Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро ҳамкорлик

Глобал пандемия шароитида дунё давлатлари қатори юртимиз олдида турган асосий масала — қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолчиларни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан талабларини қондириш асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Барчангизга маълумки, сайёрамизда давом этаётган COVID-19 пандемияси иқтисодиётнинг барча тармоқлари қаторида қишлоқ хўжалигида ҳам мавжуд ресурслар ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, унинг хавфсизлигини таъминлаш, соҳага илғор замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича илмий-назарий, илмий-услубий ҳамда илмий-амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.

Бугунги кунда бутун дунё олимлари, таҳлилчилари, сиёсатчилар, давлат арбоблари ва жамоатчилик вакиллари инсоният бошидан кечираётган коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, уни бартараф этиш йўллари хусусида қизғин муҳокамага киришган.

Халқаро валюта жамғармасининг 2020 йил учун эълон қилган янги прогнозларига кўра, базавий сценарий бўйича пандемия натижасида глобал иқтисодиёт бу йил 3 фоизга пасайиши кутилмоқда. Бу, жорий йилнинг январь ойида эълон қилинган прогноздан 6,3 фоиз пунктга пастдир. Агар вирус билан курашиш чўзилиб кетадиган бўлса, унда глобал иқтисод 6 фоизга пасайиши мумкинлиги эътироф этилмоқда.

Халқаро ташкилотларнинг экспертлари, нуфузли таҳлилчилари COVID-19 пандемияси туфайли жаҳон иқтисодиётида рецессия ҳолати юзага келиши муқаррарлигини ва ушбу таназзул дунё тарихида содир бўлган барча рецессияларнинг «онаси» сифатида намоён бўлишини таъкидлашмоқда.

Барчамизга аёнки, коронавирус пандемияси ҳукуматларни ўз чегараларини ёпишга мажбур қилди. Натижада дунё бўйлаб тадбиркорлик фаолияти ва ўзаро товарлар, хизматлар айирбошланишига жиддий путур етди. Ҳаракатлар чекланиши, етказиб бериш ва авиация саноатида узилишлар озиқ-овқат ишлаб чиқариш жараёнини, уларни халқаро кўламда ташишни қийинлаштирди. Бу эса, ўз навбатида, ишлаб чиқариш ва таъминот занжирининг бузилишига ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигига рахна сола бошлади.

Маълумки, бундай ҳолат келажакда озиқ-овқат муаммосини янада чуқурлаштиради. Ҳатто айрим давлатларда очарчиликнинг авж олиши оқибатида ижтимоий бўҳроннинг юзага келиш хавфи мавжуд. Шундай экан, ушбу балога қарши дунё олимлари, тажрибали экспертлар бирлашган ҳолда ҳаракат қилишлари лозим бўлади.

Ушбу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига мувофиқ, жорий йилнинг 20-22 октябрь кунлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Германиянинг IAMO (Ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш илмий тадқиқот институти) ҳамда АҚШнинг IFPRI (Халқаро озиқ-овқат сиёсати тадқиқотлари илмий тадқиқот институти) институтлари билан ҳамкорликда «Марказий Осиёда соғлом иқтисодий ўсишни таъминлаш учун қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ва ҳудудий ҳамкорлик» халқаро онлайн илмий-амалий конференция ташкил этилди. Университет ректори Қўнғиротбой Шарипов халқаро тадбирни очиб берар экан, барча нуфузли ташкилотлар вакиллари ва иштирокчиларга ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.

Уч кун давом этган конференция ишида Германия, Италия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Индонезия, Португалия, Россия ва МДҲ давлатларининг 30 дан ортиқ профессор-ўқитувчилари, эксперт мутахассислари тақдимот маърузалари билан иштирок этди. Онлайн платформа юртимиз ва хорижлик олимлар, сиёсатчи, ишбилармон доира вакиллари ҳамда фуқаролик жамиятлари учун озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳокамалар майдонига айланди.

Халқаро конференция COVID-19 пандемияси шароитида аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қулай агробизнес муҳитини шакллантириш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш омиллари, қишлоқ хўжалигида таълим  илм-фан  ишлаб чиқариш интеграцияси ва халқаро майдонда юз бераётган янги тенденциялар, қишлоқ хўжалигида рақамли технологиялар ва ишлаб чиқариш омилларидан самарали фойдаланиш йўллари каби бугунги куннинг долзарб масалаларига бағишлангани билан ҳам аҳамиятлидир. Унда хорижлик олимлар, халқаро ташкилотларнинг мутахассис-экспертлари ўзларининг амалий тажрибалари билан ўртоқлашди.

— Мазкур йирик тадбирда мамлакатим номидан сўзга чиқиш мен учун катта шараф, — деди Германия Федератив Республикаси Озиқ овқат ва Қишлоқ хўжалик вазирининг Халқаро алоқалар масалалари бўйича ўринбосари жаноб Фридрих Вокер. — Бугун қишлоқ хўжалиги нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки саноат корхоналарини қайта тикланувчи хом-ашё ресурслари билан таъминлашда муҳим манбага айланди. Шу боис, кўплаб давлатларда ушбу тармоққа бўлган муносабат ўзгариб бормоқда. «Инқироз даврида ақлли ва доно кўприк қуради, ахмоқ эса қарзга ботади», — деган нақл бежиз айтилмаган. Бозорни ҳимоя қилиш ва изоляция сиёсати инқироз даврида яхши ечим эмас.

“Биз халқларимизга сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эга бўлиш учун лозим бўлган барча неъматларни ярата олмаймиз. Шу сабабли, ҳар бир ҳудуднинг хусусияти ва имкониятларини инобатга олиб, озиқ-овқат таъминоти каналларини кенгайтиришимиз лозим. Шу билан бирга, озиқ-овқат таъминоти ҳудудларини диверсификациялаш ҳам халқаро савдонинг ривожланишида катта аҳамиятга эга. Пандемия даврида бу ўз исботини топганига гувоҳ бўлдик.

Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистонда бу йўналишда катта ишлар амалга оширилаётгани таҳсинга сазовор. Бу масалада илмий-тадқиқот ташкилотларининг ҳам ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Айниқса, соҳада кичик ва ўрта фермерчиликни ривожлантириш, иқлим ўзгариши шароитида инновацион ва янги ноанъанавий усуллар орқали барқарор қишлоқ хўжалигини ташкил этиш бўйича ҳудудларда тажриба ортиб бормоқда. Бугунги имкониятдан фойдаланган ҳолда, ушбу анжуманда иштирок этаётган тадқиқотчиларнинг муҳим фикр ва ғояларини олиб, Марказий Осиёни яхлит бир ҳудуд сифатида қарашимиз, ҳар бир давлат эҳтиёжига мос ечимлар топишга интилишимиз лозим”.

Конференция дастурига мувофиқ Америка Қўшма Штатларининг Халқаро озиқ-овқат сиёсати тадқиқотлари илмий тадқиқот институти (IFPRI) Бош директори Йохан Свиннен жаноблари ҳам сўзга чиқиб қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

“Бизнинг тадқиқотларимиз шуни кўрсатмоқдаки, агар ривожланаётган мамлакатларда мавжуд вазиятни ислоҳ этиш юзасидан давлатнинг аралашуви бўлмаганда, сайёрамизда қашшоқликка юз тутганлар сони қисқа фурсатда 150 миллион кишига кўпайиб кетар эди. Барчамизга маълумки, жаҳонда ҳукм сураётган пандемия шароитида энг асосий ҳаётий зарурат бўлмиш, озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб масалага айланди. Буни соғлиқни сақлаш тизими, иқтисодиёт ва озиқ-овқат инқирози деб баҳолаш лозим. Озиқ-овқат инқирози иқтисодий таназзул ва озиқ-овқат тизимининг бузилиши оқибатида юзага келади. COVID-19 пандемияси озиқ-овқат тизимидаги заифликларнинг нақадар улкан эканлигини кўрсатиб берди.

Ушбу балонинг таъсирида озиқ-овқат тизимида узилишлар вужудга келди, айниқса, озиқ-овқат тизимининг кўп меҳнат талаб қиладиган соҳаларида, хусусан мева ва сабзавотларни етиштириш, уларни истеъмолчиларги етказиб бериш занжирларида муаммолар юзага келди. Вирус инфекцияси туфайли таъминот занжирларининг парчаланиши ва турли хилдаги сиёсий чекловлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг ошишига, иккинчи томондан эса, ишлаб чиқаришнинг пасайишига олиб келди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, COVID-19 пандемияси натижасида юзага келган иқтисодий таназзул ва бузилишнинг умумий таъсири, айниқса камбағаллар учун зарарли ҳисобланади, камбағал қатлам даромадлари йўқолиши ёки пасайишига таъсир кўрсатади. Пандемия кўплаб мамлакатларда оғир иқтисодий турғунликни келтириб чиқаради. Aсосий бойлиги жисмоний меҳнат бўлган одамлар даромадсиз қолади ва ишдан айрилиш оқибатларидан энг кўп зарар кўришади.

Пандемия тадқиқот оламига ҳам таъсир кўрсатди. Бизнинг фаолиятимиз ҳам маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тадқиқотларни ўтказишнинг янгича, ностандарт усулларидан фойдаланишни талаб этмоқда. Ҳозир веб-сайтимизда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ 90 та озиқ-овқат хавфсизлиги ва унинг қашшоқликка таъсири бўйича 50 дан ортиқ блогимиз яратилди. Биз деярли 25 дан ортиқ виртуал тадбирларни уюштирдик ва август ойида пандемия билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар ҳақида кўплаб олим ва экспертларнинг таҳлилларини бирлаштирган электрон китобни нашрдан чиқардик. Буларнинг барчаси веб-сайтимизда ўз аксини топган. Бугунги конференция иштирокчиларига шуни маълум қилмоқчиманки, виртуал китобларнинг барчаси сайтимизда очиқ ҳолатда турибди, ундан бемалол фойдаланишларингиз мумкин.

Қадрли дўстлар, Марказий Осиё минтақасида бир нечта янги сиёсий ўзгаришлар амалга оширилди. Масалан, Ўзбекистон ҳукумати Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласини кўриб чиқмоқда. У ЖСТга аъзо бўлиш учун ариза берди ва 2030 йилгача қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат секторини ривожлантиришнинг янги ва улкан стратегиясини қабул қилди. Буларнинг барчаси, озиқ-овқат тизими минтақада ҳақиқатан ҳам ўзгариши учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади”.

Шунингдек, конференцияда Қишлоқ хўжалиги бўйича илмий тадқиқот институтлари консорциуми – CGIAR (Consortium of International Agricultural Research Centers) Бош директори ўринбосари Екатерина Кривонос хоним ҳам нутқ сўзлади. У ўз нутқида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

 Олдинги ишим доирасида бир неча маротаба Тошкентда бўлганман ва у ерда Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ва қишлоқ хўжалигини модернизациялаш бўйича таҳлиллар билан Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашда қатнашганман. Бугун биз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги хусусан озиқ-овқат, ер ва сув тизимидаги боғлиқ муаммолар ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадқиқотларни олиб бориш ва инновацияларни етказиб бериш усулларини қайта кўриб чиқиш нима учун кераклиги ҳақида гаплашамиз.

Бугунги кунда озиқ-овқат тизимидаги вазият қандай? Инсоният сўнгги ўн йилликлар ичида қашшоқлик ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида катта ютуқларга эришди. Aммо озиқ-овқат тизими глобал муаммоларни, хусусан, атроф-муҳитнинг ёмонлашуви, овқатланиш билан боғлиқ касалликлар, семириш ва соғлиқни сақлаш инқирозлари, ишчилар ва озиқ-овқат тизимлари учун кам маошлар белгилаш, хавфли иш жойлари кабиларни ҳал қила олмаяпти. Бизнинг атрофимиз, еримиз, сувимиз ва денгиз ҳаётимиз нотўғри бошқарилмоқда.

Бизда глобал исиш, ҳаддан зиёд қурғоқчилик, ўрмонларнинг йўқ қилиниши, тупроқнинг деградацияси, сувнинг ифлосланиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши содир бўлмоқда. Шу билан бирга, қашшоқлик, очлик ва тўйиб овқатланмаслик юқори даражада қолмоқда. Дунё аҳолисининг тўққиз фоизи, кунига 1 доллардан кам бўлган даромад билан яшамоқда. Дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми кунига 3 доллардан 20 долларгача кун кечирмоқда, бу эса икки миллиард одам соғлом овқатланмаётганини англатади.

Қашшоқлик қишлоқ жойларда шаҳарларга қараганда уч баравар юқори даражада. 2019 йилда деярли 690 миллион киши ёки дунё аҳолисининг 8-9 фоизи оч бўлган. Бу бир йил ичида 10 миллионга ошди. COVID-19 пандемиясининг иқтисодий таъсири натижасида, 2020 йил қашшоқлик 20 фоизга, яъни қўшимча 40 миллион кишига кўпайиши кутилмоқда. Пандемия туфайли 2020 йилда дунёдаги тўйиб овқатланмаганларнинг умумий сони 3 миллиондан 132 миллионгача кўпайиши хавотирли ҳолат. Бундан ташқари, тенгсизлик, тўйиб овқатланмаслик, қашшоқлик қишлоқ аҳолиси орасида давом этмоқда. Ер, озиқ-овқат ва сув тизимлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу муаммоларни хусусий, жамоат ва фуқаролик жамиятлари ўртасида мувофиқлаштирилган ҳаракатлар орқали ҳал қилиш керак ва бу ҳаракатлар далилларга асосланган бўлиши кераклиги таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга Германия Федератив Республикасида таниқли олим, Ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш илмий тадқиқот институти директори, профессор Томас Глаубеннинг ҳам чиқиши конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Олим ўз чиқишида қуйидагиларга алоҳида тўхталиб ўтди.

 Ҳозир озиқ-овқат хавфсизлиги, инклюзив ўсиш ёки табиий ресурсларни сақлаш каби барқарор ривожланиш мақсадларининг барқарорлигини илгари суриш ҳар қачонгидан ҳам қийиндир. Ушбу муаммолар Марказий Осиё каби ўтиш иқтисодиёти мамлакатларига таъсир қилиши табиийдир. Марказий Осиё мамлакатларида қишлоқ хўжалиги экинларидаги маҳсулдорликнинг пастлиги, озиқ-овқат занжирининг етарли даражада ривожланмаганлиги, самарасиз логистика тизимининг мавжудлиги, транзакцион харажатларнинг юқори бўлиши, савдодаги потенциал даромад ва озиқ-овқат занжири иштирокчиларининг бозорга киришини чеклайди.

Шундай қилиб, озиқ-овқат иқтисодиётининг мослашувчанлиги ва барқарорлигини ошириш учун илғор стратегиялар талаб қилинади. Шу нуқтаи назардан, инновациялар хусусан, рақамли янгиликлар ушбу муаммоларни ҳал қилишнинг муҳим воситаси бўлиши лозим.

Илм-фан ва таълим соҳасидаги тадқиқотлардан фойдаланиш учун эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда ечимлар топиш учун илм-фанни бизнесга ўтказиш учун ҳаракат қилиш лозим. Шундай қилиб, шериклик ва кўп манфаатли диалоглар барқарор озиқ-овқат секторини ривожлантиришга ёрдам бериши мумкинлигини қайд этди.

Конференция давомида илғор хорижий тажрибаларни Ўзбекистон мисолида амалиётга татбиқ этиш бўйича илмий-назарий, илмий-услубий ва илмий-амалий тавсиялар, Олий таълим  илм-фан  ишлаб чиқариш интеграциясидан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини қишлоқ хўжалиги товар ва хизматларига бўлган эҳтиёжини мунтазам қондириб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

«Халқ сўзи» xs.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!