Россия Федерациясига экспорт бўлган қуритилган ўрик маҳсулоти учун Ўзбекистонга тақиқ қўйилмайди

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Россельхознадзор расмий веб сайтида Ўзбекистондан Россия Федерациясига экспортга жўнатилган қуритилган ўрик маҳсулотида “Капр қўнғизи” аниқлангани ҳақида мақола чоп этилди. Қайд этилишича, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидан юкланган 1тонна қуритилган ўрик маҳсулотида карантин объекти ҳисобланган  2 та “капр қўнғизи” личинкаси топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбарияти Россельхознадзор карантин хизмати раҳбарияти билан тезкор равишда онлайн музокаралар олиб борди.

Россия томонидан юборилган фотосуратлар Марказий карантин лабораторияси ходимлари иштирокида текширилиб, қўрсатилган мазкур карантин объекти айнан “Капр қўнғизи” эмас, балки Ўрта Осиё ва Россия Федерациясида тарқалган “Trogoderma” оиласига мансуб бошқа қўнғиз эканлиги тахмин қилинмоқда.

Онлайн музокаралар давомида Россия Федерацияси томонидан қуритилган ўрик маҳсулоти учун тақиқ қўйилмасликка келишилиб, фақатгина маҳсулот юкланган экспортер корхонага нисбатан фитосанитар чоралар кўрилиши ҳақида аҳдлашувга эришилди.

Тезкор олинган маълумотга кўра, ушбу тадбиркор Россия Федерациясидан қуритилган ўрик маҳсулотининг эски ҳосилини юклаш бўйича буюртма олган. Экспорт сиғимини тўлдириш мақсадида ҳудуддаги деҳқон бозорларидан эски ҳосилларнинг қолдиқларини турли жойлардан тўплаб, махсулот йигган.

“Ўздавкарантин” инспекцияси мазкур ҳолатдан сўнг шуни эълон қиладики, Ўзбекистон Республикасидан хорижга юкланадиган барча турдаги қуритилган маҳсулотлар тўлиқ фумигация қилиниши, маҳсулот фитосанитар тозалигини қатъий назоратдан ўтказиб, фитосанитар сертификати расмийлаштирилиб берилгандагина экспортга чиқарилади.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Республиканинг барча ҳудудларида омборхоналар ва биноларда, шу жумладан қуритилган маҳсулотлар сақланадиган корхона сиғимларида қайта текширув тадбирлари амалга оширилиб, зарарсизлантириш фитосанитар чоралари олиб борилмоқда.

Ҳурматли тадбиркор, фермер ҳамда деҳқонлар, маҳсулот  етиштирилувчи дала, боғ, иссиқхона, қадоқлаш цехларида ҳосилга зарар етказувчи касаллик аломатларини кўрганингизда, “Ўздавкарантин” инспекциясининг ишонч рақамига мурожаат этишингиз сўралади!                     Тел:  +998 71 202 10 00

“Ўздавкарантин” инспекцияси Ахборот хизмати. karantin.uz