Зойир МИРЗАЕВ: Қатор орасига экин экилмаган боғ ва токзорлар аҳолига 1 гектардан тақсимлаб берилади

Қашқадарё вилояти ҳокими Китоб туманида бўлиб, туманда янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи, сувли экин майдонлари, боғ ва токзорлар, аҳоли томорқаларидан қай даражада самарали фойдаланилаётгани, инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишди.

Жумладан, Пахтаобод маҳалла фуқаролар йиғинидаги собиқ эндокринология шифохонаси биноси бир неча йилдан буён ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Мазкур объектни тадбиркорлик субъектига бериб бирор турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин бўлса-да, бу масалага етарли даражада эътибор қаратилмаяпти. Шу маҳалла ҳудудида жойлашган “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Қашқадарё ҳудудий бошқармасига қарашли 14,4 гектарлик, шунингдек, Бештерак МФЙ ҳудудида жойлашган “Ўзбекистон почтаси” ОАЖга қарашли 5,2 гектарлик, “Қашқадарё телеком” вилоят филиалига қарашли 5,4 гектарлик боғлардаги дарахтлар касалланган, қариган. Мева бермайди. Устига-устак қатор ораларига ҳеч нарса экилмаган. Аксарият қисмини ёввойи ўт босиб етибди. Қолган қисмига эса чорва учун деб, аслида эса меҳнатдан қочиб беда экишган. Ваҳоланки, беданинг ўрнига сабзавот ёки полиз экинлари экиб, 5-10 ҳисса кўпроқ даромад олиш, аҳолига керак бўладиган маҳсулотларни етиштириш мумкин эди. Боз устига бу ерлардан самарали фойдаланиш орқали камида 100-150 киши ишли бўларди.

photo_2020-05-05_20-28-20.jpg

Вилоят ҳокими жойлардаги ҳақиқий аҳволни кўздан кечиргач, туман ҳокимлигида маҳаллий Кенгаш депутатлари, тадбиркорлар, туман ташкилотлари раҳбарлари, аҳоли вакиллари билан мулоқотда бўлди.

Мулоқот чоғида вилоят ва туман ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Аҳоли вакилларининг мурожаатлари тингланди. Мулкчилик шаклидан қатъий назар самарасиз боғлар деҳқончилик илмидан бохабар, меҳнат қилиб, даромад топаман, дейдиган кишиларга 1 гектардан бўлиб бериладиган бўлди. Чунки бирор кишига, корхона ёки ташкилотга боғ яратиш учун ер бериш бу ердан умуман фойдаланмасдан, уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш мумкин дегани эмас. Ер давлатнинг, демакки, халқнинг мулки. Уни исроф қилиш – ерга, халққа хиёнатдир.

photo_2020-05-05_20-28-17.jpg

Мулоқотда ҳаётга татбиқ этилиши кечикаётган бир нечта истиқболли лойиҳалар, бўш турган давлат мулки объектлари ва ер майдонларини хусусийлаштириш ва уларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан боғлиқ муаммолар муҳокама этилди. Жараёнда айрим ташкилот ва тижорат банклари мутасаддилари томонидан лойиҳаларни ҳужжатлаштириш ва молиялаштириш пайсалга солинаётгани аниқланиб, уларга нисбатан вазифасидан озод этишгача интизомий жазо чоралари кўриладиган бўлди.

Йиғилишда мавжуд муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, боғ ва токзорлар ораларидан самарали фойдаланиш, янги лойиҳаларни тезроқ ишга тушириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Ў.БАРОТОВ, ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!