Наманганлик боғбонлар 20 миллион долларга яқин гилосни экспортга чиқаришни мақсад қилган

Бугун сахий замин боғларида гилос пишиб етилди. Қуёш нуридан ранг ва таъм олган бу меванинг асосий қисми Тўрақўрғон қишлоқларида парваришланиши эътиборга олиниб, унинг экспортини мувофиқлаштириш бўйича вилоят штаби ушбу туманга жойлаштирилган. Айни кунларда халқаро бозорда талаб юқори бўлган Наманган гилосларини ташқи бозорга чиқариш бошлаб юборилди.

Айтиш лозимки, 2020 йил давомида Наманган вилоятидан Россия, Хитой, Туркия, Германия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа ўнлаб давлатларга жами 450 миллион доллардан ортиқ қийматдаги маҳсулотлар экспорт қилиниши режалаштирилган бўлиб, ташқи савдо амалиётлари коронавирус пандемияси кунларида ҳам асло тўхтаб қолгани йўқ. Эътиборли жиҳати, вилоят экспортининг 200 миллион АҚШ долларидан кўпроқ қисми мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларига тўғри келади. Биргина гилоснинг ўзидан май-июнь ойларида 17,8 миллион долларлик мевани халқаро ҳамкорларга юбориш бўйича келишувлар мавжуд.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
“Халқ сўзи”