Асаларига шакар қайта ишлаш учун бериладими?

Асал харидорларининг энг кўп қизиқтирган саволи ҳам шу аслида. Биз доим бу саволга йўқ деб жавоб берамиз. Бу саволга тўлиқ жавоб бериш учун қўйидагиларни қайд этиш жоиздир. Кўпчиликни ўйлашича замонавий асаларичиликда шакар билан боқиш ва олинадиган асал шакардан бўлган ва асалариларни шакарсиз сақлаб бўлмайди. Бу тасаввур қисман тўғри.
      Қўйидаги ҳолатларда асаларилар шакар билан озиқлантирилади:
  1. Эрта баҳорда озиқлантириш – Эрта баҳор асалариларнинг энг шиддатли равишда ривожланаётган даври бўлиб уларниг нектар ва гул чангига бўлган талаби жуда юқори бўлади. Баҳорнинг салқин, ёмғирли келиши ёки ҳаво тез исиб кетиши оқибатида  табиатдан арилар оладиган нектар ва гул чанги камайиб кетади ва бу ўз ўзидан асаларилар ривожига таъсир қилади. Бу даврда асалариларни озуқа билан таъминлаш жуда муҳим. Озуқа сифатида биз ариларга ўтган йилдан қолган рамкали асал, асалли ёки шакарли шарбат берамиз. Эътибор қилган бўлсангиз шакарли озуқа асал олиш давридан анча олдин берилади ва озуқани тўлалигича асаларилар истемол қилади.
  2. Кузда озиқлантириш – Куз келиши билан асалариларни қишки даврга тайёрлаш учун ҳар бир уяда қиш давомида етарли бўладиган озуқанинг бўлиши шарт. Озуқа етарли бўлиши учун қўшимча шакарли шарбат бериш асаларичилик тажрибасида кенг қўлланиладиган ҳолатдир. Бу шакарли шарбатдан асаларилар бутун қиш давомида озуқаланишади.
  3. Асал олиш даврида шарбат билан боқиш – Асал олиш табиатдан келадиган табиий нектарга боғлиқ. Агар асалчилик билан шуғилланаётган шахс табиий нектарга бой ўсимликлар ўсадиган далаларни топиб асалариларини кучирмаса, ёки осон йўл билан асал олиш ниятида бўлса, ёки табиий сабабларга кўра ҳосилдорлик паст бўлса мана шу ҳолатларда асаларилар шакарли шарбат билан озиқлантирилади. Соҳта асалнинг энг кенг тарқалган тури шакарли шарбат билан озиқлантириб «шакарли асал» еғиш ҳам айни шу даврда мана шу йўл билан олинади. Бу асал шакарли шарбат ҳисобланмайди, чунки асаларилар шакарни ҳам ферментлайди, лекин бу асал ҳам ҳисобланмайди.

Манба: http://asal.uz/sugarfeeding