Қувада бўрдоқи қўйлар боқишда янгиликка қўл урилди

Фарғона вилоятида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик йўналишларида 127 та лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, бунга 262 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ сарф этилмоқда.
Хусусан, қўйчиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада ўттиздан ортиқ шу тармоқдаги фермер хўжаликларининг тажрибаси катта аҳамиятга эга.
Қува туманидаги “Қувончбек Зоҳиджон” фермер хўжалигида уч сотих жойда инновацион усулда 400 бош бўрдоқи қўйларни боқиш йўлга қўйилди. Самарали лойиҳа катта яйловлар талаб қилмайди, қўйлар тез етилади, маҳсулдорлиги юқори бўлади. Энг муҳими, гўшт таннархи арзонлашади. Битта ҳисори бўрдоқи қўйни боқиш учун 120 кун кифоя бўлади.
Озуқа тайёрлашда асосан иккиламчи хом ашёлар қўл келади. Булар супурги уруғи, анор данаги, макка мардаги, сомон, ловия пояси сингари 7 турдаги озуқа экинлар майда аралашмалари ҳисобига яратилади.
Масалан, бир боғ маккажўхори поясининг ўрта ҳисобдаги бозор баҳоси 3 минг сўм. Бу ўт бир бош қўйни 3 соатгача тўйдириб туришга етади. Кейин яна озуқа талаб этилади. Демак, бир бош қўйни анъанавий йўл билан боқишнинг бир кунлик озуқаси ўрта ҳисобда 9-10 минг сўмга тушади. Янги усулда ем тайёрланса, унинг бир килограмми 1500 сўмга тўғри келмоқда. Битта қўйнинг бир кунлик озуқа сарфи 4500-5000 минг сўмни ташкил қилади. Бу қўйларни 7 соатгача тўйимли озуқа билан таъминлаш имкониятини беряпти.
— Ҳар бир бош бўрдоқи қўйга кунига 5 минг сўмдан омихта ем сарфлайман, — дейди фермер Зоҳиджон Ҳакимов. — Қўйларни 100-120 кун боқиб сотувга чиқарамиз. Ҳар юз бош ҳисобидан ўрта ҳисобда 15 миллион сўмдан соф даромад оламиз. Аҳолига қўй боқишнинг камхарж, лекин фойдали усулларини ўргатишимиз керак. Ҳар бир туманда инновацион қўй боқиш анъаналари оммалаштирилса, қўй боқиб бой бўлиш истагидаги ёшлар малакаси оширилса, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга чорва беришдан аввал парваришнинг тежамкор йўллари, дори-дармон, витаминлар ҳақида тавсиялар бериб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу катта ва майда шохли чорва моллари бош сонини кўпайтириш, маҳсулдорлигини оширишнинг муҳим омилларидан.
Фермер хўжалигида бўрдоқи қўйларни парваришлаш учун қилинган жойлар эътиборни тортади. Қўйхоналар ердан 20 сантиметр атрофида кўтарилиб пол қилинган. Тахталар 2,5 сантиметр оралиқда жойлашган. Бу ҳосил бўлган чиқиндиларни қийинчиликларсиз тозалаш, уларни қуруқ ҳолда сақлаш имкониятини беради. Усти ёпилган ва шамол айланиб туришга мослашган 4 та айвоннинг ҳар бири юз бош қўйни парваришлашга мосланган. Ўтган йилнинг ўзида аҳоли эҳтиёжи учун икки минг бош бўрдоқи етказиб берилди.
Ташаббускор фермер лойиҳаси туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланиб, унга қир бағридан 9 гектар ер майдони ажратиб берилди. Бу ерда ишчилар учун қўрғон, қўйхона ва омихта ем тайёрлаш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилди. Қолган экин майдонларида янги узумзорлар ташкил этишга киришилди. Бунда фермер хўжалигидаги маҳаллий ўғитдан самарали фойдаланилади. Экин майдонлари бир яримга бир метр чуқурликда ковланиб, унга тупроқ ва маҳаллий ўғит аралашмалари солингач, юзаси сомон билан қопланиб, томчилатиб суғориш технологиялари ўрнатилади. Мутахассислар эътирофига кўра, сомон экинлар тагидаги намликни узоқ сақлаш ва кам сув сарф қилган ҳолда катта даромад олишда қўл келади.
Дастлаб уй шароитида икки бош бурдоқи қўй боқишдан иш бошлаган Зоҳиджоннинг қўй-қўзилари минг бошга етди. Бурдоқидан саралаб олинган қўй-қўзилар Тошкент вилоятидаги Бурчмулла ўрмон хўжалиги яйловларида боқилмоқда. Коронавирус пандемияси даврида хўжалик ташаббуси билан кам таъминлаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар тез-тез йўқлаб турилибди. “Найман” маҳалла фуқаролар йиғинида гўшт, озиқ-овқат дўконлари фаолиятини йўлга қўйди, ўндан ортиқ янги иш ўринлари яратди.

 

М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!