Ҳар бир килограмм пилла учун давлат томонидан қўшимча субсидия берилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида узумчилик ва пиллачилик соҳасида мавжуд муаммолар ва тармоқни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган селектор йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда ипакчилик, жун саноати ва коврак етиштириш борасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди.

Куни кеча Президентимизнинг ипакчилик, жун саноати ва коврак етиштириш тизимини такомиллаштириш бўйича янги қарори имзоланди. Энди пилла боқувчиларга уни сотишдан тушган пулдан ташқари, ҳар бир килограмм пилла учун давлат томонидан қўшимча 5 минг сўмдан субсидия берилади. Шунингдек, соҳадаги тадбиркорларнинг ташаббуси билан пиллани аҳолидан сотиб олиш нархи 10 фоизга оширилиб, 1 килограмм пилла нархи 25 минг сўмга етказилди.

Оддий қилиб айтганда, қишлоқда икки қути пилла боққан оила 1 килограмм пилла учун 30 минг сўм, бир ойда – 3, 4 миллион сўм даромад топади.

Бу қарордан энг асосий мақсад – қишлоқда бандликни таъминлаш орқали аҳоли даромадини оширишдан иборат.

Йиғилишда дастлаб Қўшработ, Қумқўрғон, Бойсун, Ғузор ва Деҳқонобод туманларида, кейин бошқа туманларда ҳам жун олинадиган қўй-эчкилар сонини кескин кўпайтириб, аҳолини жундан гилам, рўмол ва бошқа маҳсулотлар тўқиб даромад топишга ўргатиш лозимлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга йил якунига қадар Фарғона ва Наманганда 14 тадан, кейинги йилда Андижонда 11 та ипак мато ва гиламлар тўқиш учун ҳунармандчилик марказларини ташкил этиш, каврак етиштиришга илмий асосда ёндашиш, уни кўпайтириш, ҳосилдорлигини ошириш, қайта ишлаб, экспорт салоҳиятини ошириш вазифалари топширилди.

ЎзА