Ветеринарлар ижтимоий тармоқ “юлдузи”ни қутқариб қолди

Сардоба суви босган уй томида турган сигирни эсласангиз керак?
Қайсидир маънода ижтимоий тармоқларни “портлатган” ўша сигир ветеринария хизмати ходимлари томонидан қутқарилди. Ҳозирда қорамолнинг саломатлиги назоратга олинган.
Мазкур фожиада аҳоли, уй-жой ва ижтимоий объектлар билан бирга чорва ҳайвонларига ҳам жиддий талафот етди. Сардоба туманидаги Қўрғонтепа, Дўстлик, Юртдош, Оқолтин туманидаги Шодлик, Аҳиллик, Саховат ва Мирзаобод туманидаги Мирзачўл, Ҳақиқат, Навбаҳор маҳаллаларида жами 33 минг 896 бош қорамол, 25 минг 317 бош қўй-эчки, 3861 бош от, 638 бош эшак, 4334 бош ит, 6 миллион 158 минг 728 бош парранда мавжуд эди. Офат натижасида нобуд бўлган 386 бош қорамол, 263 бош қўй-эчки, 53 бош эшак, 22 бош ит, 173 бош парранда ва қуён жасади йиғиб олиниб, дезвоситалар (хлор) билан зарарсизлантирилиб кўмилди.
veterinarlar_izhtimoiy_tarmo_yulduzi_ni_ut_arib_oldi.jpg
Таъкидлаш жоиз, нобуд бўлган ҳайвонларни зарарсизлантириб кўмиш мақсадида аҳоли билан келишилган ҳолда яшаш пунктларидан зарур узоқликда ҳандақлар қазилмоқда.
Маҳаллаларда сақлаб қолинган ҳамда шу кунгача қутқариб олинган жами 532 бош қорамол, 231 бош қўй-эчки ҳамда 10 бош бошқа турдаги ҳайвонлар ветеринария мутахассислари томонидан 14 кунлик назоратга олинган.
Дарвоқе, уй томида турган, ветеринария хизмати қутқариш гуруҳи томонидан қуруқликка олиб чиқилган сигир Мирзаобод тумани “Мирзачўл” МФЙда яшовчи Шароф Эркабоевга тегишли экан.
Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш давлат қўмитаси
Ахборот хизмати.
Дўстларингизга ҳам улашинг!