Қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик модификацияланган навлари миллий базаси шакллантирилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик модификацияланган навларининг миллий базасини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорликни таъминлашнинг усулларидан бири – генетик модификациялашган навлардан фойдаланиш ҳисобланади.

“Лекин республикага олиб кириладиган ёки экспортга чиқадиган генетик модификацияланган уруғларнинг инсон саломатлигига таъсирини баҳолаш генетик модификациялашган навларнинг ягона миллий базасини яратишни тақозо этади. Ушбу қарор билан қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик-модификацияланган навларининг миллий базасини тартибга солиш ва бошқариш тўғрисида тартиб ишлаб чиқилмоқда”, – дейилади ҳужжатда.

Билдирилишича, лойиҳа масъул ижрочиларнинг ўз маблағлари, халқаро грантлар, ҳомийлар ва халқаро ташкилотлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Қарор лойиҳаси қабул қилиниши орқали:

биринчидан, қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик-модификацияланган навларининг миллий базасини тартибга солиш ва бошқариш тўғрисидаги низом тасдиқланган ҳолда, электрон ҳужжатлаштирилган, ихтисослаштирилган ва автоматлаштирилган ахборот тизимини ўзида акс эттирган қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик-модификацияланган навлари миллий базаси яратилади;

иккинчидан, замонавий биотехнология ва унинг ёрдами билан олинган генетик модификацияланган организмлар маҳсулотларидан фойдаланиш, сифатсиз ва саломатлик учун зарарли уруғлар олиб кирилишининг олди олинади ҳамда уларни қайта ишлаш натижалари хавфсизлигини таъминлашга имкон беради;

учинчидан, замонавий биотехнологик маҳсулотлардан фойдаланишнинг потенциал таҳдиди ва тадбиркорлар сифатсиз маҳсулот харид қилишининг олди олинади.

Ҳужжат билан ушбу ҳавола орқали батафсил танишиб чиқиш мумкин.

Манба: kun.uz