Бодринг экспорти ўтган йилга нисбатан 2,5 миллион долларга ошган

Шу кунларда қайси бозорга кирманг, ҳаммасида помидор ва бодрингларнинг бозори чаққон. Ҳар қадамда турли навдаги қизариб пишган помидор ҳамда барра бодринглар кўзингизни яшнатади. Бу полиз маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган бозорчиларнинг эса қўли-қўлига тегмайди. Сабаби, барча уй бекалари қиш ғамида консерва маҳсулотлари тайёрлаш учун килолаб бодринг ва помидор сотиб олишяпти. Ёз айрони – қиш қатиғи, деганларидек, бугун айни пишиқчилик мавсумида бонкаларга жойланган полиз ва сабзавот маҳсулотлари қиш кунларида дастурхонларимизни тўлдириб, иштаҳамизни очиб, ҳаммани хурсанд қилади.

Миришкор деҳқонларимиз томонидан етиштирилаётган бодринг, помидорлар нафақат юртимиз бозорларида харидоргир, балки хорижий давлатларга ҳам катта миқдорда экспорт қилинаётгани билан ажралиб туради. Иссиқ қуёш тафтию серунум тупроғимизнинг кучи билан, табиий ҳолда етиштирилаётган бу маҳсулотлар ўз таъми ва хушхўрлиги билан хорижда ҳам харидоргир ҳисобланади. Қолаверса, юртимизда деҳқон ва фермер хўжаликларини, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уруғчилик соҳасини ривожлантириш борасида кўрилаётган чоралар натижасида помидор ва бодрингларнинг янгидан-янги, серҳосил, экспортбоп навлари яратилаётгани ушбу маҳсулотларнинг мамлакат экспорт салоҳиятидаги ҳиссасини оширишда айни муддао бўлаётир.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2021 йилнинг январь-июнь ойлари давомида қиймати 50,2 миллион долларга тенг бўлган 69 минг тонна помидор, 8 миллион долларга тенг бўлган 8,3 минг тонна бодринг экспорт қилган. Бодринг экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганда 2,5 миллион долларга ошган.

Мазкур даврда помидор экспортида Россия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Беларусь, АҚШ, Афғонистон, Украина, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, бодринг экспортида эса Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Чехия давлатлари асосий ўринда туради.

Эътироф этиш жоизки, юртимизда етиштирилаётган ҳар бир маҳсулот табиийлиги, таъмининг ўзига хослиги ҳамда фойдали элементларга бойлиги билан харидоргир ва хушхўр ҳисобланади.

Муҳтарама Комилова, uza.uz