1 сотих ердан бир йилда 30 миллион сўм қўшимча даромад олиш мумкин

Андижон вилоятининг Андижон ва Асака туманларида томорқадан фойдаланишнинг ҳадисини олганлар истиқомат қиладилар. Улар мўъжазгина ҳовлисидаги ҳар бир қарич еридан бир йилда тўрт марта ҳосил олмаса, ҳисобмас. Қолаверса, даромад топишнинг ҳали синалмаган усулларини қўллаб кўриш уларнинг одатий холига айланган. Ана шулардан бири Мансурбек Болтабоев Андижон туманидаги Интилиш МФЙга қарашли «Нуфузли» кўчасида истиқомат қилади. Бир неча йиллар давомида Корея давлатида меҳнат қилди. У жойдан бошқалар қатори бир дунё мол-мулк олиб келмади – топгани тажриба бўлди!

— Япония, Корея давлатларида қулупнай етиштириш анча ривожланган,-дейди Мансурбек. — Менинг эътиборимни тортгани уларда эрта баҳорда бозорга янги пишган мева олиб чиқилади. Билсам, иссиқхонада қулупнай етиштириш ривожланган экан. Бўш вақтларимда иссиқхона эгаларининг тажрибасини ўргандим.

Ҳовлисидаги бир сотих майдонда қад ростлаган иссиқхонада авваллари гул етиштирилар эди. Уларни ўрнидан қўзғатмаган ҳолда юқори қисмига икки қатор ариқлар ўрнатилди. Унга экилган қулупнайни томчилатиб суғориш орқали парваришлай бошлади. Шунга ҳам уч йил бўлибди. Ўтган йили даромад чакки бўлмади. 130 кг. ҳосил йиғилди. Илк меваларни 230 минг сўмдан харид қилишди. Энг ками 70 минг сўмдан сотилди. Ҳисоб-китобларга қараганда, агротехник тадбирларга қатъий риоя қилинса бу усулда етиштирилган қулупнай орқали бир сотих ердан 30 миллион сўм фойда олиш мумкин.

— Ҳовлимиздан яна бир сотих майдонни қулупнай учун ҳозирлаяпмиз,-дея суҳбатда давом этади Мансурбек. — Ўз кучим ва имкониятимни ҳисоблаб кўрсам 20 сотихгача бўлган майдонда деҳқончилик қилишим мумкин экан. Бунинг учун маҳаллий ҳокимлик ер майдони ажратишга ёрдам берса амалга оширган ишларим орқали мамлакат иқтисодиётини юксалтиришга ҳам ҳисса қўшган бўлардим.

Ҳа, халқимиз бекорга: «Қимирлаган қир ошар»,-деб айтмаган. Пандемия шароитида айрим юртдошларимиз даромадсиз қолганлигини рўкач қилиб, ёрдам сўраётган бир пайтда ўзидан ортиниб ўзгаларга ошинаётган юртдошларимизнинг борлиги ҳар биримиз учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтамоғи керак.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи» xs.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!