Ўрмон фонди ерлари аукцион орқали ижарага берилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ўрмон фонди участкаларини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.

Ўрмон фондининг фойдаланилаётган ёки фойдаланилмаётган ерларини ижарага бериш ҳуқуқи аукцион орқали амалга оширилади. Бунда қўшимча киритилишича, ушбу ерлар жисмоний ва юридик шахсларга инвестиция шартномаси ёки ДХШ асосида 3 йилдан кам бўлмаган ва 49 йилдан ошмайдиган муддатга ижарага берилиши мумкин.

Энди ўрмон фонди ерларининг ижара шартномалари қабул қилинган намунавий шартномага мувофиқ тузилади.

Ижара тўловининг ставкаси ўрмон фонди участкасининг 1 гектари учун 10 базавий ҳисоблаш миқдорини ташкил этади (илгари – энг кам ставка 20 базавий ҳисоблаш миқдорини ташкил этган).

Ижара тўловидан тушадиган маблағларнинг алоҳида ҳисоби юритилади ҳамда улар ўрмонзорлар барпо этиш тадбирларига йўналтирилади.

Қарор 29.09.2020 йилдаги «Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ қабул қилинган.