тегишли чоралар кўрилишини таъминласин;

амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ой якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.

б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (М.И.Рўзметов), Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (Ф.К.Умаров), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Қ.А.Юлдашев) учувчисиз учиш қурилмалари ёрдамида мазкур қарорга мувофиқ шоли экинларини жойлаштириш, навбатлаб экишни ташкил этиш, шунингдек, ноқонуний шоли майдонларини аниқлашга кўмаклашсин;

в) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (А.Д.Вахабов), Ички ишлар вазирлиги (С.А.Нишанбаев), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев) ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев) мазкур бандда назарда тутилган тадбирларни амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашсин;

г) Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев:

икки ҳафта муддатда мазкур қарор доирасида 2021 йил ҳосили учун шоли етиштириш прогноз кўрсаткичларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари кесимида манзилли рўйхатни тасдиқласин;

республика ҳудудларида, мазкур қарор талаблари бўйича шоли етиштиришни кўпайтириш ҳамда уруғ, минерал ўғит, сув ва бошқа ресурсларни тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш чораларини кўрсин.

12.Хоразм вилоят ҳокимлиги (Ф.У.Эрманов) 2021 йил 1 июлга қадар:

Шоличилик илмий-тадқиқот институти Хоразм филиалига Гурлан тумани Чинобод ММТП ҳудудидаги бўш ер майдонида маъмурий лаборатория биносини қуриш ҳамда зарур бўладиган қишлоқ хўжалиги техникалари, лаборатория ускуналари билан таъминлаш маҳаллий бюджет даромадлари режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан амалга оширилиши чораларини кўрсин;

Гурлан туманидан 200 гектар суғориладиган ер майдонлари ажратилишини таъминласин.

13.Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А.Ходжаев):

а) Шоличилик илмий-тадқиқот институтининг ҳисоб-китобларига асосан шоли уруғлигини саралаш учун замонавий кичик ҳажмдаги саралаш ва қадоқлаш цехларини ташкил этиш, лаборатория жиҳозлари, қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатлари билан таъминлаш учун Жаҳон банкининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида жалб этилган маблағларидан ажратилишини таъминласин;

б) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

суперэлита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик шоли етиштириш учун Уруғчилик хўжаликларини танлаш тартибини;

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

14. Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот киритиб борилсин.

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 2 февраль