Хушхабар: Фарғонада учта туман пахта режасини бажарди

Фарғона вилоятининг Риштон, Бувайда ва Учкўприк тумани биринчилардан бўлиб, пахта топшириш шартномавий режасини бажарди.
Риштонлик пахтакорлар 16 минг 700 тонна хирмон яратиб, ўз олдига қўйган режани ёруғ юз билан бажарди. Вилоятда илк бор кластер ташкил этган “Rus-Oʻzbek teks” масъулияти чекланган жамияти ўтган уч йилда пахтачиликда катта тажриба тўплади. Бу йилги мўл ҳосил ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.
Эрта баҳордан 5 минг 950 гектар майдонга “Наманган – 77” ва “С-8290” навли чигит қадалиб, барча агротехник тадбирлар сифатли олиб борилди.
Пахта йиғим-терими мавсумига ҳам пухта тайёргарлик кўрилди. Меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида теримга жалб қилинганлар учун барча шароитлар яратилди. Теримчиларнинг ижтимоий муҳофазаси, уларга муносиб меҳнат шароитини яратиш масалаларига катта эътибор қаратилди.
Туман бўйича 98 та терим отрядларига бирлашган фермер хўжалиги аъзолари, уюшмаган аҳолидан иборат 10 минг нафар теримчиларнинг астойдил қилган меҳнати бугун ўз натижасини кўрсатди.
Улкан хирмонни яратишда 150 дан ортиқ пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларининг ҳиссаси катта бўлди. Айниқса, “Одилов Салоҳиддин боғи”, “Одилмирзо файзли ери”, “Заринабону ерлари”, “Ҳасан-Ҳусан ҳосилдор ери” каби фермер хўжаликларида гектарлар ҳосилдорлиги 40-45 центнерданни ташкил этди.
Бувайда туманида жорий йилда 5 минг 120 гектар майдонда агротехник талаблар асосида пахтанинг серҳосил, эртапишар навларини парваришланди. Тажрибали пахтакорлар 16 минг тоннадан ортиқ пахта топшириб, шартномавий режани уддалашди.
Учкўприк тумани эса 18 минг 300 тонна пахта хирмонини яратди.
Айни кунларда пахта терими мавсуми давом этмоқда.

 

М. Сулаймонов, ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!