Вазифамиз картошканинг ҳосилдор навларини яратишдир

М у н о с а б а т 

Мамлакатимиз аҳолисига сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, картошкани етарли миқдорда етказиб бериш борасида амалга оширилаётган ишлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Маълумки, картошка инсон организми учун муҳим бўлган оқсил, крахмал, витаминлар ҳамда минерал тузлар ва турли элементлар манбаи ҳисобланади. Картошка туганаги таркибида Менделеев даврий жадвалидаги 26 та элемент борлиги аниқланган. Айни пайтда дунёнинг 160 дан ортиқ давлати, жумладан, Хитой, Россия, Ҳиндистон, АҚШ, Германия, Франция, Польша, Голландия ва Беларусда картошка катта майдонларда етиштирилади.

Президентимизнинг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Унга кўра, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти зиммасига бир қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришнинг илмий назарий асосларини такомиллаштириш, картошка уруғликларини тайёрлаш ва илғор агротехнологияларни қўллаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади. Истеъмол ва уруғлик картошканинг янги ҳамда серҳосил навлари коллекциясини яратиш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш белгиланган.

Эндиликда мамлакатимизнинг ихтисослашган тоғолди туманларда картошка етиштириш кўзда тутилмоқда. Истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришда илғор агротехнологияларни қўллаш, картошка плантацияларини ташкил этиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда маҳсулот етиштирувчиларга етказиш вазифалари юклатилмоқда.

Институтимизга юқоридаги вазифаларни хусусий ташаббускорлар иштирокида амалга ошириш ҳуқуқи берилди. “in vitro” лабораторияси фаолиятини йўлга қўйиладиган бўлди. Бунинг учун давлатимиз томонидан грант маблағлари жалб қилинади. Ушбу лабораториянинг аҳамияти, маҳаллий ёки хориждан келтирилган картошка навларининг вирусдан ҳоли уруғчилигини йўлга қўйишга эришишдир.

Деҳқонларимиз далаларга картошка туганаклари ҳосил бўлган уруғларни экади. Улар ҳар йили экилиши туфайли турли касаллик ва вируслар билан зарарланади, натижида ҳосилдорлиги 15-20 фоизгача камаяди. Шу сабабли олимларимиз “in vitro” лабораториясида ҳосилдор картошка навларининг тўқималаридан янги касалликка чидамли, маҳаллий шароитга мос уруғларни яратади. Келгусида бу борада олиб борадиган саъй-ҳаракатларимиз туфайли серҳосил картошка навлари яратиш, деҳқонларни сифатли уруғлик билан таъминлашга эришамиз.

Амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар аҳолини сифатли картошка билан узлуксиз таъминлаш имкониятини ошириш баробарида бу маҳсулотнинг мўл-кўл ва арзон бўлишига хизмат қилади.

Рустам НИЗОМОВ, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори, Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди
Манба: uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!